Олтинчидан,юридик адабиётларда оталикни тан олиш ёки оталик фактлари белгиланиши, у қайси шаклда амалга оширилганлигидан қатъий назар, ота-она ҳамда бола ўртасида ҳуқуқ ва мажбуриятлар вужудга келишига асос бўлиши таъкидланади.
Амалиётда мазкур тоифадаги ишлар таҳлили шуни кўрсатадики, ўзаро никоҳда бўлмаган шахслардан туғилган бола вафотидан сўнг унга нисбатан оталикни белгилаш юзасидан низоли ҳолатлар учраб туради. Асосан бундай ҳолларда судга мурожаат қилувчилар ўртасида даъво ёки алоҳида иш юритиш тартибида иш қўзғатиш тўғрисида мунозара қилинади, лекин қонунчилигимизда вафот этган шахс (фарзанд)га нисбатан оталикнинг белгиланиши ҳақида ҳеч қандай кўрсатма мавжуд эмас. Бундай ҳолларда вафот этган шахсдан қолган меросга эга бўлиш мақсади ота-она ёки бошқа манфаатдор шахсларни судга мурожаат қилишига олиб келади ва натижада иш бўйича манфаатдор шахслар ўртасида турли хил низолар юзага келишига сабаб бўлади. Бундай низоли ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида, Оила кодексининг 62-моддасига 5-қисм сифатида “ўзаро никоҳда бўлмаган шахслардан туғилган боланинг вафотидан сўнг унга нисбатан оталикни белгилашга йўл қўйилмайди”, деган жумла киритилиши мақсадга мувофиқ ҳисобланади.
Еттинчидан, Ўзбекистон Республикаси “Нотариат тўғрисида”ги Қонуннинг 45 ва 46-моддалари, унинг 23 моддасидаги нотариусларнинг ваколатларидан келиб чиқиб васиятномаларни тасдиқлаш, ўзгартириш ҳамда бекор қилишнинг умумий қоидаларини белгилайди. Аммо, қонун нормаларида Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1125-моддаси 4-5 бандларида назарда тутилган махфий васиятнома ва уни тасдиқлашнинг тартиб таомилларидан ташқари, махфий васиятнома тушунчасининг ўзи ҳам мавжуд эмас. Тадқиқотчи бу борада нотариусларнинг ўз фаолиятида мамлакат Конституциясидан бошлаб барча амалдаги қонунлар асосида фаолият олиб боришини инкор қилмаса-да, нотариал фаолиятга бевосита алоқадор бўлган ижтимоий муносабатларнинг ҳуқуқий ечими, айнан соҳани тартибга солувчи махсус қонуннинг нормаларида ўзининг аниқ ифодасини топиши лозимлигини таъкидлайди. Бундан ташқари, қонун нафақат бугунги кунда жамиятда юз бераётган ижтимоий муносабатларни, балки келгусида содир бўлиши мумкин бўлган ҳуқуқий муносабатларнинг ҳам оқилона ҳуқуқий ечимларини белгилаб беришга қодир бўлишлигини таъкидлайди.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1125-моддаси 4-5-бандларида белгиланган махфий васиятномага оид бўлган принципиал талабларни янада такомиллаштириш мақсадида тадқиқотчи “Нотариат тўғрисида”ги Ўзбекистон Републикаси Қонунининг 7-бобига қуйидаги 461-моддасини киритиш ва уни “Махфий васиятнома ва уни тасдиқлаш”,– деб номлаш таклифини беради ҳамда уни қуйидаги шаклда таҳрир қилишни таклиф этади: 461-модда.Махфий васиятнома ва уни тасдиқлаш
Махфий васиятнома нотариус мазмуни билан танишиб чиқмасдан тасдиқланган васиятномадир.
Махфий васиятномани васият қилувчи ҳақиқий саналмаслик хавфи остида ўз қўли билан ёзиши ва имзолаши лозим. Васиятнома икки гувоҳ ва нотариус иштирокида хатжилдга солиниб, хатжилд елимланиши лозим, гувоҳлар ўз фамилиялари, исмлари, оталарининг исмини ва доимий турар жойларини кўрсатган ҳолда хатжилдга имзо қўядилар. Гувоҳлар имзо қўйган хатжилд гувоҳлар ва нотариуснинг иштирокида бошқа хатжилдга солинади ва бу хатжилд ҳам елимланади, унга нотариус тасдиқлаш устхатини ёзиб қўяди. Нотариус васият қилувчига махфий васиятноманинг қабул қилинганлигини тасдиқловчи гувоҳнома беради. Махфий васиятномани шахсан ёзиш ва имзолаш имконига эга бўлмаган саводсиз, жисмоний нуқсони бўлган шахслар, уни видео, аудио ёзувларидан фойдаланган ҳолда амалга ошириши ҳамда хатжилдга солиб елимланган тарзда нотариусга топшириши мумкин.
Нотариус васият қилувчининг вафот этганлиги тўғрисидаги маълумотни олгандан сўнг 10 кундан кечиктирмай махфий васиятномани уни нотариусга топширишда иштирок этган икки гувоҳ иштирокида очади. Хатжилд очилгани ҳамон, васиятнома матни очиқ эълон қилинади ва нотариус бу ҳақда баённома тузиб, уни гувоҳлар ҳамда ўз имзоси билан тасдиқлайди.
Агар махфий васиятноманинг очилишида мажбурий улуш олувчилар ёки меросхўрлар иштирок этмаган бўлса, нотариус бундай меросхўрларни аниқлаш мақсадида яшаш ва иш жойи ўзига маълум бўлган меросхўрларга хабар юбориши шарт. Нотариус бу ўринда амалдаги Қонуннинг 49-моддаси талабларидан келиб чиқиб оммавий ахборот воситалари орқали ҳам хабар бериши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |