Савол: Масала қандай ҳал этилади? Ишда иштирок этувчи шахсларни аниқланг. Иш бўйича кимлар учинчи шахс бўла олади? Мудофаа вазирлигига қарашли уй-жойда вақтинча яшаган собиқ ходим Холиқов уйдан чиқиб кетаётганда хизмат турар-жойига қарашли кондиционер ва газни ўзи билан бирга олиб кетганлиги маълум бўлади.Кейинчалик бу уйга яшаш учун келган Собировлар оиласи Холиқовга қайта-қайта мурожаат қилганлигидан ҳеч қандай фойда бўлмагач, судга даъво қўзғатишга аҳд қилади.Суд ишни судда кўришга тайёрлаш жараёнида Мудофаа вазирлигининг кадрлар бошқармасидан вакил чақириш ҳақида суд хабарномаси тайёрлайди.
Савол: Юқоридаги масала юзасидан учинчи шахс бўлиши мумкинми? Мустақил талаблари бўлмаган учинчи шахс томонлар билан келишув битими туза оладими? Учинчи шахс суд харажатлари тўлашга ҳақлими? Учинчи шахс дастлабки даъвога нисбатан қарши даъво бера оладими?
Тошкент шаҳар адвокатлар ҳайъати аъзоси, 1- адвокатлик идораси адвокати Пашков В.Н. танишининг илтимосига кўра, Термиз шаҳар судига меросга доир мол-мулкни бўлиш тўғрисида 62 ёшли Сафаева К нинг манфаатини кўзлаб даъво қўзғатди. Суд мажлиси белгиланган кунда судья мажлисни очиқ деб эълон қилиб, томонларнинг келган-келмаганлигини аниқлаш, уларнинг ваколатларини текшириш давомида судья адвокат Пашков В.Н. га иш юритишга ваколатли эмаслигини билдирди ва аризани кўрмасдан қолдириш тўғрисида ажрим чиқарди. Адвокат бунга қатъий эътироз билдириб, агар иш юритишга ваколати бўлмаса, бу аризани қабул қилиш жараёнида ҳал қилиниши кераклигини таъкидлади.
Савол:Судьянинг ажрими тўғрими?Адвокатнинг эътирози ўринлими?Адвокат қайси ҳолатларда иш юритишга ваколатли деб ҳисобланади? Адвокат фаолияти ҳудуд танлайдими?
Судда даъвогар Фахриддинова З.нинг жавобгар Яхшиев Б.га нисбатан фарзанди ва ўзининг таъминоти учун алимент ундириш ҳақидаги даъвоси юзасидан фуқаролик иши кўриб чиқилди. Суд мажлисида даъвогарнинг вакили адвокат Муродова С. қатнашиб, даъвони қувватлади ва иш бўйича даъвогар номидан жавобгар билан келишув битими тузиши мумкинлигини билдирди. Иш юзасидан тузилган келишув битимида бола вояга етгунга қадар иш ҳақи даромадларининг тўртдан бир қисми миқдорида алимент тўланиши ва даъвогар таъминоти учун боласи уч ёшга киргунга қадар 10000 сўм миқдорида алимент тўланиши ва бошқа масалаларда низолар бўлмаслиги кўрсатилди.
Судья ушбу келишув битимини томонларнинг розилига биноан тасдиқлаб, шу асосга кўра иш юритишни тугатади. Ҳал қилув қарори нусхасини олган жавобгар судья ва адвокатнинг ҳаракатларига қатъий норозилик билдириб, ҳар ойда кўрсатилган пулни тўлай олмаслигини билдиради.