Ўзбекистон Республикаси
Адлия вазирлигида
2019 йил 1 июлда 3170-сон
билан рўйхатга олинган
Ўзбекистон Республикаси
молия вазирининг
2019 йил 27 майдаги
62-сон буйруғига
ИЛОВА
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
БЮДЖЕТ ҲИСОБИНИНГ СТАНДАРТИ
(12-сонли БҲС)
ҚУРИЛИШГА ОИД ШАРТНОМАЛАР
Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (12-сонли БҲС) "Қурилишга оид шартномалар" (бундан буён матнда Стандарт деб юритилади) Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодекси, Ўзбекистон Республикасининг "Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ бюджет ташкилотлари, давлат мақсадли ва бошқа бюджетдан ташқари жамғармаларнинг (бундан буён ташкилотлар деб юритилади) қурилишга оид шартномалар бўйича даромадлар ва харажатлар ҳисобини юритиш тартибини белгилайди.
1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
1. Стандартда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
қурилишга оид шартнома (бундан буён матнда шартнома деб юритилади) - алоҳида объект (кўприк, бино, тўғон, қувур, йўл, кема ёки туннеллар ва бошқалар) ёки тузилиши, технологиялари, функциялари ёхуд якуний фойдаланилиши бўйича ўзаро боғлиқ бўлган объектлар комплексини қуриш учун тузиладиган келишув;
пудратчи - қурилишга оид шартнома шартлари бўйича ишларни амалга оширувчи субъект;
якунланиш фоизи услуби - шартнома бўйича ишларни уларнинг бажарилган фоизини ҳисоблаш асосида даромад ва харажатларни тан олиш услуби.
2. Шартнома қуйидаги турларда тузилади:
объектларни қуриш билан боғлиқ бўлган хизматларни кўрсатиш бўйича шартномалар (мисол учун, қуриладиган объект лойиҳасини тузиш, экспертизадан ўтказиш ва бошқалар);
объектларни қуриш, бузиш, қайта тиклаш ва улар бузилганидан кейин атроф-муҳитни қайта тиклаш бўйича шартномалар.
2-БОБ. ШАРТНОМАЛАР БЎЙИЧА
ДАРОМАДЛАР
3. Шартномалар бўйича даромадларга қуйидагилар киради:
даромаднинг шартномада келишилган дастлабки қиймати;
шартнома бўйича ишларнинг ўзгаришидан олинган даромад.
4. Шартномадан олинадиган даромад ҳақиқий қиймат бўйича аниқланади. Шартнома бўйича тушадиган даромадларни баҳолашга келажакда содир этиладиган ҳодисалар таъсир кўрсатиши мумкин.
Шартномада даромаднинг дастлабки қиймати кўрсатилмаслиги мумкин, бунда у шартноманинг умумий муддати давомида кутилаётган харажатлар асосида баҳоланади.
5. Шартнома бўйича даромад суммаси бир ҳисобот давридан бошқасига ўтганда кўпайиши ёки камайиши мумкин (масалан, шартнома бўйича даромад суммаси пудратчи томонидан шартнома талаблари бажарилишининг кечикиши натижасида жарима санкциялари қўлланилганда).
6. Шартнома бўйича ишларга ўзгаришлар киритилиши шартнома бўйича даромадларнинг кўпайиши ёки камайишига олиб келиши мумкин (масалан, объект тузилиши ёки хусусиятидаги ўзгаришлар ёхуд шартнома муддатининг ўзгариши).
Do'stlaringiz bilan baham: |