2.3. Қонун бўйича ворислик бўйича хорижий мамлакатлар тажрибаси ва уни Ўзбекистонда қўллаш амалиёти
Қонун бўйича ворислик бўйича хорижий мамлакатлар ва Ўзбекистон тажрибасини таққослаш орқали қонун бўйича ворислик институтига хос бўлган хусусиятларни аниқлаш мумкин.
Қуйида қонун бўйича ворисликка оид айрим масалаларнинг хорижий давлатлар фуқаролик қонунчилиги тажрибаси нуқтаи-назаридан кўриб чиқсак.
Биринчидан, қонун бўйича ворисликка оид қонунчиликда 2010 йилнинг 14 сентябрида Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига алоҳида 1140-1-модда сифатида киритилган мерос трансмиссияси алоҳида аҳамиятга эга ҳисобланади. Ушбу моддага кўра агар васиятнома бўйича ёки қонун бўйича ворисликка чақирилган меросхўр мерос очилганидан кейин уни қабул қилиб олишга улгурмасдан вафот этган бўлса, унга тегиши керак бўлган меросни қабул қилиб олиш ҳуқуқи унинг қонун бўйича меросхўрларига, агар барча мерос мол-мулк васият қилинган бўлса, унинг васият бўйича меросхўрларига ўтади (мерос трансмиссияси). Мерос трансмиссияси тартибида меросни қабул қилиб олиш ҳуқуқи бундай меросхўрнинг вафотидан кейин очилган мерос таркибига кирмайди.
Вафот этган меросхўрга тегишли меросни қабул қилиб олиш ҳуқуқи унинг меросхўрлари томонидан умумий асосларда амалга оширилиши мумкин.
Меросхўрнинг ушбу Кодекснинг 1142-моддасида назарда тутилган мероснинг бир қисмини мажбурий улуш сифатида қабул қилиб олиш ҳуқуқи унинг меросхўрларига ўтмайди.
Хорижий давлатлар қонунчилигида ҳам мерос трансмиссиясига оид нормалар деярли бир хил бўлса-да, айрим масалалар юзасидан алоҳида ёндашувларни ҳам учратиш мумкин. Масалан, Беларусь Республикаси Фуқаролик кодексининг 1073-моддасида мерос трансмиссияси белгиланган бўлиб, бунда мамлакатимиз Фуқаролик кодексидан фарқли равишда қўшимча қуйидагича норма белгиланган:
Мерос олувчининг мажбурий мерос улушидан мерос қабул қилиш ҳуқуқи унинг меросхўрларига ўтмайди.
Айни пайтда мерос трансмиссияси мавжуд бўлган Германия, Франция каби давлатлар фуқаролик қонунчиликларида мерос трансмиссиясида иштирок этувчи бир неча шахсларнинг бир кунда вафот этиши билан боғлиқ ҳолларда вафот этган шахсларнинг навбатини аниқлашда тегишли куннинг охирги вафот этиши аниқ белгиланган.Ундан ташқари, бугунги глобализаци ва миграция шароитида шундай бўлиши ҳам мумкинки, меросхўр ёки мерос қолдирувчи турли соат (вақт) минтақаларида вафот этади ва ушбу минтақада бошқа календар кун кириб келган бўлади. Бундай ҳолда мазкур шахслар турли кунларда вафот этган деб ҳисобланади.
Юқоридагиларни инобатга олиб, амалдаги Фуқаролик кодексига мерос трансмиссияси ҳақидаги модда киритилиши билан бир кунда вафот этган шахсларнинг навбатини инобатга олиш ва сонияли ҳуқуқни жорий қилиш мақсадга мувофиқ бўларди.
Do'stlaringiz bilan baham: |