СЦИЕНТИЗМ (лот. scientia – билим, фан) – фалсафий дунёқарашнинг бир тури бўлиб, унинг асосида илмий билим маданиятнинг энг олий қадрияти, деган тасаввур ётади.
С.га илм-фанни мутлақлаштириш, уни фалсафа ва маданиятнинг бошқа шаклларига қарама-қарши қилиб қўйиш ва унга барча муаммоларни ҳал қилиш воситаси сифатида, ёндашиш хос. С. икки типдаги кўринишга эга: 1)аксиологик кўриниш бўлиб, унда илм-фан маданиятнинг энг юксак қадрияти деб тушунилади, инсон ўз фаолиятида маданиятнинг фақат шу шаклига таяниши лозим, деган ақида илгари сурилади. Ижтимоий ва маданий тараққиёт бундай кишиларнинг фикрича, илм-фаннинг ривожланишидан келиб чиқади; 2) методологик жиҳат бўлиб, у аниқ ва табиий фанларни мутлақлаштиради, уларнинг методологиясини универсал деб ҳисоблайди бундан эса ўз навбатида бошқа соҳалар, жумладан гуманитар фанлар учун ҳам асос ва услуб сифатида хизмат қилиши лозим, деган фикр келиб чиқади.
С.га илм-фан имкониятларининг чегараланганлигини, унинг ижобий аҳамиятини инкор этиш, инсон мохиятига бутунлай зид куч сифатида ёндашиш хосдир. Шуни таъкидлаб ўтмоқ лозимки, ҳ. даврда илм-фаннинг ривожланиши ишлаб чиқаришда янги технологияларнинг, компьютер техникасининг кириб келиши сциентистик дунёқарашни кучайтириб юборди.
Шундай қилиб, с. «аниқ» фанларнинг тафаккур услубини мутлоқлаштириш хусусияти билан ажралиб туради. Фан энг юксак қадрият деб қабул қилинади ва шу билан аксарият ҳолларда ижтимоий-гуманитар ва дунёқараш муаммоларини билиш жараёнига даҳли йўқ деб қаралди.
Антисцентизмда эса инсоннинг туб муаммоларини ҳал этишда фаннинг принципиал ҳолда чекланганлиги таъкидланади.
Ўзининг жуда ҳам кескин кўринишида С. фанни одамга адоватли куч деб баҳолайди маданиятга бўлган ижобий таъсирини рад этади.
Антисциентизм фанни ижтимоий онгнинг бошқа шакллари – дин, афсона, санъат билан тенглаштиришни талаб этади. Антисцентизм экзистенциализм Франкфурт мактабининг назарияларида «яшиллар ҳаракати» мафкурасида ўз ифодасини топди.
С. ва антисцентизм ХХ аср ижтимоий онгига хос бўлган қарама–қарши фалсафий дунёқараш йўналишларидир.
ТАБИАТ – бутун объктив борлиқ, реал воқелик, турли – туман кўринишлардаги олам.
Инсоннинг келиб чиқиши ва яшаши нуқтаи назаридан табиатнинг бир бўлагидар. Шу маънода табиат мазмуни жиҳатидан бевосита ҳамма фаолиятнинг йиғиндиси ҳамма нарса ва воқеаларнинг умумий боғланиши, умуман борлиқдир. Табиат тушунчаси икки хил маънода қўлланилади. Кенг маънода, бутун борлиқ оламнинг чексиз хилма– хиллигининг аниқ намоён бўлиш сифатида. Бунда табиат "борлиқ", "воқелик", "Коинот", "олам", “объектив реаллик“ тушунчаларининг синонимидир.
Тор маънода табиат инсоннинг географик муҳитини англатади. Инсон ва табиат ўртасидаги муносабат инсоният цивилизациясининг тараққиёти билан боғлиқ равишда ўзгариб туради. Инсон ва табиат ўртасидаги муносабатларни 3 хил ёндашув орқали ифодалаш мумкин:
1) афсоновий (мифологик) – инсонни табиатга қарамлиги;
2) илмий – технологик (инсонни табиат устидан хукмронлиги);
3) мулоқот (диалог) – табиат ва инсоннинг уйғун баркамоллиги.
Do'stlaringiz bilan baham: |