9.5. Бурғи қудуқлари кернини геологик ҳужжатлаш
Разведка колонкалари бурғи қудуқларини ҳужжатлаш геологик ҳужжатлашнинг стандарт журналида амалга оширилади, унда бурғи қудуғи кернининг чизмаси ва таърифи берилади, намуна олинган оралиқлар кўрсатилади. Бурғи қудуқларини геологик ҳужжатлаш учун қуйидаги маълумотларга эга бўлиши лозим: 1 - бурғи қудуқларининг тартиб рақами ва оғзининг координаталари, бурғилаш усули, бурғилашнинг бошланиш ва якунлаш саналари; 2 - рейслар чуқурлиги, керннинг чиқиши (метрларда ва фойизларда); 3 - контактлар чуқурлиги, қат-қатликлар, йўл-йўлликлар ва контактларнинг ётиш элементлари кўрсатилган ҳолда тоғ жинслари ва фойдали қазилмаларнинг таърифи; 4 – тоғ жинслари ва маъдан таналарининг қалинлиги; 5 - намуналаш оралиқлари; намуналар тартиб рақами ва таҳлиллари натижалари; 6 - намуна олиш жойи ва уларнинг вазифаси; 7 - керннинг чизмаси ва фотосурати; 8 - каротаж ва бошқа махсус ўлчашлар ва кузатувлар натижалари.
Дала шароитларида ҳар бир бурғи қудуғи бўйича бурғилаш журнали ташкил этилади, керннинг чизмаси ва таърифи пикетаж китобчасида келтирилади, кейинчалик бурғи қудуғининг устуни—колонкали бурғилашнинг умумлаштирилган бирламчи ҳужжати тузилади. Ўқув лабораториясида фақат керн таърифланади ва бурғи қудуқларининг геологик устуни тузилади.
Бурғи қудуқлари кернининг чизмаси 1:100-1:500 миқёсларда тузилади, керннинг муҳим тафсилотлари учун эса 1:1-1:20 миқёслар қўлланилади. Керн ҳар бир оралиқ бўйича таърифланада. Агар бир неча оралик бир хил тоғ жинсларидан ўтган бўлса бу оралиқлар бирлаштирилиб таърифланади. Маъданли танадан ўтган бурғилаш оралиғи ёндош жинсларга нисбатан
46-расм. Бурғи қудуғи кернларини жамлама ҳужжатлаш устуни.
йирикроқ миқёсларда чизилади. Маъданли оралиқларнинг таърифи максимал тафсилотлари билан ёритилади. Асосий эътибор қазилган оралиқнинг етарлилигига (метр ва фойизларда кернинг чиқишига) қаратилади. Керн чиқиши лойиҳадагидан кам бўлмаслиги лозим (одатда 70% дан кам эмас). Бурғи қудуқларининг жойлашган ўрни инклинометрия, тоғ жинслари ва маъданли таналарники эса кернометрия маълумотлари бўйича белгиланади
Бурғу қудуқларини геологик ҳужжатлаш тартиби:
- бурғи қудуқлари кернини ўрганиш ва таърифлаш;
- ётиш элементлари, текстура хусусиятлари ва фойдали қазилма нишоналари кўриниб турган керннинг алоҳида намуналарининг расмларини чизиш
- фотосуратга тушириш;
- бурғи қудуқлари бўйича геологик устун тузиш.
47-расм. Бурғи қудуқлари кернининг фотосуръати
Кернни ўрганиш маълумотлари бўйича бурғи қудуқлари икки структура қаватининг геологик ҳосилаларини қирқиб ўтганлиги аниқланган(46, 47, 48-расмлар). Устки структура қавати қуйи юранинг паст бурчакда (25°) ётувчи терриген ётқизиқлардан (қумтошлар, алевролитлар). Керннинг бир намунасида ўлчанган қатламчалар контакти билан бурғи қудуқғи ўқи орасидаги бурчак 65° ни ташкил этади. Бу қатламнинг базал горизонти карбонатли-гилли материал билан цементланган мармарлашган оҳактошларнинг думолақланмаган бўлакларидан таркиб топган чўкинди конгломерат-брекчиялардан иборат. Оҳактош бўлакларидан баъзиларида сульфид минераллари (галенит, сфалерит) кузатилади.
Қуйи структура қавати палеозойнинг мармарлашган оҳактошларидан таркиб топган. Устки қават билан контакт бўйлаб қалинлиги 10 м га яқин маъданли зона кузатилади. Бу зонадан олинган керн намуналарини батафсил ўрганиш сульфидларнинг таркибини (галенит, сфалерит) ҳамда маъданлашув билан бирга кечган метасоматитлар ҳарактерини аниқлашга имкон берди. Бу оқ оҳактошлар орасида жигарранги билан ажралиб турувчи иккиламчи доломитлардир.
48-расм. Маъданли зонани очган бурғи қудуғини ҳужжатлашга мисол:
1 – тупроқ қатлами; 2 - 5 – қуйи юра ҳосилалари: 2 - алевролитлар, 3 - қумтошлар, 4 - майда ғўлакли конгломератлар линзасига эга қумтошлар, 5 - конгломерат-брекчиялар; 6 — қуйи палеозой мармарлашган оҳактошлари 7 — маъданли зона (галенит, сфалерит); 8-доломитизация. А —кернни ўрганиш маълумотлари бўйича тузилган жамлама устун; Б – тоғ жинсларининг ётиш элементлари кўриниб турган керн намунасининг чизмаси; В - конгломерат-брекчия горизонтидан олинган керн намунасининг фотосурати (оқ –оҳактош бўлаклари, қора - сульфидлар) ; Г — маъданли керннинг чекка қисмининг чизмаси.
Do'stlaringiz bilan baham: |