5-боб. Хабарнома ва ҳисобдорлик 124. Банк 5 иш куни ичида Марказий банк билан келишиб олинган номзоднинг ўз мажбуриятларини бажаришга киришганлиги тўғрисида Марказий банкни ёзма равишда хабардор этади. Мазкур талаб тугатиш комиссияси аъзолари ва вақтинчалик бошқарувчиларга нисбатан қўлланилмайди.
125. Банк Марказий банкни 5 иш куни ичида мазкур Низомга мувофиқ раҳбар Марказий банк билан қайта келишиб олиш талаб этилмайдиган бошқа лавозимга ўтказилганлиги тўғрисида ёзма равишда ҳабардор қилади. Хабарнома мазкур ўзгаришларнинг сабабини, шунингдек, масъул орган томонидан тасдиқланган шахсни бошқа лавозимга ўтказиш тўғрисидаги қарордан кўчирмани ўз ичига олиши лозим.
126. Банк 2 иш куни ичида раҳбарни мазкур Низом талабларига эндиликда мувофиқ эмаслиги ҳамда банкни самарали ва тадбирли бошқариш учун унинг фаолиятига таъсир кўрсатувчи маълумотлар мавжудлиги тўғрисида Марказий банкни ёзма равишда хабардор қилади.
127. Кузатув кенгаши аъзосининг ваколати муддатидан олдин тугатилганида, бошқаруви аъзоси ёки бош бухгалтернинг меҳнат шартномаси бекор қилинганида ва (ёки) бошқа лавозимга ўтказилганда, банк сабабларини кўрсатган ҳолда мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан бир кун ичида Марказий банкни ёзма равишда хабардор қилиши лозим. Муҳим аҳамиятга эга ҳодимлар билан боғлиқ ҳолларда мазкур муддат 5 иш кунини ташкил этади, бундан бош бухгалтер мустасно.
128. Банкнинг ташаббуси билан, меҳнат қонун ҳужжатлари талаблари бузилиши оқибатида молиявий операцияларни амалга оширишда иштирок этувчи бошқа ходимлар билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган ҳолларда, банк сабабларини кўрсатган ҳолда мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан 10 иш куни ичида Марказий банкни ёзма равишда хабардор қилиши лозим. Мазкур Низомда молиявий операцияларни амалда оширишда бевосита иштирок этувчи ҳодимлар деганда, молиявий операцияларни амалга оширишнинг ҳар қандай босқичида жалб этиладиган банкнинг ҳодимлари тушунилади.
129. Банк, бошқарув аъзоси ҳамда муҳим аҳамиятга эга ҳодимларнинг бошқа лавозимга ўтказилиши ва (ёки) улар билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилиниши натижасида бўшаб қолган лавозимларга мазкур Низом талабларига мувофиқ келувчи номзодларни 30 кун ичида Марказий банкка келишиб олиш учун тақдим этиши лозим. Мазкур тартиб кузатув кенгаши аъзоларига қуйидаги ҳолларда тадбиқ этилади:
уларнинг сони банк Уставида белгиланган миқордан 75 фоиз ёки ундан камини ташкил этса ва (ёки) банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ ўрнатилган энг минимал талабдан камроқни ташкил этса;
қисқариш натижасида уларнинг миқдори жуфт сонни ташкил этса;
банк томонидан кузатув кенгаши аъзолари таркибида банкка алоқадор бўлмаган шахсларнинг сонига нисбатан ўрнатилган талаблар бузилса, бундан уларнинг кузатув кенгашидаги аъзолиги мустасно.