ИММУНИТЕТ (лот. immunitas – озод бўлиш, қутулиш) – тирик мавжудотларнинг ўз бутунлиги ва индивидуаллигини сақлаган ҳолда, бузувчи агентларнинг таъсирига қарши туриш қобилияти; организмнинг ҳимоя, муҳофаза реакцияси.
ИМОН (араб. – "аман" сўзининг ўзбекчалашган шакли бўлиб, ўрни билан, одатда, ишонч ва эътиқод маъноларида қўлланилади) – нутқ тили, мураккаб тафаккур тарзи ва кучли хотирага эга бўлган ҳозирги замон тоифасидаги ақлли инсон – homо sapiens онг ва аҳволи руҳиятининг нодир ҳодисаси бўлиб, муайян фикр, олий ғоянинг ҳақиқатлигига комил ишончдан иборат (у ҳақиқатми ёки уйдирмами - аҳамияти йўқ) шахсдаги алоҳида руҳий ҳолат.
Инсон шундан келиб чиқиб, бошқа одамлар, ўзини қуршаган оламдаги нарса, ҳодисаларга баҳо беради ва муносабатини белгилайди. Имон, инсон онги ва аҳволи руҳиятига синган, ундан мустаҳкам ўрин олган, дунёвий ғоя ва дунёқараш сифатида, қудратли ҳаракатлантирувчи куч ва инсон иродасини мустаҳкамлаш воситасидир. Имон – инсоннинг олам, ўз ўрни ва мавқеини билиши, унинг ижтимоий мавжудот сифатида намоён бўла олишининг зарур шартидир. Имон туфайли инсон руҳи эзгуликни қарор топтириш томон йўналиб, ижтимоий–сиёсий ҳаётнинг инсонга яқинлашувида муҳим аҳамият касб этади. Маълумки, ҳар қандай ғоя, дунёқараш инсон имони ва эътиқоди (ихлоси) ҳамда одамлар уюшмалари (давлат, сиёсий партиялар, жамоат ташкилотлари, илмий–ижодий жамоалар ва х.к.) масаласига айлангандагина ҳаракатлантирувчи моддий ва руҳий куч сифатида намоён бўлади.
Имон марказида дунёқараш, оламга, одамлар ва уларнинг турли уюшмаларига муносабат белгилаш ётса-да, аммо, умуминсоний ахлоқий қадриятлар – инсоф, диёнат, ҳалол–поклик, виждон, садоқат, муҳаббат, тил ва дил бирлиги, ватанпарварлик, оила, жамият, халқ ва бутун инсоният олдидаги бурчни англаш каби имонлилик шартлари ҳисобланади. Бу сифатлардан маҳрум бўлган одамларга, одатда, имонсиз кишилар сифатида, нафрат билан қарайдилар. Баъзи файласуфлар ва илоҳиётчилар, иймонсиз одам ахлоқий хислатлардан маҳрум бўлиб қолади, деган фикрни билдирадилар, ҳатто, имонсиз одамни ҳайвон билан инсон ўртасидаги аллақандай махлуқот, ҳам дейдилар.
Ишонч билан имон тушунчалари одатий (кундалик) онгда, кўпинча бир маънода қўлланилади. Назарий онгда, улар ўртасида яқинликдан ташқари тафовут ҳам борлиги эътиборга олинади. Ишонч ҳам одамлар ва улар уюшмалари ўртасидаги алоҳида руҳий ҳолат сифатида ўзаро муносабатларнинг инсоний тус олишига хизмат қилади, ишонч муҳити қарор топган жойда кўп муаммолар осонроқ, беозорроқ ҳал бўлади, одамларнинг кўп вақти ва қуввати беҳудага сарфланмайди.
Ишончсизлик ва шубҳаланиш муҳитида инсоннинг шахс сифатидаги шаклланиши қийинлашади. Илмий–тадқиқот соҳасида тадқиқотчининг ўз изланишларининг ҳақлигига бўлган комил ишонч унга кўтаринки руҳ бағишлайди, қийинчиликлар, муаммоларни енгиб ўтиш қобилиятини кучайтиради. Инсон фақат ўз тадқиқоти ҳақлигига ишонч туфайли фанда янги кашфиётлар қила олади.
Юқорида тилга олинган, умуминсоний ахлоқий қадриятлардан иборат имон шартлари илмий–маърифий, изчил маданий тадбирлар ҳамда анъанавий турмуш тарзи ва мафкура таъсирида ҳам маълум даражада шахс сифатларини ташкил этиши мумкин. Бироқ, имонлилик учун бунинг ўзи кифоя қилмайди. Имон ишончга нисбатан чуқур фалсафий мазмунга эга. У дунёқараш билан узвий боғлиқ бўлгани сабабли, инсонда Олий бир ибтидо (Оллоҳ, уч юзли Биру бар, Олий руҳ ва ҳ.к.) ёки Олий бир ижтимоий мақсадни ифодалайдиган, эзгу ғояга, ҳис–ҳаяжонга тўла ишонч бўлгандагина, у алоҳида руҳий ҳолат сифатида намоён бўлади. Бунингсиз имон юзаки, сохта, ўткинчи бўлиши мумкин.
Ҳозирги даврда ҳар бир мамлакатда ва бутун дунёда диний дунёқараш билан бирга, илмий–фалсафий дунёқараш ҳам мавжуддир, айрим кишиларда диний онг устувор бўлиб, уларнинг имони диний ақидалар ҳақлигига ишонч асосида шаклланган; баъзи кишиларда илмий ҳақиқатларга ишонч устувор бўлгани сабабли, уларнинг иймони фалсафий дунёқараш негизида намоён бўлади. Ҳар икки дунёқараш, шахс "Мен"и ташқи космик бутунлик билан боғлангани учун инсон ҳаёти маъносини тўғри идрок этишга иродасини аниқ мақсадга йўналтиришга хизмат қилади. Бинобарин, ҳар икки имон эгалари, ўзлари яшаётган жамиятда ва бутун дунёда маънавиятни қарор топтиришда асосий ҳаракатлантирувчи куч ҳисобланадиларки, шу туфайли улар дунёқарашидан келиб чиқадиган иймонни, асло бир–бирига қарама–қарши қўймаслик лозим.
Илмий ҳақиқатлар нечоғли тўғри, қанчалик исботланган бўлмасин, улар ўз холича иймон предмети бўла олмайди. Имон ўз доирасига нафақат ишонч–умидни, балки шу билан бирга, шахс учун маънавий–руҳий таянч бўлишга арзийдиган олий орзуни ҳам қамраб олади. Бундай ғояга асосланмаган оддий ишонч имонга айлана олмайди ва инсонда ҳис–ҳаяжонли руҳий ҳолат юзага келмайди. Барча динлар, уларнинг руҳонийлари ўз мухлисларига худо ва муқаддас китобларда ўз ифодасини топган даъватлар, талаблар, панд–насиҳатларга сўзсиз ишонишни, бу ишончни ҳар доим сўз билан иқрор этиб боришни, амалиёт учун асос қилиб олиш учун руҳий қасам ичишни ўз ичига оладиган имонни тарғиб ва ташвиқ этадилар. Ҳар бир киши ўзи ҳақиқат, деб билган, эътиқод қўйган дин орқали шу дунёда ўзидан яхши ном қолдириш ва "нариги дунё"да жаннат ҳузур–ҳаловатларига эришиш мақсадида имон эгаси бўла олишига, турли ибодатлар, расм–русумлар, урф–одат ва маросимлар йўли билан, ишонтиришга ҳаракат қиладилар. Шунинг учун ҳам одатий онгда фақат диндор одамгина имонли бўла олади, деган ғоя ўрнашиб қолган.
Барча диний ташкилотлар, уларнинг руҳонийлари асрлар оша иймон бутунлиги учун курашиб келадилар, ўз мухлисларининг ҳаммасини иймони бутун бўлгандагина уларда чинакам комиллик сифатлари намоён бўлишига ишонадилар. Гарчи оммавий онгда "дин" ва "имон" тушунчалари кўпинча айнанлаштирилса–да, аммо илоҳиётчилар мазкур тушунчалар ўртасида жиддий фарқ борлигини исботлайдилар. Мас., ислом илоҳиёти асосчиларидан Абу Ҳамид ал–Ғаззолий мусулмонларнинг Оллоҳга бўлган ишончи даражасини қуйидагича изоҳлайди:
а) мунофиқлик имони. Бу ҳолатда одам, оғзида, Оллоҳ ва унинг қудратига ишонганини маълум этса–да, қалбида бунга иқрор бўлмайди, балки, уни инкор этади. Унинг имони ёнғоқнинг қаттиқ пўстлоғидек бесамардир;
б) одам тилидаги изҳорга қалби билан иқрор бўлади. Унинг қалби, калом ёрдамида изчил мустаҳкамланиб борилмаса, уни Оллоҳ билан боғлаб турган ришта тезда узилади. Бундай имонли одамлар ёнғоқ пўчоғи ичидаги пўстга ўхшайди;
в) Оллоҳ нури ила инсон башоратни кўради. Бундай имон эгалари, Оллоҳга яқин бўлганликлари учун, уйғунлашиб кетган. Бундай имон эгаларини ал–Ғаззолий ёнғоқ мағзидан олинган ёғга ўхшатади.
Тасаввуфда ҳам солиҳ тўрт машаққатли босқични босиб ўтгач, Оллоҳ висолига – ҳақ–ҳақиқатга етишиши мумкинлиги таъкидланади. Чунончи, солиҳ шариат, тариқат, маърифат босқичларини босиб ўтгач, ҳақиқат мақомига, имон бутунлиги мартабасига эга бўлади.
Таниқли исломшунос Анри Массэ мусулмон илоҳиётида имон тушунчаси бошқа бир қатор тушунчалар билан қўшиб изоҳланишига эътиборни қаратади. Унинг тадқиқотидан маълум бўлишича, ислом илоҳиётчилари, узоқ тортишувлардан кейин, иймоннинг уч унсурдан ташкил топиши тўғрисидаги умумий хулосага келганлар. Бунга кўра: а) ички ҳис–туйғу билан Оллоҳнинг ягоналигига комил ишонч, эътиқод; б) сўзда истиғфор (иқрор) қилмоқ; в) эзгу ишлар билан қалб ва сўз амрини исботламоқ (амал). Демак, мусулмон иймони ишонч (эътиқод), иқрор бўлиш ва амалдан иборат алоҳида руҳий ҳолатдир.
Барча жаҳон динлари каби исломда ҳам, имон бутунлигини таъминлашга қаратилган диний ибодатлар, урф–одатлар, расм–русумлар, маросимларни ўтказишга қатъий риоя қилиш талаб этилади, жамоатчилик фикри имон бутунлигини рағбатлантиришга қаратилади. Диний ташкилотлар ва дин аҳллари олдида тўпланган бой тажрибалардан ҳозирги давр руҳига монанд ижодий фойдаланиб, илмий–маърифий йўл билан ҳам, иймони бутун комил инсонларни тарбиялаш фавқулодда муҳим вазифа бўлиб турибди.
Do'stlaringiz bilan baham: |