Арабча луғавий ўзлашмаларнинг қўшма, жуфт ва такрорий сўзлар ҳосил қилишдаги мақоми. Арабча луғавий ўзлашмалар иштирокида ҳосил бўлган қўшма сўзларни ясовчи узвлардан бирининг қайси тилга мансублиги нуқтаи назаридан қуйидаги тўрт гуруҳга ажратиш мумкин: 1) ясовчи узвларидан бири ўзбек тилига мансуб қўшма сўзлар; 2) ясовчи узвларидан бири форс-тожик тилига мансуб қўшма сўзлар; 3) ясовчи узвларидан бири рус тилига мансуб қўшма сўзлар; 4) ясовчи узвларининг ҳар иккиси ҳам араб тилига мансуб қўшма сўзлар.
Ясовчи узвларидан бири ўзбек тилига мансуб қўшма сўзларнинг деярли кўпчилиги сўз бирикмаларининг лексикализациялашуви натижасида ҳосил бўлган. Улар сўз туркумлари нуқтаи назаридан от, сифат, равиш луғавий грамматик категорияларига мансуб бўлади. От туркумига мансуб қўшма сўзларнинг сўз ясалиш қолиплари: “от + от”; “сифат + от”, “сон + от” кўринишларга эга.
Сифат туркумига мансуб қўшма сўзларнинг таркиби ҳам қўшма отларда кузатилганидек, араб луғавий бирликларининг ўзбекча, форсча-тожикча сўзлар билан қўшилишидан ҳосил бўлган ва ўзбекча ва арабча сўзлар бирикувидан “Nўз +Nар. = Nsubs” қолипи асосида реаллашган қўшма сифатлар ҳосил бўлган: ишбай, кунбай.
Сифат туркумига мансуб қўшма сўзларнинг кўпчилигида уларнинг вазифавий узвларидан бири мавқеида форсча-тожикча сўзлар қўлланган. Улар Nф.-т. +Nар. = Nsubs қолипи асосида вужудга келган: хушманзара, хушмулозамат, хушҳол, хушмуомала, хуштабассум, хушсурат, хушсуҳбат, хуштабиат, хушқад, хуштакаллуф, хуштавозе, хушфеъл, қимматбаҳо, ҳаромммағиз каби.
Зиқнафас, соҳибжамол, собитқадам сўзларининг ҳар икки қисми ҳам араб тилига қарашли. Улар Nар.+ Nар = Nsubs қолипида воқеланган.
Жуфт сўзлар (ЖС) ҳам ноаффиксал сўз ясалишининг ўзига хос кўринишларидан биридир.
1. Арабча ва ўзбекча луғавий бирликлардан таркиб топган ЖСлар.
Бу гуруҳга мансуб ЖСлар унчалик кўп эмас. Ҳис-туйғу, қавм-қариндош, ақл-бош, алам-аччиқ, вақт-чоғлик, салла-тўн, савдо-сотиқ, салла-чопон ЖСлар Nар.+ Nўз = Nsubs қолипида; куч-қувват, қурол-аслаҳа, ёв-яроқ, ўч-адоват, иш-ҳаракат каби ЖСлар Nўз +Nар. = Nsubs қолипида вужудга келган.
2. Арабча ва форс-тожикча луғавий бирликлардан таркиб топган ЖСлар. Бундай ЖСларнинг вужудга келиш қолиплари икки хил кўринишга эга: а) Nт.-ф. +Nар. = Nsubs қолипида реаллашади: афт-башара, жанг-жадал, жон-ҳол, чанг-ғубор, ноз-неъмат, нон-насиба, ноз-фироқ, орзу-умид, орзу-ҳавас ва б.; б) Nар.+ Nт.-ф. = Nsubs қолипида реаллашади: ҳол-жон, аҳд-паймон, бало-баттар, вақт-бемаҳал, қулф-калит, хайр-хўш, сабр-бардош, ожиз-нотавон, авра-астар, сайр-томошо ва б.
3. Арабча ва арабча луғавий бирликлардан таркиб топган ЖСлар. Бу гуруҳга мансуб ЖСлар миқдори олдинги икки гуруҳникига нисбатан анча кўп: авлод-аждод, ажойиб-ғаройиб, азоб-уқубат, айш-ишрат, алам-изтироб, амал-тақал, ақл-ҳуш, бало-офат, бало-қазо, ваъз-насиҳат, вақт-соат, жабр-жафо, жабр-зулм, жаҳд-жадал, мурод-мақсад, муроса-мадора, насл-насаб, олам-жаҳон, омон-эсон, сир-асрор ва б. Ҳисобимизга кўра, бундай ясалмалар 85дан ортикдир.
Арабча луғавий ўзлашмаларнинг такрорий сўз (ТС) шаклидаги кўринишлари ҳам мавжуд: алвон-алвон, варақ-варақ, олам-олам, омон-омон, шарт-шарт, шартта-шартта, шарт-шурт, қатра-қатра, қатор-қатор, ҳалқа-ҳалқа, ғадир-будир, ҳут-ют каби.
Do'stlaringiz bilan baham: |