I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
1. Бухгалтерия ҳисобининг юритилиши, бухгалтерия ишининг тўғри ташкил этилиши ва назоратнинг аниқ олиб борилиши банкнинг ўз вазифаларини тўғри бажаришини, мавжуд ва бўлғуси инвесторлар, кредиторлар, ҳукумат муассасалари, вазирликлар, идоралар, жамоатчилик ва бошқа манфаатдор фойдаланувчилар, шунингдек, банк раҳбарияти ва ходимлари учун банк фаолиятига ҳаққоний баҳо бериш имконини яратадиган аниқ ва фойдали ахборот олишни таъминлайди.
2. Ушбу Йўриқномада банкларда бухгалтерия ҳисоби ишларини юритиш ва бухгалтерия аппаратини ташкил қилиш тамойиллари, мижозларга хизмат кўрсатиш ҳамда ҳужжатлар айланмасини йўлга қўйиш усуллари тўғрисида кўрсатмалар берилган, банк операциялари ҳисобини юритиш ва уларни назорат қилиш қоидалари ҳамда бажарилган банк операцияларининг қонунийлиги бўйича жавобгарлик белгиланган.
Шунингдек, қуйидагиларни таъминлаш мақсад қилиб қўйилган:
ҳисоб-китоб, касса, валюта, кредит ҳамда бошқа банк операцияларини тўғри бажариш ҳамда уларни бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботида ўз вақтида ва аниқ акс эттириш;
банк активлари, мажбуриятлари, даромадлари ва харажатлари ҳамда капитали ҳолати ва улардаги ўзгаришлар тўғрисида ишончли маълумотлар тўплаш;
банкнинг молиявий ҳолати, молиявий ҳолатидаги ўзгаришлар ва молиявий натижалари тўғрисидаги ва банк раҳбарияти фаолиятига баҳо берувчи молиявий ҳисоботларни тузиш учун хизмат қилувчи ахборотлар тизимини яратиш;
банк иш куни тартибига қатъий риоя қилиш, мижозларга тез ва аниқ хизмат кўрсатиш;
ҳисоб-китоблардаги маблағлар айланишини тезлаштириш;
банкдан чиқаётган ҳужжатларни тегишли тарзда расмийлаштириш ва бунинг натижасида улардан фойдаланишни осонлаштириш, шунингдек, бошқа банкларда ушбу ҳужжатлар билан операциялар бажарилишини ҳамда улар томонидан хизмат кўрсатувчи мижозларнинг операциялари ҳисобини юритишни белгиланган талабларга мувофиқлаштиришни ташкил этиш;
банкдаги пул маблағлари, моддий қимматликлар, шунингдек, қатъий ҳисобда турувчи бланкалар камомади ёки ортиқчалигига йўл қўймаслик ҳамда белгиланган тартибда уларнинг сақланишини ташкил этиш;
операцияларнинг қонунийлиги ҳамда тўғрилигини доимий ички назорат ва аудитдан ўтказиш, уларнинг натижалари бўйича маълумотномалар тузиш ва расмийлаштириш имкониятини яратиш;
замонавий компьютер техникаси воситаларидан фойдаланган ҳолда банк операциялари ҳисобини дастурий амалга ошириш, ҳисоб ишларини юритиш ҳамда ҳисоботлар тузишда меҳнат ва маблағ сарфини қисқартириш.
3. Мазкур Йўриқномада берилган операцияларни амалга ошириш, расмийлаштириш, ҳисобини юритиш ва назорат қилиш тўғрисидаги талаблари барча банклар учун мажбурийдир.
Банклар ушбу Йўриқномада белгиланган қоидалар доирасида ўзларининг иш хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда филиал, банк хизматлари офиси ва бошқа шохобчалар фаолиятида бухгалтерия ҳисобини аниқ ва тўлиқ юритилиши ва ички назорат самарадорлигини таъминлаш мақсадида ҳамда уларнинг даромад ва харажатлари ҳисобини тўғри юритиш, молиявий ва солиқ ҳисоботларини ўз вақтида тайёрлаш ва тақдим қилиш ҳамда пул ҳисоб-китоб ҳужжатларини тикиш ва сақлаш тартиботларини белгиловчи ички ҳисоб сиёсатини ишлаб чиқишлари лозим. (АВ 12.08.2019 й. 1834-8-сон билан рўйхатга олинган МБ Бошқарувининг Қарори таҳриридаги хатбоши) (Олдинги таҳририга қаранг)
4. Банк ходимлари бухгалтерия ҳисобида акс эттирилган банк сирига оид маълумотларни Ўзбекистон Республикасининг "Банк сири тўғрисида"ги Қонуни талабларига қатъий амал қилган ҳолда сир сақлашлари лозим.
5. Ушбу Йўриқнома мақсадларида қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
Do'stlaringiz bilan baham: |