4-БОБ. ШАРТНОМАЛАРНИ БИРЛАШТИРИШ ВА АЖРАТИШ 13. Шартнома бир неча объектларнинг қурилишини ўз ичига олиши мумкин. Бироқ, ҳар бир объектни қуриш бўйича даромадлар ва харажатларни аниқлаш имконияти бўлганда, улар алоҳида шартнома деб ҳисобланади.
14. Шартнома буюртмачининг хоҳишига қараб қўшимча объект қурилишини кўзда тутиши ёки қўшимча объект қурилиши билан тўлдирилиши мумкин. Қўшимча объектнинг қурилиши қуйидаги ҳолларда алоҳида шартнома деб ҳисобланади:
объект дастлабки шартномада белгиланган объект ёки объектлардан тузилиши, технологияси ёки функцияси бўйича тубдан фарқ қилганда;
қўшимча объектни қуриш нархи дастлабки шартнома қийматини ҳисобга олмаган ҳолда келишилганда.
15. Шартномалар жамланмаси қуйидаги ҳолларда ягона шартнома сифатида ҳисобга олиниши керак:
жамланган шартномалар асосида ягона объект қурилаётган бўлса;
шартномалар ўзаро боғлиқ бўлганда, улар ягона лойиҳа қисмини ва умумий фойда нормасини акс эттирган ҳолларда;
шартномалар бир вақтда ёки узлуксиз кетма-кетликда амалга оширилса.
5-БОБ. ШАРТНОМА БЎЙИЧА ДАРОМАД ВА ХАРАЖАТЛАРНИ ТАН ОЛИНИШ 16. Шартнома натижаси ишончли баҳоланганда, ҳисобот санасига шартнома бўйича ишларнинг якунланиши натижасида даромад ва харажатлар тан олинади.
17. Якунланиш фоизи услуби бўйича даромадлар харажатларга боғлиқ бўлади ва ҳисоботда ишларнинг якунланган қисми бўйича даромад, харажат ва фойда ёки зарар тўғрисидаги маълумотлар акс эттирилади.
Мазкур услубга мувофиқ шартнома бўйича даромад ва харажатлар ҳисобот давридаги молиявий фаолият натижалари бўйича даромад ва харажатлар сифатида тан олинади.
18. Шартнома натижаси ташкилот томонидан шартнома билан боғлиқ иқтисодий наф ёки хизмат кўрсатиш салоҳиятини олиш эҳтимоллиги мавжуд бўлганда, ишончли баҳоланади. Бунда, шартнома қуйидагиларни назарда тутиши лозим:
харажатларни қоплаш бўйича талаблар;
ҳисоб-китоб манбалари ва шартлари.
Ташкилотларда ички молиявий ресурслари ва ҳисоботлари мавжуд бўлганда ҳамда шартнома бўйича даромад ва харажатларни кузатиб борилганда шартнома натижаси ишончли баҳоланиши талаб этилмайди.
19. Шартноманинг бажарилиш даражаси ташкилот томонидан қуйидагилар асосида баҳоланади:
ҳисобот даврида ишларни бажариш учун умумий харажатлар;
бажарилган ишлар тўғрисида ҳисобот.
20. Шартнома харажатлари қурилиш ишларининг бажарилиши якунланиш фоизи услуби орқали ҳисобланса, харажат деб ҳисобот даврида аниқ бажарилган ишлар бўйича харажатлар тан олинади.
21. Шартнома бўйича харажатлардан қуйидагилар чиқарилади:
шартнома бўйича ишларни бажаришда фойдаланилмасдан қолдирилган материаллар қиймати;
ёрдамчи пудратчиларга аванс тўловлари.
22. Шартнома натижасини ишончли баҳолаш имконияти мавжуд бўлмаганда:
даромад шартнома бўйича харажатлар қай даражада киритилган бўлса шу даражада тан олиниши керак;
шартнома бўйича харажатлар улар юзага келган ҳисобот давридаги харажат сифатида тан олиниши зарур.
23. Шартнома бўйича даромад харажатларнинг қопланишигача тан олинади. Шартнома бажарилиши натижаси ишончли баҳоланмаганда, даромад ва харажат тан олинмайди.
Шартнома бўйича харажатларнинг даромадлардан ошиши унинг натижасини ишончли баҳоланмаслигига олиб келади.
24. Шартнома бўйича харажатларнинг иштирокчилар томонидан қопланиши эҳтимоллиги паст бўлса, улар харажатлар сифатида тан олинади. Бундай тан олиш:
бажарилиши кутилаётган ишлар суд қарори ёки қонун ҳужжатлари натижасига боғлиқ бўлганда;
суд қарори бўйича жавобгарликка тортиладиган мулкка тегишли бўлганда;
буюртмачи ёки пудратчи ўзининг шартнома мажбуриятларини бажара олмаганда юзага келади.