II. КОРПОРАТИВ БАНК КАРТАЛАРИДАН
ФОЙДАЛАНИЛГАН ҲОЛДА АМАЛГА
ОШИРИЛАДИГАН ОПЕРАЦИЯЛАР
4. Карта ҳисобварағини тўлдириш карта ҳисобварағини очган юридик шахснинг тўлов топшириқномасига асосан унинг асосий талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағидан амалга оширилади.
5. Корпоратив банк карталаридан фойдаланган ҳолдаги ҳисоб-китоблар Ўзбекистон Республикасида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тўғрисидаги низомга (рўйхат рақами 2465, 2013 йил 3 июнь) мувофиқ амалга оширилади. (АВ 11.02.2015 й. 1470-1-сон билан рўйхатга олинган МБ Бошқарувининг Қарори таҳриридаги банд) (Олдинги таҳририга қаранг)
6. Юридик шахслар фаолият юритиш, шу жумладан давлат божи ва йиғимларни тўлаш билан боғлиқ харажатларни миллий валютадаги корпоратив банк карточкаларидан фойдаланган ҳолда амалга оширишлари мумкин. (АВ 03.04.2018 й. 1470-2-сон билан рўйхатга олинган МБ Бошқарувининг Қарори таҳриридаги банд) (Олдинги таҳририга қаранг)
7. Корпоратив банк карталаридан фойдаланган ҳолда нақд пулсиз шаклда тўлаш учун сарф қилинаётган пул маблағлари корпоратив банк картасининг сақловчисига ҳисобдорлик шарти билан бериладиган, қатъий тарзда белгиланган мақсадларга ишлатиладиган маблағлар бўлиб ҳисобланади.
Корпоратив банк картасининг сақловчиси уни ҳисобдорликка олган кундан бошлаб 10 кундан кечиктирмаган ҳолда корпоратив банк карталари воситасида ишлатилган суммалар тўғрисида юридик шахснинг бухгалтериясига ҳисобот тақдим этиши шарт.
8. Хизмат сафарлари билан боғлиқ харажатларни тўлаш учун корпоратив банк картасидан фойдаланганда, корпоратив банк картасининг сақловчиси хизмат сафаридан қайтганидан кейин қонунда белгиланган муддатда корпоратив банк картаси воситасида сарфланган суммалар тўғрисида бухгалтерияга ҳисобот тақдим этиши шарт.
Хизмат сафарлари билан боғлиқ харажатлар корпоратив банк картаси воситасида тўланганда, "Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги хизмат сафарлари тўғрисидаги йўриқнома"га (рўйхат рақами 1268, 2003 йил, 29 август - Меъёрий ҳужжатлар ахборотномаси, 2003 йил, 16-сон) мувофиқ қонунда белгиланган тегишли реквизитларга эга бўлган терминал квитанцияларининг асл нусхалари ва бошқа ҳужжатлар юридик шахс бухгалтерияси учун ҳисобот ҳужжатлари сифатида хизмат қилади.
9. Корпоратив банк картаси воситасида бошқа харажатлар учун тўловлар амалга оширилганда ҳисобот ҳужжатлари сифатида терминаллар квитанцияларининг асл нусхалари, унга илова қилинган тегишли савдо ва хизмат кўрсатиш корхоналари томонидан кўрсатилган хизматлар бўйича тўловни терминал орқали қабул қилган хизматчининг имзоси ва "тўланди" муҳри қўйилган счётлар ва квитанциялар хизмат қилади.
10. Хўжалик эҳтиёжлари учун майда улгуржи тартибда товарлар учун корпоратив банк картаси воситасида тўлов амалга оширилганда, терминаллар квитанциялари асл нусхалари, унга илова қилинган товар счётлари ва қонунга мувофиқ бошқа ҳужжатлар ҳисобот ҳужжатлари сифатида хизмат қилади.
11. Корпоратив банк картасига унинг сақловчига тўланадиган иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, пенсиялар, нафақалар, стипендиялар ва дивидендларни ўтказишга йўл қўйилмайди. Шунингдек, корпоратив банк карталари воситасида нақд пул берилишига йўл қўйилмайди.
12. Карта ҳисобварағидаги сарфланмай қолган маблағларни асосий талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағига қайтариш тўлов топшириқномаси билан амалга оширилади.
III. ЎТКАЗИЛГАН ОПЕРАЦИЯЛАРНИНГ
ҚОНУНИЙЛИГИ УЧУН ЖАВОБГАРЛИК
13. Корпоратив карта орқали амалга оширилган операцияларнинг қонунийлиги учун жавобгарлик карта ҳисобварағини очган юридик шахс зиммасида бўлади.
IV. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР
14. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси молия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва Ўзбекистон банклар ассоциацияси билан келишилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |