Bog'liq Саноат хавфсизлиги соҳасидаги экспертларни
VI. ЭКСПЕРТ ГУВОҲНОМАСИНИНГ АМАЛ ҚИЛИШИНИ ТЎХТАТИБ ТУРИШ, ТУГАТИШ ВА ЭКСПЕРТ ГУВОҲНОМАСИНИ БЕКОР ҚИЛИШ 46. Эксперт гувоҳномасининг амал қилишини тўхтатиб туриш Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг қарори билан қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:
а) экспертнинг аризасига кўра;
б) эксперт ўз фаолиятини амалга оширишда қонун ҳужжатлари ёки норматив техник ҳужжатлар талабларини бузганда.
Эксперт гувоҳномасининг амал қилишини тўхтатиб туриш эксперт гувоҳномасининг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисида қарор қабул қилинган санадан эътиборан амалга оширилади.
Эксперт гувоҳномасининг амал қилишини тўхтатиб туриш эксперт мақомининг тўхтатиб турилишига сабаб бўлади.
Эксперт гувоҳномасининг амал қилишини тўхтатиб туриш муддати олти ойдан ошиши мумкин эмас. Эксперт гувоҳномасининг амал қилишини тўхтатиб туришга сабаб бўлган ҳолатлар белгиланган муддатда бартараф этилгандан сўнг, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси эксперт гувоҳномасининг амал қилишини тиклаш тўғрисида қарор қабул қилади.
47. Эксперт гувоҳномасининг амал қилишини тугатиш Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг қарори билан қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:
а) экспертнинг аризасига кўра;
б) эксперт гувоҳномасининг амал қилиш муддати тугаганда;
в) эксперт гувоҳномасининг амал қилиши тўхтатиб турилган шахс эксперт гувоҳномасининг амал қилишини тўхтатиб туришга олиб келган ҳолатларни Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси томонидан белгиланган муддатда бартараф этмаганда;
г) эксперт ўз фаолиятини амалга оширишда қонун ҳужжатлари ёки норматив техник ҳужжатлар талабларини мунтазам ёки бир марта қўпол равишда бузганда;
д) белгиланган тартибда эксперт муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилганда;
е) касбига доир вазифаларини бир йил ичида узрсиз сабабларга кўра бажармаганда;
ж) эксперт вафот этганда ёки суднинг уни вафот этган деб эълон қилиш ҳақидаги қарори қонуний кучга кирганда.
Эксперт гувоҳномасининг амал қилишини тугатиш эксперт гувоҳномасининг амал қилишини тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинган санадан эътиборан амалга оширилади.
Эксперт гувоҳномасининг амал қилишини тугатиш эксперт мақомининг тугатилишига сабаб бўлади.
48. Эксперт ўз фаолиятини амалга оширишда эксперт гувоҳномасининг амал қилишини тўхтатиш учун асос бўладиган қонун ҳужжатлари талабларининг бир марта қўпол равишда бузилишига қуйидагилар киради:
а) эксперт ўз фаолиятини амалга оширишда аттестация соҳасига амал қилмаслик;
б) экспертиза хулосасини ёки саноат хавфсизлиги декларациясини ёлғон ёки нотўғри тузиш;
в) ўз фаолиятини амалга оширишда олинган маҳфий ахборотни ошкор қилиш (қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно);
г) экспертнинг назорат ёки ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан ўтказиладиган текширувларда ва бошқа тадбирларда ўзи штатида турадиган ёки фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома тузган эксперт ташкилотининг буйруғисиз мутахассис сифатида қатнашиши.
49. Эксперт гувоҳномасини бекор қилиш Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг қарори билан қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:
а) эксперт гувоҳномаси сохта ҳужжатлардан фойдаланилган ҳолда олинганлиги факти аниқланганда;
б) эксперт гувоҳномаси бериш тўғрисидаги қарорнинг ғайриқонуний эканлиги аниқланганда;
в) талабгор эксперт гувоҳномаси расмийлаштирилган кундан бошлаб уч ой ичида уни олишга келмаса ёки уни олишдан ёзма равишда ихтиёрий бош тортса.
Эксперт гувоҳномасини бекор қилиш тўғрисидаги қарор эксперт гувоҳномаси берилган санадан эътиборан амал қилади.
Эксперт гувоҳномасини бекор қилиш эксперт мақомининг бекор қилинишига сабаб бўлади.
50. Эксперт гувоҳномасининг амал қилишини тўхтатиб туриш, тугатиш ёки эксперт гувоҳномасини бекор қилиш тўғрисидаги қарор тегишли равишда эксперт мақомини тўхтатиб туриш, тугатиш ёки бекор қилиш тўғрисидаги қарор Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси раисининг буйруғи билан расмийлаштирилади.
51. Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси эксперт гувоҳномасининг амал қилишини тўхтатиб туриш, тугатиш ёки эксперт гувоҳномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқ қабул қилинган кундан бошлаб уч иш куни муддатида эксперт мақоми тўхтатиб турилган, тугатилган ёки бекор қилинган шахсни ва тегишли эксперт ташкилотини ёзма равишда хабардор қилади.
52. Эксперт гувоҳномасининг амал қилиши тўхтатиб турилиши, тугатилиши ёки эксперт гувоҳномаси бекор қилиниши суд қарорига асосан ҳам амалга оширилиши мумкин.
53. Эксперт норматив-ҳуқуқий ёки норматив техник ҳужжатлар талабларини бузганлиги учун эксперт гувоҳномасининг амал қилишини тугатиш ёки эксперт гувоҳномасини бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилинган вақтдан бошлаб, бир йил мобайнида қайта аттестациядан ўтиш учун малака имтиҳонига қўйилмайди.
54. Эксперт гувоҳномасининг амал қилишини тўхтатиб туриш, тугатиш ёки эксперт гувоҳномасини бекор қилиш тўғрисидаги маълумотлар экспертлар реестрига киритилади.
55. Эксперт унинг эксперт гувоҳномасининг амал қилишини тўхтатиб туриш, тугатиш ёки эксперт гувоҳномасини бекор қилиш тўғрисидаги қарорни олган кундан бошлаб беш иш куни муддатида ўз эксперт гувоҳномасини Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасига қайтариши шарт.
56. Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг эксперт гувоҳномасининг амал қилишини тўхтатиб туриш, тугатиш ёки эксперт гувоҳномасини бекор қилиш тўғрисидаги қарори юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда судга шикоят қилиниши мумкин.