БАҲОВУДДИН НАҚШБАНД (1318-1389) – Ҳазрат Хожаи Бузург, Шохи Нақшбанд ва Бахоуддин Балогардон номлари билан маълум ва машҳур, нақшбандия таълимоти ва тариқатининг асосчиси.
Ҳазрат Б.Н. ҳаёти ва таълимоти XIV - XVI асрларда ёзилган манбалар – Салоҳиддин ибн Муборак ал–Бухорийнинг "Анис ут–толибин ва уддат ус–соликин" ("Толибларнинг дўсти ва солик – ҳақиқат изловчиларнинг жамғармаси"), Муҳаммад Бокир ибн Муҳаммад Алининг "Мақомоти хазрат хожа Нақшбанд", Муҳаммад Порсонинг "Рисолаи Қудсия", Яъқуб Чархийнинг "Рисолаи унсия", Шаҳобиддин бинти Амир Ҳамзанинг "Мақомоти Амир Кулол", Абдураҳмон Жомийнинг "Нафаҳот ул унс" ва Алишер Навоийнинг "Насойим ул муҳаббат" асарларида ёритилган.
Б.Н.га тарбия берган устозлари – Хожа Муҳаммад Бобойи Самосий, Халил Ота, Амир Кулол, Ориф Деггароний, Буусам Шайхлардир. У увайсий бўлиб Абдулхолиқ Ғиждувоний ва б. машойихлар руҳониятидан тарбия олган.
Б.Н. нақшбандия таълимоти асосчиси сифатида хожагон тариқатининг орифлик ақидалари мажмуъи–таълимотини акс эттирувчи 8 та "калимаи–қудсия"га қуйидагиларни қўшган: 1) Вуқуфи замони – инсон, замон қандай кечаётганлигидан огоҳ уларга умр, ҳаёт бир марта берилиши, хайрия ва эзгу ишлар қилишлари лозимлиги, умрнинг бирор дақиқаси бўлса ҳам бекорга ўтказмай касб–ҳунар ўрганишлари, фойдали ишлар билан шуғулланишлари, ҳар дақиқа–сониядаги амалларида ҳисоб беришлари, ғафлат ва лоқайдликда бўлмасликлари.
2) Вуқуфи адади – бутун борлиқ ягона илоҳий моҳиятга эга эканлигини англаб, бутун борлиқ унинг инъикоси бўлганлиги учун улар бир–бири билан боғлиқ, ҳар бири илоҳий ҳикмат билан яралганлигини англаш ва уларга муҳаббат билан қараш. 3) Вуқуфи қалби – инсон ўз қалбидан воқиф бўлиши, доимий уни поклаши зарурлиги. Зикри хафийни тасаввуфдаги зикрнинг асосий шаклларидан бири сифатида қарор топтирган. Табиатга, барча тирик жонзотлару ўсимликларга, ҳайвонлару инсонларга бирдек мутлақ эзгулик, меҳр–шафқат кўрсатишдек орифий талабни илк бор бани башарият ва Коинот, борлиқнинг умумий ва бирдан–бир фундаментал принципи даражасига кўтарган.
Б.Н.дан "Аврод" асари сақланган. Бу асарга XV асрда яшаган Али бин Аҳмад ал–Ғурий "Канз ал–ибод фи шарх ал–Аврод" номи билан шарҳ ёзган. Шунингдек, бу асарга Маъмун бин Аҳмад бин Иброҳим Турнавий, Муҳаммад бин Мустафо Ходимий ва Шайх Муҳаммад Амин Курди Ирбилийлар ҳам шарҳ ёзганлар. Б.Н.нинг маърифатга оид фикрларини жамлаб Муҳаммад Порсо "Рисолаи қудсия" асарини ёзган. Шу икки манба Баҳоуддин Нақшбанд дунёқарашини акс эттиради.
Б.Н. маърифатни кенг маънода тушунади. У руҳий камолотнинг асосий мақсадини маърифатли бўлишдир, деб билади. Маърифатни – ижмолий (қисқа) ва тафсилий (тўлиқ), деб иккига ажратади. Баҳоуддиндан сўрайдилар: «Сайру сулукдан мақсад нима?». У жавоб беради: – «То ижмолий маърифат тафсилийга айлансин», яъни солиқ хабарчидан қисқагина қабул қилинган нарсани тафсил йўли билан тўла таниб олсин.
Б.Н. ижмолий маърифат босқичида далилу ҳужжат воситаси билан, яъни ақлу тафаккур ила амал қилиш мумкинлигини айтади. Тафсилий маърифат мартабаси эса кашф ва аёнлик ила, яъни Тангри инояти орқали (яқин) ҳосил бўлади, дейди. У яна таъкидлайдики, илм ва ақлнинг йўли то фано соҳилигачадир, яъни бу моддий олам билан боғланган нарсаларни ўрганишда илм ва ақл кўмаклашади. Фано ҳолатига етиб йўқлик оламига киргандан кейин хайрат ва бенишонлик бошланади. Яъни, тафсилий билиш жараёнида далил ва исбот эмас, норационал билиш усуллари зарурлигини айтмоқчи бўлади. Бу жараённи Б.Н. шундай таърифлайди: «Таниш шухуддан вужудга келади. Шухуд вужуддан эмас, унга зиддир». Яъни, бу ирфоний жараёнда ақл эмас, руҳий билиш, қалб кўзи асосий ўринни эгаллайди. Бу «кўз» билан ғайб олами сирларини кўриб бўлади. Далилу бурхондан сўнг кашфу аён мартабасига ўтилишини таъкидлайди, у. Бу жараёнда ҳосил бўлган илмни эса шаку шубҳа бартараф бўлган ҳақиқий илм, деб таъриф беради.
Б.Н.нинг ирфоний таълимотида вужуд билан шухуд тушунчаси қарама–қарши туради. Ақл ва илм вужуд билан боғланган ва далил-ҳужжат босқичи, дейилса, шўҳуд кашфу аёнлик даражаси бўлиб руҳият билан боғлангандир. Б.Н. лодуний илм масаласига эътибор берган ва уни қуйидагича таърифлаган: «Ладуний илм шундай илмдурким, қурб аҳлига илоҳий таълим ва раббоний тафҳим ила маълум ва мафхум бўлади. Бу иш ақлнинг далили ва нақлнинг шоҳидисиз амалга ошади". Баҳоуддин маърифатли бўлиш жараёнида ҳалол луқма ва ҳушёрликка алоҳида эътибор бериб, ўзи факр йўлини ихтиёр этган.
Б.Н. Мухосибийнинг ўз–ўзини, нафсини назорат этиш, вақтни қадрлаш ғояларини, Жунайд Бағдодий асослаган хушёрлик йўлини, Ҳаким Термизийнинг валийлик таълимотини ривожлантирган. Бахоуддиннинг бесифатлик, бенишонлик ҳақидаги ва ризо мақомининг муроса фалсафасининг асоси эканлиги ҳақидаги ғоялари ҳам диққатга сазовордир.
Б.Н.лик таълимоти бунёдкорлик руҳи билан суғорилган. Зероки, бу таълимот "Даст ба кору, дил ба Ёр" шиорини ўзига қоида қилиб олган. Маънавиятимизни юксалтиришда нақшбандийликда илгари сурилган халоллик, меҳнатсеварлик, тўғрилик, софдиллик, ўзгаларга ёрдам бериш, сахийлик, имонли ва эътиқодли бўлиш, меҳр–шафқат каби хулқ–одоб қоидалари катта аҳамиятга эга.
Do'stlaringiz bilan baham: |