АБУЛ ВАЛИД МУҲАММАД ИБН АҲМАД ИБН РУШД (АВЕРРОЭС) – машҳур файласуф, илоҳиётчи, ҳуқуқшунос, табиб. 1126 йилда Андалузиянинг Қурдаба (Кордова) шаҳрида туғилиб, 1198 йилда, Марокашда вафот этган. У ёшлик давридан бошлаб араб адабиёти, шеъриятига қизиқди, ислом илоҳиёти, ҳуқуқшунослиги, фалсафа, математика, тиббиёт каби соҳаларни эгаллашга ҳаракат қилди.
А.В.нинг ҳаёти бир хил кечмаган. У ўз даврида ҳурмат эҳтиром, мартабаларга эришди, шу билан бирга тазйиқларга ҳам дучор бўлди.
1153 йилда Марокашга келиб, бу ерда қатор маданий-маърифий тадбирларда фаол қатнашди, мусулмон таълим-тарбияси системаини ислоҳ этишда жонбозлик кўрсатди. Натижада, у мадрасаларда расмий анъанавий соҳалар билан биргаликда фалсафа, табиатшунослик фанларини ҳам ўқитишни жорий қилди. Лекин 1195 йилдан бошлаб, мутафаккирга бўлган муносабат кескин ўзгарди. Унинг қарашларидаги аристотелизм руҳияти танқид остига олинди, шаҳар масжидларига қатнаш ҳуқуқидан маҳрум этилди. Бундан ташқари, у ўз уйида истаган кишисини қабул қила олмайдиган даражага етди.
А.В. ғоят меҳнатсевар ва сермаҳсул мутафаккир бўлган. Мутафаккир умри бино бўлиб, икки кунгина, меҳнат қилишдан ўзини тия олган. Булар мутафаккирнинг отаси вафот этган ва ўз никоҳ тўйи кунларидир. Э.Ренаннинг маълумотларига қараганда, А.В. 78 та китоб ва турли рисолалар муаллифидир. Улардан "Раддияни рад этиш" ("Таҳафут ат-таҳафут"), "Биринчи ҳаракатлантирувчи ҳақида", "Азалий ва вақтинчалик мавжудлик ҳақида мулоҳазалар", "Фалсафа масалалари", "Ақл ҳақида мушоҳадалар", "Диннинг фалсафа билан мувофиқлиги ҳақида", "Мантиқ соҳасига оид ёзишмалар" ва бошқа ўша даврдаги илм аҳли орасида эътибор қозонган.
А.В.нинг "Раддияни рад этиш" асари фалсафий тафаккур тараққиётида муҳим аҳамият касб этиб келди. Мутафаккир унда ал-Ғаззолий, Форобий ва Ибн Синонинг моддий борлиқнинг азалийлиги, ақлнинг фаоллиги, сабаб-оқибат тамойилининг фандаги устуворлиги тўғрисидаги ғояларига билдирган эътирозларини рад этади. У булардан қаноат ҳосил қилмасдан, ғоявий жиҳатдан ўзига яқин бўлган Форобий ва Ибн Сино фикр – мулоҳазаларидаги баъзи камчиликлар, ниҳоясига етказилмаган хулосаларга ҳам ўзининг танқидий муносабатини билдиради, аристотелизм анъаналарини изчил давом эттиришга ҳаракат қилади.
А.В. Аристотель фалсафий идеалининг садоқатли тарафдори бўлиши билан бир қаторда, юнон файласуфи қолдирган фалсафий тафаккур намунаси ва реал исломий жамият ҳаётида юзага келган вазиятни яхши тушунар эди. Шундай экан А.В. назарияда жамият манфаат ва эҳтиёжларини қадимги юнон файласуфи тамойилларига бўйсундириб бўлмайди, аксинча бу тамойилларни янги шароитга мослаштириш самарали бўлади, деган хулосага келади.
Шундан келиб чиқиб, у диний ва дунёвий билимлар, дин, фалсафа ва илоҳиёт ўзаро нисбатини асослаб беришга ҳаракат қилади.
А.В. ислом дини асосларига путур етказиш мақсадидан йироқ бўлган. У ислом динини ҳар қандай ахлоқий камолотнинг ягона негизи ва пойдевори, деб билади. Лекин, бошқа томондан унинг фикрича, жамиятда аподиктлар (исбот-далил талаб кишилар), юксак интеллектуал фазилатларга эга хос кишилар бўлиб, уларни табиат, воқеликни оддий идрок, тасаввур даражасида яшаб келаётган билимлар қониқтирмайди. Шундай экан, дин ва фалсафа, диний ва дунёвий билимлар муросага келиши лозим бўлади, чунки "фалсафа диннинг доимий йўлдоши ва гўёки, бир аёл эмизган синглисидир", улар табиатан ва моҳиятан бир-бири билан ҳамкордирлар, деб билади. Улар Тангри, Яратган тўғрисида мушоҳада қилади. Лекин, мулоҳаза юритишда хилма-хилдир. Диний мушоҳада "риторик" – "нотиқий" бўлиб, рамзий тасаввурларга таянади. Фалсафа эса, аксинча, аподиктик ҳукм хулосаларга асосланади. Аммо, А.В. бу борада ҳеч қандай зиддиятни эътироф этмайди. Сабаби, «Қурьон» "ички" ва "ташқи" маънога эга бўлиб, унинг ташқи мазмуни нотиқлар, "ички" томони эса аподиктлар талқинига тегишлидир. Бундан келиб чиқадики, А.В.нинг фикрича, ҳатто Яратган ва яратилганнинг сир-асрори, охир-оқибатда фалсафий талқин орқали ниҳоясига етади.
А.В. фалсафий қарашларида Яратган билан яратилган сабаб – оқибат сифатида бир-бирига қарама-қарши қўй.майди. Яратилиш ирода орқали эмас, балки абадий фаолият туфайли амалга ошади. Шундай экан, Яратган ҳам, яратилган олам ҳам абадий мавжуд бўлади. У Ибн Синодан фарқли равишда, вужуди вожибнинг зарурияти тўғрисида ортиқча мулоҳаза қилмайди. Унингча, содир бўлаётган ҳодисалар бир-бири билан сабаб-оқибат орқали алоқадор бўлади. Лекин, биз, доимо ҳам улардан воқиф бўлавермаймиз. Инсон аста-секин ақл воситасида билинмаган сабабларни билиб боради.
Айрим олинган индивид руҳи унинг танасига боғлиқ бўлиб, у бетакрордир. Лекин, умумий фаол ақл абадий бўлиб, у илоҳий ақлга ўхшайди. У, аслида, инсон руҳининг юксак назарий қобилиятини, чексиз имкониятларини ифодалайди.
А.В.нинг моддий оламнинг абадийлиги, ақлнинг фаоллиги ва сабабият тамойилининг билишдаги юксак мавқеи тўғрисидаги ғоялари фалсафий тафаккур равнақига ўз таъсирини ўтказиб келди, ғарбий Европа мамлакатларида аверроизм йўналишини келтириб чиқарди, янгидан-янги ғояларнинг вужудга келишига сабаб бўлди.
Do'stlaringiz bilan baham: |