3.3. Нотипик меҳнат шартномаларини бошқа айрим тоифадаги ходимлар билан тузишнинг назарий ва амалий муаммолари Нотипик меҳнат шартномаларини ишлаб чиқишни талаб этадиган ва шундагина ишни бажаришнинг ўзига хос хусусиятларини қамраб олиш мумкин бўлган айрим тоифадаги ходимлар мавжудлигини эътироф этиш лозим. Гарчи меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида ушбу тоифадаги ходимлар ва улар билан меҳнат шартномасини тузишнинг ўзига хос хусусиятларини белгилаб берувчи нормалар танқислиги амал қилсада, амалиётда ушбу муносабатлар амал қилаётганлиги боис уларни кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ. Ушбу тоифадаги ходимларни тизимли равишда барчасини кўриб чиқиш имкони бўлмасада, уларнинг энг муҳимлари қуйида таҳлил этилади.
Икки ойгача меҳнат шартномасини тузиш. Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 1 май янги таҳрирдаги “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги қонуни икки ойгача меҳнат шартномаси ҳақида сўз юритилган ягона норматив ҳужжат ҳисобланади. Мазкур Қонуннинг 22-моддасига асосан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари меҳнат органларининг таклифига кўра ва уларнинг иштирокида аҳолини иш билан таъминлаш мақсадида ўз мулкидаги корхоналар, муассасалар ва ташкилотларда ҳамда шартномалар асосида бошқа корхоналар, муассасалар ва ташкилотларда ҳақ тўланадиган жамоат ишларининг амалга оширилишини ташкил этадилар.
Меҳнат органларида рўйхатга олинган ва ишсиз деб эътироф этилган фуқаролар билан ҳақ тўланадиган жамоат ишларида қатнашиш учун кейинчалик узайтириш ҳуқуқи билан икки ой муддатгача бўлган муддатли меҳнат шартномалари тузилади.
Корхона раҳбарлари билан меҳнат шартномасини тузиш. Ўз меҳнати билан жамият фаолиятида меҳнат шартномаси асосида иштирок этаётганлиги учун жамият раҳбари ҳам Меҳнат кодексининг 19-моддасига кўра меҳнат жамоаси таркибига киради. Амалиётда раҳбардан ички меҳнат тартиб-қоидаларига бўйсунишини назорат қиладиган механизм йўқ. Баъзи акциядорлик жамиятларида раҳбар ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилишда ички меҳнат тартиб қоидалар бандларини асос қилиб келтириш ҳоллари учрайди. Бу мантиққа тўғри келмайди. Чунки бошқа ходимлардан фарқли ўлароқ, жамият раҳбари меҳнатини тартибга солувчи асосий ҳужжатлар жамият Устави, меҳнат шартномаси ва Кузатув кенгаши томонидан тасдиқланган лавозим йўриқномаси ҳисобланади. Кузатув кенгаши томонидан раҳбар меҳнатининг самарадорлиги баҳоланаётганда, унинг ички меҳнат тартиб қоидаларига қандай бўйсунганлиги аҳамиятга эга эмас.
“Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун ва Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 22 августдаги 361-сон қарорига 3-илова “Акциядорлик жамиятининг ижро этувчи органи ҳақида” Намунавий низом мазмунидан келиб чиқиб, жамият раҳбари билан меҳнат муносабатларини ўрнатиш жараёнини танлов орқали амалга оширилади.
“Акциядорлик жамиятининг ижро этувчи органи ҳақида”ги Намунавий низомнинг 2.4-бандида, ижро этувчи орган таркибига у ёки бу номзодни тавсия этар экан Кузатувчи кенгаш раиси контракт тузиш шартлари, бошқарув фаолияти учун мукофотлаш миқдори ва номзоднинг шахсий аризаси билан тасдиқланган контракт тузишга номзоднинг розилиги тўғрисида Умумий йиғилишга ахборот бериши белгиланган. Банднинг мазмунидан номзод жамият билан меҳнат муносабатларига киришмоқчи бўлса, Кузатув кенгаши томонидан тақдим этилган шартнома шартларига рози эканлигини билдириши керак. Меҳнат шартномаси тарафларнинг тенглигига асосланган. Меҳнат шартномаси шартлари тарафлардан томонидан муҳокама қилиниши керак. Кўпчилик ҳолларда номзодлар раҳбарлик лавозимига эришиш учун Кузатув кенгаши томонидан таклиф этилган ҳар қандай шарт асосида меҳнат шартномасини имзолайдилар. Тенглик тамойилининг бузилишига йўл қўймаслик учун акциядорлик жамиятларига оид қонунчилик нормаларида тарафларнинг меҳнат шартномасини муҳокама қилиши учун банд киритиш лозим.
Танловдан ўтган номзод билан меҳнат қонунчилигига зид бўлган шартлар асосида меҳнат шартномаси тузишга уриниш меҳнат қонунчилигини бузиш ҳисобланади. Лекин, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 78-моддасида белгиланган ишга қабул қилишни ғайриқонуний равишда рад қилиш деб ҳисобланувчи ҳолатларда юқоридаги ҳолат мавжуд эмас. Аммо, меҳнат шартномасининг мазмунига иш берувчининг истаги бўйича ва ишга кирувчининг розилигисиз унинг қонун ҳужжатлари ва бошқа норматив ҳужжатлар билан белгиланган меҳнатга оид ҳуқуқ ва кафолатлари даражасини пасайтирувчи шартларни киритиш ишга қабул қилишни ғайриқонуний равишда рад қилиш деб ҳисобланади.1 Жамият раҳбари билан меҳнат шартномаси тузилганда, ушбу шартнома мазмунига мос равишда ишга қабул қилинганлигини расмийлаштириш мақсадида Кузатув кенгашининг ходимни жамият раҳбари лавозимига тайинлаш тўғрисидаги қарори чиқарилади ва қарор Кузатув кенгаши раиси томонидан имзоланади. Аммо, Меҳнат кодексининг 82-моддасида ишга қабул қилиш буйруқ орқали расмийлаштирилиши белгиланган. Ушбу ҳолат амалиётда кўплаб тушунмовчиликларга сабаб бўлмоқда. Баъзи акциядорлик жамиятлари раҳбарлари лавозимга тайинлаш тўғрисида Кузатув кенгашининг қарори бўлишига қарамасдан, ўзларини ўзлари лавозимга тайинлаш тўғрисида буйруқ чиқарган ҳоллари учрамоқда. Юқоридаги ҳолатда, буйруқнинг ҳам, қарорнинг ҳам вазифаси ва юридик кучи бир хил. Шуни эътиборга олиш керакки, буйруқ якка шахс томонидан, қарор эса коллегиал орган томонидан чиқарилади.2 Россия Федерацияси Меҳнат кодексининг 68-моддасида ишга қабул қилиш буйруқ ёки қарор билан расмийлаштирилиши белгиланган. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 82-моддасига ишга қабул қилиш буйруқ ёки қарор билан расмийлаштирилади, деган қўшимча киритиш лозим.
Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 22 августдаги 361-сон қарорига 3-илова “Акциядорлик жамиятининг ижро этувчи органи ҳақида” Намунавий низомнинг 2.4-бандида, ижро этувчи орган аъзолигига номзод жамиятга ўзининг жиноий жавобгарликка тортилганлиги фактлари тўғрисида маълум қилиши шартлиги маълум қилинган. Жамият раҳбари аффилланган шахс бўлгани учун яқин қариндошлари, уларнинг фаолиятлари ҳақидаги маълумотларни жамият Кузатув кенгашига ишга қабул қилингунча тақдим этиши шарт.
Хорижий мамлакатларда менеджерлар ўз даромад манбалари ва миқдори тўғрисидаги декларацияни ҳам тақдим этиши шарт.
“Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 1996 йил 26 апрелда қабул қилинган эски таҳририда жамият раҳбари билан шартнома тузилиши белгиланган. Аммо бу шартнома қонуннинг мазкур эски таҳририда “меҳнат шартномаси” деб номланмаган. Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 22 августдаги “Акциядорлик жамиятларини бошқариш тизимини такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги 361-сонли қарорида акциядорлик жамиятлари бошқарувлари раҳбарларини ёллашнинг контракт тизими механизми ишга туширилмаганлиги танқид қилинган эди. Ушбу муаммони ҳал қилиш учун 361-сонли қарорига 4-илова сифатида Акциядорлик жамияти ижро этувчи органи раҳбарини ёллаш тўғрисидаги намунавий меҳнат шартномаси келтирилади. “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳририда ҳам эски таҳрирдаги сингари “шартнома” атамаси ишлатилган. Жамият раҳбари билан тузиладиган меҳнат шартномасининг намунавий шакли Вазирлар Маҳкамасининг 361-сонли қарори билан тасдиқланганлигини эътиборга олиб, бу ҳолат қонун нормаларида ўз аксини топиши керак. Шунингдек, ушбу қонун нормаларида акциядорлик жамиятлари фаолиятининг меҳнатга оид муносабатлар қисмини тартибга солиш Меҳнат кодексига ҳавола қилиниши лозимлиги ҳақида ҳеч бир норма йўқ. Масалан, Қозоғистон Республикасининг Корпоратив бошқарув кодексида акциядорлик жамиятларидаги меҳнат муносабатларини тартибга солиш Қозоғистон Республикасининг Меҳнат кодексига ҳавола қилинади1.
Амалиётда намунавий меҳнат шартномаси шаклларидан фойдаланиш кўп учрайди. Булар, Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 11 мартдаги 133-сонли қарорига 2-илова “Меҳнат шартномаси (контракт)нинг намунавий шакли” ва 2003 йил 19 апрелдаги 189-сонли қарорига 4-илова “Акциядорлик жамияти ижро этувчи органи раҳбарини ёллаш тўғрисида”ги намунавий меҳнат шартномасидир. Иккали намунавий шакл ҳам тавсиявий хусусиятга эга. Акциядорлик жамияти раҳбари билан меҳнат шартномаси тузишда индивидуал ёндашув жамият ривожига салмоқли ҳисса қўшади. Бу ҳолатдаги профессионал ёндашув намунавий меҳнат шартномасидаги бўш жойларни тўлдиришни эмас, балки жамият хусусиятларидан келиб чиқиб, жамият раҳбари билан аниқ вазифа ва мақсадларни келишиб олишни талаб этади.
Меҳнат кодексининг 75-моддасига кўра, меҳнат шартномаси номуайян муддатга, беш йилдан ортиқ бўлмаган муддатга ва муайян ишни бажариш вақтига мўлжаллаб тузилиши мумкин. Корхона раҳбари билан муддатли меҳнат шартномаси тузиш мумкинлиги Меҳнат кодексининг 76-моддасида кўрсатилган. “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 79-моддасида жамият раҳбари билан бир йил муддатга меҳнат шартномаси тузилиши белгиланган. Бу ҳолат акциядорлик жамияти раҳбари билан фақатгина бир йил учун шартнома тузиладиган деган фикрга олиб келиши мумкин. Аммо, жамият Уставида бошқача ҳолат белгиланган бўлса, беш йилгача бўлган хоҳлаган муддатга меҳнат шартномаси тузилиши мумкин.
Иш бошланадиган кун ва иш вақти муддатли меҳнат шартномалари учун ниҳоятда муҳим ҳисобланади. Чунки ушбу кундан раҳбар меҳнат вазифаларига киришади, жавобгарлик ҳам ушбу кундан юзага келади. Иш бошланадиган куннинг аниқ белгиланмаслиги кўплаб муаммоларни келтириб чиқаради. Л.В.Зайцеванинг таҳлилича, иш бошланадиган куннинг аниқ белгиланмаслиги оқибатида келиб чиқадиган муаммолардан бири бу эски раҳбар ваколат муддати тугамасдан, янги раҳбарни меҳнат вазифаларига киришишига рухсат беришдир1. Бундан ташқари, жамият раҳбарининг танловдан ўтганлиги зарурий тартибда расмийлаштирилиши керак.
Жамият раҳбари меҳнат вазифаларининг кўплиги ва мураккаблиги раҳбар учун иш вақтини тўғри белгилашни қийинлаштиради. Меҳнат шартномасида ҳафтасига 40 соат бўлган нормал иш вақти белгиланса ҳам, амалда жамият раҳбари бундан кўп вақтни жамият учун сарфлашга мажбур бўлади. Л.В.Зайцеванинг фикрича, раҳбар ходимлар меҳнати нормаланмаган иш вақтини талаб қилади1.
Сайлаш ёки тайинлаш билан эгалланадиган лавозимларда талабгорнинг сайловдан ўтганлиги ёхуд лавозимга тайинланганлиги улар билан меҳнат шартномаси тузиш мажбурийлигини англатади. Шу жиҳатдан ушбу шахсларга нисбатан меҳнат шартномасини тузиш вақтида дастлабки синов шартини қўллаш мантиқсиз ҳисобланади. Чунки улар махсус ваколатли органлар томонидан(бошқарув, ҳайъат, кенгаш ва ҳ.к.)нинг лавозимга сайлаш ёки тайинлаш юзасидан махсус қарори кейинчалик бошқа қўшимча шартлар эвазига бекор бўлиши мумкин эмас. Мазкур ҳолатларни инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 84-моддаси қуйидаги 3-қисм билан тўлдирилиши таклиф этилмоқда:
“84-модда. Ишга қабул қилишда дастлабки синов