4-§. Жиноят ва жиноятчилик, унинг сабаблари
Жиноят ва жиноятчилик бир-бири билан боғлиқ бўлган ҳодиса бўлиб, жиноят — жазо қўллаш таҳдиди билан жиноят қонунида тақиқланган ижтимоий хавфли қилмиш (ҳаракат ёки ҳаракатсизлик)ни айбли содир этишдан иборат бўлган ҳодиса бўлса, жиноятчилик муайян вақт мобайнида содир этилган барча турдаги жиноятларнинг йиғиндисидан иборатдир.
Жиноятчилик ғоят мураккаб ижтимоий ҳуқуқий ҳодиса бўлиб, унинг кенгроқ таърифини қуйидагича ифодалаш мумкин:
Жиноятчилик кишилик жамиятида мавжуд бўладиган ўзининг қонуниятларига, сифат ва миқдор тавсифига эга бўлган, жамият ва кишилар учун салбий оқибатлар келтириб чиқарадиган ва унинг устидан давлат ва жамиятнинг махсус назорат чоралари ўрнатишни талаб қиладиган салбий, ижтимоий-ҳуқуқий ҳодисадир.
Алоҳида ижтимоий хавфли қилмишларнинг жиноят эканлиги масаласи жиноят ҳуқуқида ўрганилади. Криминология фани эса қилмишнинг жиноят ва жиноят эмаслигини эмас, балки жиноятчиликни кишилик жамиятида мавжуд бўладиган салбий ижтимоий ҳодиса сифатида ўрганади.
Жиноят ҳуқуқи жиноятга юридик факт сифатида қараса, криминология жиноятни ижтимоий ҳодиса сифатида ўрганади. Шунга кўра жиноят ҳуқуқи билан криминология фани бир-бири билан узвий боғлиқ эканлиги жиноят ҳуқуқида белгиланади. Шунга кўра криминология ўзининг бошланғич асосларини жиноят ҳуқуқидан олади.
Жиноят ҳодисаси жиноят-ҳуқуқий нуқтаи назаридан ўрганилганда, бу ҳодиса инсон томонидан жиноят қонуни билан тақиқланган актни содир этиш, деб баҳоланади. Жиноятга жиноят ҳуқуқий нуқтаи назардан баҳо бериладиган тушунча жиноят ҳуқуқи назариясида ишлаб чиқилган. Жиноят ҳуқуқида содир этилган ижтимоий хавфли қилмишга жиноят таркиби қоидалари тадбиқ этилиб, жиноят таркиби тўртта томондан, яъни жиноятнинг объекти ва объектив томони, субъекти ва субъектив томони таҳлил қилиниб, қилмишнинг жиноят ёки жиноят эмаслиги аниқланади, Жиноят кодексидаги муайян моддасининг белгиларига таққосланиб кўрилади ва ўша моддада назарда тутилган жиноят содир этилган, деб топилади.
Қилмишни жиноят деб ҳисоблаш масаласи тўртта белги билан, яъни қилмишнинг ижтимоий хавфлилиги, ҳуқуққа хилофлиги, жазога сазоворлиги ва айбнинг мавжудлиги белгилари билан ифодаланса, жиноят криминология нуқтаи назардан ўрганилганда икки жиҳатдан ёндашилади, яъни:
- биринчидан — жиноят содир қилган шахснинг ўзини тавсифи ва уни ўраб турган атроф муҳит нуқтаи назардан;
- иккинчидан — жиноятга бир марта содир қилинган алоҳида акт сифатида эмас, балки вақт ва маконда содир этилган жараён нуқтаи назардан ўрганилади.
Демак, жиноят ҳодисаси жиноят-ҳуқуқий нуқтаи назардан таҳлил қилинганда, шахсни жиноят қонунининг муайян моддаси билан жавобгар қилиш учун зарур бўлган белгилар тизими таҳлил қилинади. Криминология нуқтаи назардан қаралганда эса жиноят содир қилишнинг шароит ва сабаблари, жиноят содир этган кишининг ўзига хос шахсий хусусиятлари ва жиноий хулқнинг оқибатлари ўрганилади. Шунга кўра жиноят ҳодисаси криминология нуқтаи назардан таҳлил қилинганда ушбу шахс томонидан жиноий фаолиятни давом эттириши ёки янги жиноят содир этиш мумкинлигининг олдини олиш учун қандай ҳаракатлар қилиш кераклиги ва бошқа шахслар томонидан ҳам шундай қилмиш содир этилишининг олдини олиш учун қандай чоралар ишлаб чиқиш кераклиги назарда тутилади. Бундан ташқари, жиноят содир қилган шахсга қонун доирасида жиноятнинг олдини олишнинг қандай аниқ чорлари кўриш мумкинлигини ҳам белгилайди.
Жиноят ҳуқуқи жиноятни жиноят содир қилиш пайтида қонунда белгиланган ёшга етган ақли расо шахс томонидан содир этилган юридик факт сифатида ўрганса, крминологияда жиноятчилик қуйидаги белгиларда ифодаланадиган ҳодиса деб ўрганилади:
1. Жиноятчилик — жамиятда мавжуд бўладиган ҳодиса.
2. Жамият ва кишилар учун салбий оқибатлар келтириб чиқарадиган ва унинг устидан давлат ва жамиятнинг махсус назорат чораларини ўрнатишни талаб қиладиган салбий ижтимоий ҳодиса;
3. Жиноятчилик—ўзгарувчан ҳодиса;
4. Жиноятчилик—ижтимоий-ҳуқуқий ҳодиса.
Жиноятчилик кишилик жамиятида мавжуд бўладиган ўзгарувчан ҳодисадир. Жиноятчиликнинг ҳолати, даражаси, структураси инсон тараққиёти давомида сифат ва миқдор жиҳатдан ўзгариб борувчи ҳодисалиги шундаки, жамиятдаги иқтисодий, ижтимоий, сиёсий ҳуқуқий ўзгаришларга қараб ўзгариб боради. Сифат жиҳатидан содир этиш усули, уюшган гуруҳ бўлиб содир этилиши, замонавий фан ва техника ютуқларидан фойдаланиб содир этилиши ва ҳоказоларда ифодаланади.
Жиноятчиликнинг ижтимоий ҳодиса эканлиги шундаки, жиноятларнинг субъектлари жамият аъзоларининг ўз ичидаги шахслар бўлиб, улар ўзлари билан бирга яшаб турган жамиятдаги ижтимоий муносабатларга ва жамият аъзоларига тажовуз қиладилар. Жиноятчилик ҳодисанинг шароит ва сабаблари ҳам ижтимоий сабаблар туфайли юз беради.
Жиноятчилик ижтимоий ҳодиса сифатида бошқа ҳар қандай ижтимоий муносабатлардаги иқтисодий, сиёсий, ғоявий, руҳий бошқарув, ҳуқуқий ва ҳоказо муносабатлар билан боғланиб кетган. Шунинг учун ҳам жиноятчиликнинг ўсиши, хусусиятлари, ижти-моий жараёнларнинг ўзаро алоқадорлиги қарама-қаршиликлар, криминологик вазиятларнинг миқёси билан белгиланади.
Жиноятчилик содир этилган жиноятларнинг оддий йиғиндисидан иборат бўлмай, бир бутун ижтимоий ҳодисани ташкил қилувчи жиноятлар тизимидан иборат. У ўзига хос хусусиятларга эга бўлиб, ўзининг ижтимоий муносабатлар билан боғланиб кетган. Шунинг учун унинг сабаблари ҳам ана шу ижтимоий муносабатларда ётади.
Жиноятчилик муайян ҳудудда, муайян вақт мобайнида содир этилган жиноятлар жамидан иборат экан, жиноят ва жиноятчиликнинг алоқадорлиги бир қисмдан бир бутунга, алоҳидаликдан умумийликка эга бўлган умумий қонуниятларга асосланади. Жиноятчиликнинг қонуниятлари алоҳида турдаги жиноятлар орқали эмас, балки уни бир бутун салбий ижтимоий ҳодиса сифатида таҳлил қилиш орқали аниқланади.
Жиноятчиликни оддий рақамларда ифодалаб, унинг мазмун ва моҳиятини очиб бериб бўлмайди. Шунга кўра, жиноятчилик криминологияда сифат ва миқдор кўрсаткичлари орқали ифодаланади. Жиноятчиликнинг миқдор кўрсаткичлари унинг даражаси ва динамикаси бўлса, сифат кўрсаткичлари унинг структураси ва хусусиятларидаги ўзгаришлардир.
Ўзбекистон бозор иқтисодиёти тизимига ўтиши жараёнида уюшган жиноятчилик, гиёванд воситалар билан Ҳозирқонуний муомала қилиш, коррупция жиноятларининг ўсганлиги куза-тилди. Булар жиноятчиликдаги сифат ўзгаришлардир.
Жиноятчиликнинг сабаблари ғоят мураккаб мавзулардан бири ҳисобланиб, инсониятнинг кўп минг йиллик тарихида бу салбий ижтимоий ҳодиса одамларнинг энг илғор қисмини ҳар доим ташвишга солиб келган. Нима сабабдан одамларнинг муайян қисми жиноят содир қилади? Жиноят содир қилишнинг сабаби қаерда ётади? Бу муаммо фанларнинг турли тармоқлари мутахассислари томонидан жиддий мунозараларга сабаб бўлиб келмоқда ва ҳозирги кунда ҳам олимлар бу борада бир фикрга келган эмаслар. Жиноятчиликнинг сабаблари тўғрисидаги масалалар криминология дарслиги III бўлимида, яъни 5 ва 6-бобларда батафсил баён қилинган31[31].
Do'stlaringiz bilan baham: |