СВАМИ ВИВЕКАНАНДА (1863–1902) – ҳинд миллатчилиги ғояси ва назариясига асос солганлардан бири ҳисобланади. Унинг фалсафий ва ижтимоий қарашлари ҳозирги Ҳиндистоннинг маънавий ҳаётига ўз таъсирини ўтказиб келмоқда. Ҳиндистонда юз бераётган миллий озодлик ҳаракатининг барча жараёнларида кўзга кўринарли ўринни С.В. тутган. У ўзига тўқ адвокатлар оиласида дунёга келган. У Европа услубида таълим – тарбия олган эди. Лекин, оилада содир бўлган фожиа, яъни отасининг тўсатдан вафот этиши ва тасодиф туфайли, машҳур илоҳий шахс, мутасаввуф, дин ислоҳотчиси – Рамакришна билан учрашгандан кейин ўз ихтиёрини бутунлай унга топшириб қўйган эди. Тез орада унинг садоқатли шогирдига айланиб, С.В. веданта ва йога диний фалсафий таълимотларини ўрганишга киришади. Ўзининг бутун қалб тўғрини, фаолиятини ўз она–Ватанига хизмат қилишга, ўз ватандошларини узоқ уйқудан уйғотиб, уларнинг кўзларини очишга, қашшоқликдан қутилиш чорасини излаб топишга бағишлайди. С.В. умрининг охиригача динга садоқатли бўлиб қолади. У динда бутун башариятнинг таъсирчан кучини ва олий мақсадини кўради.
С.В. йоганинг назарий ва амалий машғулотлари билан тинимсиз шуғулланади ҳамда тез орада ўз атрофига садоқатли шогирдлар ва издошларни тўплайди. 1897 йили у "Рамакрашина Миосиясн" номли, жамиятини тузади. У тузган мазкур жамият бугунги кунга қадар ўз фаолиятини олиб бормоқда. Унинг филиаллари Европада ва АҚШда мавжуд.
С.В. нинг ижтимоий қарашлари ўзига хос хусусиятларга эга. С.В. жамият аъзоларини икки қисмга бўлади: 1) бойлар (олий синф вакиллари); 2) камбағаллар (қуйи синф вакиллари). Келажак, дейди С.В. қуйи синф вакиллариникидир. Халқ оммаси, – дейди у Ҳиндистоннинг якка–ю ягона умидидир. Унинг фикрича, жамиятни қайта қуриши керак. Табиат қонунига биноан,тўрт тоифа вакиллари, яъни: брахманлар, кшатрийлар, вайшиалар, шудралар жамиятни бошқариши лозим. Ҳокимлик қилувчи ҳар бир тоифанинг ўзига хос камчиликлари мавжуд. Мас., брахманлар ақл кучига таянадилар, кшатрийлар эса – ҳарбий санъатга катта эътибор берадилар. Улар ҳокимият тепасига келганганда санъат ва маданият гуркираб ўсади; вайшлар (савдогорлар, хунармандлар) хокимият тепасини эгаллаганда – брахманлар кшайтрийлар даврида қўлга киритилган билимлар кенг тарғиб қилинади, шудралар хокимият тепасига келишганда – моддий бойликлар оқилона тақсимланади, ижтимоий тенглик вужудга келади, кастачиликка барҳам берилади. Тўрт тоифадаги ижобий томонлар ўзаро бирлашсалар, якдил бўлсалар – одил жамият юзага келади. Ҳиндистоннинг тараққийпарвар кучлари С.В.нинг фалсафий, ижтимоий–сиёсий рухдаги ғояларидан жамиятни тараққий қилишида фойдаланилмоқда.
СЕЗГИ – одамни ташқи дунё билан боғлаб турувчи бир восита, билишнинг бошланғич босқичи, объектив дунёнинг бевосита, субъектив тарзда акс эттирилишидир.
Ташқи дунёнинг хилма–хил нарса ва ҳодисалари инсон организмни периферик нерв системаини қўзғотади, бу таъсир нерв йўллари орқали бош мия пўстлоғига узатилади ва бош мия пўстлоғида сезги пайдо бўлади.
Ибн Синонинг фикрича, "сезиш – бу шундай таъсирки у ташқи нарсаларнинг ўзи бўлмай, балки бизнинг ҳисларимизда вужудга келади. Ҳис моддий образнинг ойнаси бўлиб, моддий шаклларнинг бўйи, эни билан бирга ифодаланганлиги сабабли уларни инсон моддий ассосиз инъикос эта олмайди ва жисмларни билолмайди".
Сезгилар кўриш, бадан сезгиси, эшитиш, таъм, ҳид кабиларга бўлинади. Сезгининг ҳар бир гуруҳи ўзига хос модалликка – сифатлар мажмуига эга бўлади ва бу сифатларни сезгининг бошқа гуруҳ сифатлари билан тенглаштириб бўлмайди. Мас., ранглар товушларга ёки ҳидларга ўхшамайди. Кўриш сезгилари сезгининг энг ривожланганидир, ундан кейин бадан сезгилари, эшитиш, таъм, ҳид сезгилари келади. Сезгилар билан уларни ўзатувчи ташқи дунё нарсаларининг хоссалари ўртасида мавжуд бўлган муносабат шу билан тасвирланадики, сезгининг айни бир сифатига ташқи дунё нарсаларининг турли хоссалари мувофиқ келиши мумкин. Ташқи дунёни билиш жараёни сезгидан бошланади. Бу жараёнда улар икки функцияни бажаради. Биринчидан, айни равишда олинган сезгилар сигнал сифатида юз беради. Сезгиларнинг иккинчиси ва энг муҳим функцияси шундан иборатки, улар идрокда мавжуд бўлган образ таркибида оламга хос алоқалар ва муносабатларни юзага келтиради.
Do'stlaringiz bilan baham: |