субъекти сифатида
Иш берувчи якка тартибдаги тадбиркорлар белгиланган тартибда якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтган ва тадбиркорлик фаолиятини юридик шахс тузмасдан амалга оширадиган, шунингдек, хусусий нотариуслар ва адвокатлик бюроси адвокатлари ҳамда профессионал фаолиятини давлат рўйхатидан ўтказган ва лицензиялаган ҳолда олиб борувчи ҳамда шу мақсадда ходимлар билан меҳнат шартномалари тузадиган жисмоний шахслардир”.
3 БОБ.ОБЪЕКТИВ ДИФФЕРЕНЦИАЦИЯГА ОИД ХОДИМЛАР ТОИФАСИ БИЛАН МЕҲНАТ ШАРТНОМАСИНИ ТУЗИШНИНГ НАЗАРИЙ ВА АМАЛИЙ МУАММОЛАРИ
3.1.Ўриндошлик асосида ишлаш тўғрисида меҳнат шартномасини тузиш
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 18 октябрдаги 297-сонли “Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори ҳамда ушбу Қарорга илова шаклида тасдиқланган Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисидаги низом мамлакатимизда ўриндошлар меҳнатини тартибга солувчи асосий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳисобланади. Иш берувчи билан ўриндошлик асосида ишловчи ўртасидаги муносабатларнинг асосий қоидалари ва хусусиятлари мазкур Низом билан тартибга солинсада, Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексида ҳам ушбу тоифадаги ходимлар меҳнатини ҳуқуқий тартибга солиш билан боғлиқ айрим нормалар ўз аксини топган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 72-моддаси(Меҳнат шартномасининг тушунчаси ва тарафлари), 80-моддаси(Ишга қабул қилиш вақтида талаб қилинадиган ҳужжатлар), 81-моддаси(Меҳнат дафтарчаси), 100-моддаси (Меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш), 133-моддаси(Йиллик меҳнат таътиллари), 143-моддаси (Таътилларни бериш тартиби), 160-моддаси(Бир неча касбда (лавозимда) ва ўриндошлик асосида ишлаганлик учун меҳнатга ҳақ тўлаш)да ўриндошлар ва бир неча касбда ишловчи ходимлар меҳнатининг айрим институтлар бўйича ҳуқуқий тартибга солиниши билан боғлиқ нормалар мустаҳкамланган.
Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш аҳоли даромадларини қўшимча меҳнат фаолияти билан шуғулланиш орқали кўпайтириш, шунингдек ишчи кучи етишмаётган соҳаларда ўриндошлар меҳнатидан фойдаланиш орқали камчиликларни бартараф этишга қаратилган.
Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисидаги низом мулкчиликнинг барча шаклидаги корхоналар, муассасалар, ташкилотларда меҳнат шартномасига мувофиқ ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишловчи жисмоний шахслар — Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, шунингдек хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг меҳнат муносабатларини тартибга солиш қоидаларини белгилаб берган.
Мазкур Низомнинг асосий тушунчалари рўйхатида асосий иш жойи ва ўриндошлик асосида ишлашлар келтирилган. Унга кўра асосий иш жойи деганда, иш берувчи томонидан ходимнинг меҳнат дафтарчаси юритиладиган ташкилот тушунилади. Ўриндошлик асосида ишлаш эса ходимнинг ўзининг асосий ишини бажаришидан ташқари асосий ишидан бўш вақтида меҳнат шартномаси асосида бошқа ҳақ тўланадиган ишни бажариши ҳисобланади.
Меҳнат ҳуқуқида ўриндошлик асосида ишлашни икки тури назарда тутилган: ички ўриндошлик ва ташқи ўриндошлик. Ушбу қоидалар Низомнинг 5-бандида ҳам ўз аксини топган бўлиб, унга кўра ўриндошлик асосида ишлашга асосий иш жойида (ички ўриндошлик) ёхуд бошқа ташкилотда (ташқи ўриндошлик) ишлашга йўл қўйилади деб белгилаб қўйилган.
Ходимнинг асосий иш жойи ҳисобланган ташкилотда ўриндошлик асосида ишлашга, яъни ички ўриндошликда вақтинча бўлмаган ходимнинг ишини бажаришда ёки бўш лавозимдаги ишни бажаришда йўл қўйилади. Бошқа ташкилотда асосий иш вақтидан ташқари ишлаш ташқи ўриндошлик ҳисобланиб, ходимларга бир вақтнинг ўзида бир неча корхонада ўриндошлик бўйича ишлашга рухсат берилиши масаласида қонунчиликда ягона кўрсатма мавжуд эмас. Ҳуқуқшунос М.Гасановнинг қайд этишича, умумий қоидага кўра бир неча корхонада ўриндошлик йўли билан ишлашга рухсат этилмайди. Лекин, бу умумий қоидалардан истиснолар ҳам йўқ эмас. Мутахассислиги бўйича бир неча корхоналарда ўриндошликка тиббиёт ва фармацевтика ходимларига, ветеринар ходимларга рухсат берилади1. Л.Зайцеванинг таъкидлашича, Россия Федерациясида ўриндошлик асосида ишлаш бўйича меҳнат шартномасини чекланмаган сондаги иш берувчилар билан тузишга рухсат берилади, агар федерал қонунларда бошқа ҳолат назарда тутилмаган бўлса2.
Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг 4-бандига асосан қуйидагиларнинг ўриндошлик асосида ишлаши тақиқланади:
ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар;
агар ўриндошлик асосида ишловчининг асосий иши меҳнатнинг ноқулай шарт-шароитлари билан боғлиқ бўлса, шундай шарт-шароитдаги ишларда ишлаш (соғлиқни сақлаш тизими ташкилотлари ходимлари бундан мустасно);
Ўзбекистон Республикаси Президенти Девони ва Вазирлар Маҳкамаси аппарати ходимлари (техник ва хизмат кўрсатувчи ходимлардан ташқари), давлат бошқаруви органлари раҳбарлари, уларнинг ўринбосарлари ва таркибий бўлинмалар бошлиқлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;
вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари ва уларнинг ўринбосарлари;
бир-бирига бўйсунувчи ёки бир-бирининг назоратидаги ташкилотларда давлат бошқаруви органлари мутахассислари - соғлиқни сақлашни бошқариш органларида банд бўлган врачлар ва таълимни бошқариш органларида банд бўлган ўқитувчилар бундан мустасно;
қонун ҳужжатларига мувофиқ ўриндошлик асосида ишлаши тақиқланган бошқа шахслар (ходимлар).
Ўриндошлик асосида бошқа корхонага ёки асосий иш жойидаги ишга кирувчи шахс билан ёзма шаклда меҳнат шартномаси тузилади, шартноманинг раҳбар имзоси ва корхона муҳри билан тасдиқланган иккинчи нусхаси ходимга сақлаш учун берилади. Ўриндошлик асосида ишловчи билан меҳнат шартномаси асосий ходимларни ишга қабул қилишдаги сингари дастлабки синов шарти билан тузилиши мумкин. Шунингдек, агар ўриндошлик асосидаги иш пул ёки товар бойликлари билан муомала қилиш билан боғлиқ бўлса, бунда меҳнат шартномасидан ташқари ўриндош билан тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисида шартнома тузиш мумкин1.
Ўриндошлик асосида тузиладиган меҳнат шартномалари бошқа меҳнат шартномаларидан нимаси билан фарқ қилиши, унинг ўзига хос хусусиятлари нималардан иборат бўлиши ҳақида алоҳида қоидалар мавжуд. Масалан, Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг 8-бандида белгиланишича, ходим билан ўриндошлик асосида ишлаш учун тузиладиган меҳнат шартномасида Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексида белгиланган талаблар билан биргаликда иш вақтининг давомийлиги мажбурий тартибда кўрсатилади. Низомнинг 7-бандига мувофиқ эса, ўриндошлик асосида ишлашда ўриндошлик асосида ишлашнинг давомийлиги ходимларнинг ушбу тоифаси учун белгиланган иш вақти нормасининг ярмидан ортиқ бўлиши мумкин эмас (соғлиқни сақлаш тизими врач ходимлари бундан мустасно). Ходим асосий иш жойидаги меҳнат мажбуриятларини бажаришдан озод бўлган кунларда у ўриндошлик асосида тўлиқ иш кунида ишлаши мумкин.
Агар ташкилотда ўриндошлар учун иш вақти давомийлигининг ҳар кунги ярим нормасига риоя этилиши мумкин бўлмаган тақдирда иш вақтини жамланган ҳолда ҳисоблаб юритишга йўл қўйилади. Иш вақти жамланган ҳолда ҳисоблаб юритилганда ўриндошлик асосида иш вақтининг умумий давомийлиги ҳисобга олинадиган давр учун ўриндошлик асосидаги лавозим бўйича иш вақти нормасининг ярмидан ортиқ бўлмаслиги керак. Бунда ҳисобга олинадиган давр бир ойдан ортиқ бўлмаслиги, кунлик ишнинг (сменанинг) давомийлиги эса – ўн икки соатдан ортиқ бўлмаслиги керак.
Ички ўриндошлик асосида ишлашда иш вақтини ҳисобга олиш асосий иш бўйича ва ўриндошлик асосидаги иш бўйича алоҳида-алоҳида юритилади.
Ҳуқуқшунос М.Гасановнинг таъкидлашича, ўриндошлар билан тузиладиган меҳнат шартномасининг хусусиятларидан бири шундаки, унда зарур меҳнат шарти сифатида қонун ҳужжатларида назарда тутилган энг кўп даражадан(кунига 4 соатдан ошмайдиган ёки асосий ишидан дам олиш кунлари тўлиқ иш куни) ошмайдиган муддатдаги аниқ иш вақти албатта белгилаб қўйилиши керак. Бунда ўриндошлик асосидаги ишнинг умумий муддати бир ойда ходимларнинг тегишли тоифаси учун белгиланган иш вақтининг ярмидан ошмаслиги зарур1. Ҳуқуқшунос Л.Зайцеванинг фикрича, ўриндошлик асосида ишлаш бўйича шартноманинг мажбурий шартлари мавжуд. Хусусан, меҳнат шартномасида албатта иш ўриндошлик эканлиги кўрсатилиши лозим. Модомики, ўриндошлик бўйича ишлар иш вақтидан бўш вақтда бажарилар экан, меҳнат шартномасида иш вақти ва дам олиш вақти режими: ҳафтадаги иш кунлари сони, дам олиш кунлари, иш кунининг бошланиши ва тугаш вақти, танаффуслар ва бошқалар мажбурий равишда белгиланиши лозим. Шунингдек, Россия Федерацияси Меҳнат кодексининг 59-моддаси ўриндошлар билан муддатли меҳнат шартномаси тузишга йўл қўяди1. Афсуски, миллий меҳнат қонунчилигимизда ўриндошлар билан тузиладиган меҳнат шартномаларининг муддати билан боғлиқ биронта қоида мавжуд эмас. Амалиётда эса ўриндошлар билан меҳнат шартномалари бир йил муддатга тузилади деган қараш шаклланган ва аксар ҳолларда ушбу муддатга тузилади. Шу муносабат билан ўриндошлик асосида тузиладиган меҳнат шартномалари муддатига нисбатан ҳам аниқлаштирувчи қоидаларни меҳнат қонунчилигига киритиш мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг 6-бандида ўриндошлик асосида бошқа ташкилотга ишга кираётган шахслардан талаб қилинадиган ҳужжатлар рўйхати кўрсатиб ўтилган. Улар қуйидагилардир:
паспортни ёхуд унинг ўрнини босадиган ҳужжатни;
меҳнат дафтарчаси ўрнига асосий иш жойидан Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан тасдиқланадиган шакл бўйича маълумотномани тақдим этиши шарт.
Ўриндошлик асосида ишлаш учун иш берувчининг, асосий иш жойидан касаба уюшмаси қўмитасининг (ходимларнинг бошқа вакиллик органининг) ёки бошқа органнинг розилиги талаб қилинмайди.
Бажарилиши учун фақат қонун ҳужжатларига мувофиқ муайян иш стажига эга бўлган шахслар қўйилиши мумкин бўлган ишга ўриндошлик асосида қабул қилишда асосий иш жойидаги меҳнат дафтарчасининг тасдиқланган нусхаси тақдим этилади.
Махсус билимларни талаб этадиган ўриндошлик асосида ишга қабул қилишда иш берувчи ходимдан маълумоти ёки касб-ҳунар бўйича тайёргарлиги тўғрисидаги дипломни ёхуд бошқа ҳужжатни талаб қилиш ҳуқуқига эга.
Ўриндошлик асосида ишлашга қабул қилишда мазкур бандда назарда тутилмаган ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланади.
Шу ўринда амалиётда кўпинча ўриндошлик асосида ишловчи ходимларнинг асосий иш жойидан меҳнат шартномасини бекор қилинишига дуч келамиз. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси ва бошқа қонун ҳужжатларида мазкур ҳолатларда ўриндошларни асосий ходимлар сифатида эътироф этишнинг тартиби белгиланмаган. Мазкур масаланинг ечими бўйича бошқа давлатлар меҳнат қонунчилигида ҳам бўшлиқлар мавжуд. Жумладан, Л.Зайцеванинг қайд этишича, аввал ўриндошлик асосида ишга қабул қилинган ходимлар асосий иш бўйича меҳнат муносабатлари тугатилган тақдирда муайян мураккабликлар туғилиши мумкин. Назаримизда, мазкур ҳолатда у ўриндошлик асосидаги меҳнат шартномасини иш берувчига меҳнат дафтарчасини тақдим этиш орқали асосий иш бўйича меҳнат шартномасига ўзгартиришни талаб қилишга ҳақли. Гарчи ушбу масалада қонунчиликда муайян бўшлиқ мавжуд бўлсада, “Меҳнат шартномаси” институтининг умумий нормалари мазмунини ҳисобга олсак, иш берувчи меҳнат шартномасини бундай ўзгартиришни рад қилишга ҳақли эмас1.
Таъкидлаш лозимки, Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисидаги Низомга илова шаклида Ўриндошлик асосида ишлаш ҳисобланмайдиган ишлар рўйхати тасдиқланган. Гарчи қўшимча меҳнат фаолияти бўлсада, ушбу рўйхатда назарда тутилган қуйидаги ишлар ўриндошлик асосида ишлар деб ҳисобланмайди:
1) Илмий фаолиятни ёки ўқитувчилик фаолиятини амалга ошириш, агар бундай фаолият асосий иш жойи бўйича бажариладиган иш ҳисобланмаса;
2) Улар учун муаллифлик гонорари сифатида ҳақ тўланадиган фан, адабиёт ва санъат асарлари яратиш;
3) Ходим томонидан, асосий ишдан ташқари, ўша ташкилотнинг ўзида штат лавозимини эгалламасдан бошқа ишни бажариш;
4) Муаллифлик гонорари шаклида ҳақ тўланадиган адабий иш, шу жумладан алоҳида асарларни таҳрир, таржима қилиш ва уларга тақриз ёзиш бўйича ишлар;
5) Меҳнатга бир марта ҳақ тўланган ҳолда техник, тиббий, бухгалтерия, ҳуқуқий ва бошқа экспертиза (маслаҳат бериш);
6) Умумтаълим мактаблари, ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасалари, мактабдан ташқари таълим муассасалари ўқитувчилари ва бошқа педагог ходимлари (раҳбарларидан ташқари) ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ҳамда меҳнат ҳақи тўлаш бўйича уларга тенглаштирилган бошқа таълим муассасаларининг ўқитувчилари ва мастерлари, таълим муассасаларидаги концертмейстерлар ва аккомпаниаторлар, мактабгача таълим муассасалари ва «Меҳрибонлик» уйлари педагог ходимларининг (раҳбарларидан ташқари) айнан шу муассасада белгиланган меҳнат нормасидан ортиқ бўлган, лекин ушбу иш тури бўйича иш вақти нормал давомийлигининг 50 фоизидан кўп бўлмаган иши;
7) Соғлиқни сақлаш муассасаларида ойига 24 соатдан ортиқ бўлмаган ҳажмда, меҳнатга бир марта ёки соатбай ҳақ тўланган ҳолда, тиббиёт маслаҳатчилари вазифаларини бажариш;
8) Илмий-тадқиқот муассасаларида ва олий таълим муассасаларида ушбу таълим муассасалари штатида турмаган илмий ходимлар томонидан докторант ва мустақил изланувчиларга раҳбарлик қилиш;
9) Ходим томонидан сиёсий партиялар, касаба уюшмалари ва жамоат бирлашмалари марказий ва ҳудудий органларининг сайлаб қўйиладиган лавозимларида раҳбар ходим, Кузатувчи кенгаш ёки Директорлар (бошқарувчилар) кенгаши раиси ёки аъзоси, Маҳсулот тақсимотига оид битим доирасида қўмитани бошқарувчи, ишончли бошқарувчи ёки ташкилотда давлатнинг ишончли вакили сифатида бажариладиган иш;
10) Жамоатчилик асосида бажариладиган ишлар.
Ходимларнинг ушбу тоифаси ўриндошлар деб ҳисобланмайди ҳамда улар билан мазкур ишлар бўйича меҳнат шартномаси тузиш талаб этилмайди. Одатда улар билан иш бажариш ёки хизмат кўрсатиш ҳақидаги фуқаролик ҳуқуқий шартномалар(Ўқув машғулотларини ўтганлик учун ҳақ тўлаш тўғрисида) тузилади ёки ҳеч қандай шартномалар(докторантлар ва мустақил изланувчиларга раҳбарлик қилиш, жамоатчилик асосида иш бажариш) билан расмийлаштирилмайди.
Шунинг билан бирга айрим тоифадаги ходимлар учун ўриндошлик асосида ишлашнинг ўзига хос хусусиятлари ҳам мавжуд бўлиб, уларга ўриндошлик асосида ишлашнинг умумий қоидаларидан ташқари бошқа махсус қоидалар ҳам қўлланилади. Мисол учун Россия Федерацияси Меҳнат вазирлигининг 2003 йил 30 июндаги 41-сонли “Педагог, тиббиёт, фармацевтика ходимлари ва маданият ходимларининг ўриндошлик бўйича ишлаш хусусиятлари ҳақида”ги қарорида мазкур ходимларнинг ўриндошлик асосида ишлаш хусусиятлари кўрсатиб ўтилган1. Мазкур амалиётдан келиб чиқиб, тармоқ соҳалар бўйича меҳнатни тартибга солишнинг ўзига хос хусусиятлари чуқурлашиб бораётган бир шароитда мамлакатимизда ушбу тоифадаги ходимларнинг ўриндошлик асосида ишлаш тартибига оид махсус норматив ҳужжат қабул қилиниши кўплаб тушунмовчиликларнинг олдини олишга хизмат қилган бўлар эди.
Do'stlaringiz bilan baham: |