8. Ҳарбий суд вазири – бу вазир алоҳида фаолият кўрсатиб, сипоҳийлар (ҳарбийлар) ишларини кўриб чиқиб, муҳокама қилган.
9. Вақф ишлари вазири – бу вазирликка садр ус-судур (садрлар бошлиғи, садрлар садри) бошчилик қилган бўлиб, у вақф мулклари билан боғлиқ масалаларга мутасадди бўлган.
10. Ҳабар ва алоқа вазири – бу вазир зиммасига мамлакатнинг турли бурчакларида содир бўлаётган воқеалардан ҳукмдорни огоҳ қилиб туриш, марказдан жойларга буйруқ, фармон ва кўрсатмаларни жўнатиш, марказга турли ҳужжат, ҳисобот кабиларни етказиши, ташқи сиёсий-дипломатик муносабатларни амалга ошириш ҳамда давлат юкларини ўз манзилларига етказиш юклатилган. Вазирликнинг ўзи девони расоил, девони иншо деб аталган.
Мамлакатда ички ва ташқи фавқулодда воқеалардан воқиф этиб турувчи минг нафар пиёда, минг нафар туя минган, минг нафар от минган чопарлар бўлган. Бутун салтанат бўйлаб бир кунлик йўл оралиғида ёмхоналар ташкил этилган бўлиб, ҳар бир ёмда эллик бошдан икки юз бошгача от-улов сақланган. Тадқиқотлардан маълумки, Амир Темур ва темурийлар давлатни улус, вилоят ва туманларга бўлиб бошқарганлар. Темур даврида салтанат тўрт улусга бўлиниб, уларга ўғил ва набираларни ҳукмдор этиб тайинлаган. Шунингдек, вилоят ва туманларни ҳам асосан темурий шаҳзодалар ва ҳарбийлар бошқарганлар. Али Яздий маълумотларига кўра, Амир Темур жангларда, давлат ишларида тобланган садоқатли тадбиркор, оқил ва билимдон шахсларни ўғиллари ва набиралари ёнига маслаҳатчи қилиб тайинлаган ҳамда уларга йирик вилоят ва ҳудудларни ишониб топширган. Амир Темур маҳаллий ҳокимликларни ўзига итоат этувчи давлат маслаҳатчилари орқали ҳам мувофиқлаштириб турган ҳамда маҳаллий ва марказий ҳокимият алоқадорлигини шу мансаб орқали ушлаб туришга ҳаракат қилган.
Мансабларга асосланган замонавий тадқиқотларда Амир Темур ва темурийлар даври мансаб ва унванлари ҳақида кўплаб маълумотлар мавжудки, улар қуйидагилардир: амин, арзбеги, баковул, баковулбоши, боварчи, бахшийлар, битикчи, вазир, дафтардор, девонбеги, доруға, додхоҳ, жарчи, жуйбон, зобит, ихтисобчи, зинбардор, иноқ, ичкилар, иқто, йасағлик, кўкалдош, кулу, калонтар, кутвол, кўрагон, мавкаб, маҳди улё (маҳди олия), мажлиснавис, мирохўр, мироб, мухтасиб, оқо (оғо), оталиқ, парвоначи, пос (посбон), садр, садри аъзам, соҳиби девон, тавочи, тархон, уйўғлон, фаррош, хазинадор (хозин), хаттот, чуҳра, шайхулислом, чуҳрабоши, шиқовул, шихна, шуқурчи, юртчи, ясовул, қозилар, қўрбоши, қушчи (қушбеги), қоровул, қопучи, ҳожиблар.1
Ушбу келтирилган мансаб ва унвонлар Темур ва темурийлар даврида мукаммал маъмурий тизим яратилганини, бу тизим давлат равнақи ва фуқароларни ҳимоя қилишга ва уларнинг фаровонлигини таъминлашга хизмат қилганини кўрсатади. Бу даврда ҳар бир мансабдор ўз мансабини юқори ва қуйи поғонадалигидан қатъий назар у мавжуд қонун-қоидалар асосида иш юритган, қонуннинг устиворлиги тамойилига амал қилган бўлиб, уларнинг бурч ҳамда вазифалари ҳокимият томонидан белгилаб қўйилган эди.
Do'stlaringiz bilan baham: |