Азиз фермерлар, миришкор деҳқонлар!
Юртимизда эзгу ташаббус, хайрли амаллар ҳеч қачон беиз кетмайди, эътибордан четда қолмайди. Аксинча, давлатимиз томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланади. Шундай экан, ҳар биримиз, ўз даламизда меҳнат қилиш учун ишчиларимизга қулай шарт-шароитлар яратиш пайидан бўлиб, енгил конструкцияли дала шийпони, мўъжазгина арзон иссиқхона қурайлик, 50 бошдан парранда ва бир бошдан соғин сигир ҳамда 5 қутидан асалари боқишни йўлга қўяйлик. Бу орқали ишчи-ходимларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, қўшимча даромад манбаини шакллантириш имконияти пайдо бўлади.
Бу ҳақда сўз юритилганда, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 майдаги “Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, инсон ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида мажбурий меҳнатнинг олдини олиш ва унга тўлиқ барҳам бериш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўрилаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Бу борада Халқаро меҳнат ташкилоти билан фаол ҳамкорлик қилинаётганлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қарори билан парламент назорати институти жорий этилганлиги жаҳон ҳамжамияти томонидан юқори баҳоланмоқда. Шу боис давлат ва маҳаллий бошқарув органлари томонидан кичик хато ва камчиликларга йўл қўйиш, ишчилар билан меҳнат шартномасини тузишни кечиктириш асло ярамайди.
Қадрли фермерлар!
Кўпни кўрган, тажрибали фермерлар июнь-июль ойлари ғўза айни ривожланадиган, деҳқончасига айтганда, экин кечаю кундуз “ишлайдиган” бетакрор палла эканлиги, бу даврда қандай юмуш зарурлигини жуда яхши билишди. Сизу бизнинг вазифамиз эса ана шу тиғиз мавсумда бутун меҳримизни даламизга бериб, ҳар бир агротехника тадбирни ўз вақтида ва юқори савияда бажаришга эришишдир. Бунинг учун қуйидагиларга жиддий эътибор қаратиш зарур:
биринчидан, ташкилий ишларни яна бир марта, бугунги кун талабидан келиб чиққан ҳолда пухта режалаштиринг!
Иккинчидан, халқимизнинг деҳқончилик бобида тўпланган кўп йиллик бой тажрибасига таяниб, илм-фан ютуқлари, инновацион агротехнологияларни қўллашга алоҳида эътибор қаратинг!
Сир эмас, кейинги йилларда глобал иқлим ўзгаришининг салбий оқибатлари юртимизда ҳам сезилмоқда. Жорий қиш фаслида ёғингарчиликнинг кам бўлганлиги оқибатида, айниқса, аксарият вилоятларда сув таъминотининг меъёридан камлиги кузатилаяпти. Ваҳоланки, бундай ноқулай об-ҳаво кейинги 100 йилда ҳам рўй бермаган экан!
Бундай ҳолларда тадбирли бўлиш талаб этилади, ўтган йилги натижалар билан чегараланиш, яна шу маррани кўзлаб иш тутиш ҳаётий эҳтиёжларимизга мутлоқо тўғри келмайди. Нега деганда, бугунги кунда пахтачилик ва ғаллачиликнинг нафақат саноат ривожидаги, балки аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашдаги ўрнини ҳеч нарса билан ўлчаб, қиёслаб бўлмайди. Бозорларимизнинг нон, гўшт, сут, тухум каби муҳим истеъмол товарлари билан тўлдирилишида мазкур тармоқлар роли катта.
Шу маънода, табиат куч-қудратимиз, сабр-бардошимизни яна бир бор синовдан ўтказаётган жорий мавсумда бир тану бир жон бўлиб, ҳукуматимиз томонидан тавсия этилган энг қулай агротехника тадбирларини мақбул муддатларда амалга ошириб, ғалладан камида гектаридан 10 центнердан, пахтадан эса 3-5 центнердан қўшимча ҳосил етиштиришга эришайлик!
Do'stlaringiz bilan baham: |