IV. АПЕЛЛЯЦИЯНИ КЎРИБ ЧИҚИШ ТАРТИБИ 33. Аттестация комиссиясининг қароридан норози бўлган шахслар малака имтиҳони ўтказилган кундан бошлаб ўттиз календарь кун мобайнида "Саноатгеоконтехназорат" давлат инспекциясига апелляция бериш ҳуқуқига эга. Апелляция ёзма равишда тақдим этилади.
"Саноатгеоконтехназорат" давлат инспекцияси бир ҳафта муддатда берилган апелляцияни кўриб чиқади ва қабул қилинган қарор ҳақида апелляция берувчига ёзма хабар юборади.
34. Апелляцияни кўриб чиқиш натижалари юзасидан қуйидаги қарорлардан бири қабул қилинади:
а) малака имтиҳони натижаларини ўзгаришсиз қолдириш ва апелляцияни қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида;
б) апелляция берган шахс учун такроран малака имтиҳони ўтказиш тўғрисида.
35. Апелляцияда кўрсатилган важлар ўз тасдиғини топмаса малака имтиҳони натижаларини ўзгаришсиз қолдириш ва апелляцияни қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинади.
36. Апелляция берган шахсга нисбатан малака имтиҳони мазкур Низом талабларига зид равишда ўтказилганлиги ҳоллари аниқланган тақдирда, такроран малака имтиҳони ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинади.
37. Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси томонидан апелляция берган талабгор учун такроран малака имтиҳони ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, мазкур Низомда белгиланган тартибда такроран малака имтиҳони ўтказилади.
38. Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг апелляцияни кўриб чиқиш натижалари бўйича қабул қилган қарори юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда судга шикоят қилиниши мумкин.
V. ЭКСПЕРТ ГУВОҲНОМАСИНИ РАСМИЙЛАШТИРИШ, ҚАЙТА РАСМИЙЛАШТИРИШ ВА ДУБЛИКАТ БЕРИШ 39. Аттестация комиссияси баённомаси тайёрланган кундан бошлаб беш иш куни муддатида малака имтиҳонидан ўтган талабгорга мазкур Низомнинг 4-иловасида келтирилган шаклда эксперт гувоҳномаси расмийлаштирилади.
Эксперт гувоҳномаси қатъий ҳисобда турадиган махсус бланкларда расмийлаштирилади ва экспертлар реестрида ҳисобга олинади.
40. Эксперт гувоҳномасининг асли эксперт гувоҳномасининг эгасига экспертлар реестрига имзо қўйдириш орқали берилади, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасида эса эксперт гувоҳномасининг нусхаси сақланади.
41. Эксперт гувоҳномаси эгасининг фамилияси, исми, отасининг исми ўзгарган тақдирда, у ўн иш куни ичида Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасига эксперт гувоҳномасини қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза бериши шарт. Бунда, аризага қайта расмийлаштирилиши лозим бўлган эксперт гувоҳномасининг асл нусхаси билан бирга тегишли ўзгаришларни тасдиқловчи ҳужжатларнинг асл нусхаларини кўрсатган ҳолда уларнинг нусхалари илова қилинади.
Эксперт гувоҳномасини қайта расмийлаштириш тўғрисидаги аризани ўз вақтида тақдим этмаслик, саноат хавфсизлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларини бузганлик ҳисобланади.
42. Эксперт гувоҳномасининг қайта расмийлаштирилиши унинг эгаси томонидан ариза берилган пайтдан бошлаб беш иш куни мобайнида амалга оширилади, бунда аввалги ҳисобга олиш рақами ва илгари белгиланган амал қилиш муддати кўрсатилган янги эксперт гувоҳномаси берилади.
43. Йўқотилган ёки яроқсиз ҳолга келган эксперт гувоҳномасининг ўрнига эксперт гувоҳномаси эгасининг аризасига кўра унинг дубликати берилиши мумкин.
Эксперт гувоҳномасининг эгаси эксперт гувоҳномасининг йўқолганлиги ҳақида матбуотда эълон бериши ва эълон нусхасини Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасига тақдим этиши керак.
44. Эксперт гувоҳномаси дубликатида унинг аввалги ҳисобга олиш рақами ва илгари белгиланган амал қилиш муддати ёзилади, юқоридаги бурчагига "ДУБЛИКАТ" ёзуви киритилади.
45. Яроқсиз ҳолга келган эксперт гувоҳномаси ёки йўқотилган эксперт гувоҳномаси топилганда, улар Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасига қайтарилиши керак.