Ташқи нутқда тилнинг барча қоида ва қонуниятлари жамланган бўлиб узатиш ва қабул қилиш, идрок этиш ва тушунишдан иборат муомала қуроли, воситаси вазифасини бажаради.
Муайян ахборотларни тартибга келтириш, ғояларни яратиш, фикрий дастурни ишлаб чиқишга мўлжалланган, лекин латент (яширин) давридаги маълумотлар мажмуасидан тузилувчи нутқ тури ички нутқ дейилади.
Ахборотлар ички моҳиятини ташқи ҳис-ҳаяжон таркиблари билан кучайтирувчи, шахслараро муносабатларнинг яққол ифодаланишини акс эттирувчи, овозли, тил воситаларига асосланувчи нутқ турига экспрессив нутқ дейилади.
Ички кечинмалар шахсий фикрлаш билан уйғунлашиши туфайли фикрий боғланишни вужудга келтирувчи ҳолатлар, ҳодисалар моҳиятини ички ва ташқи омилларга асосланиб акс эттирувчи нутқ турига импрессив нутқ дейилади.
Миллат ва элатларнинг тил бойлиги афоризмлар, мақоллар, донишмандлик, маталлар сифатида шаклланган, юксак мантиқий юкламага эга бўлган йиғиқ нутқ тури лаконик, яъни йиғиқ, қатра нутқ дейилади.
Турли омиллар таъсирида бирданига вужудга келувчи, жахлнинг маҳсули ҳисобланмиш, қисқа муддатли нутқ турига аффектив нутқ дейилади.
Тилнинг тўла моҳияти ёзма нутқ орқали ифодаланади, узоқ ва яқин масофалар учун ахборот узатиш воситаси вазифасини бажаради. Миллат маданияти, маънавияти, фан ва техникаси, санъати ва адабиёти ёзма нутқ орқали узатилиб, миллатлараро алоқа воситаси вазифасини бажаради.
Ёзма нутқнинг монологик ва диалогик турлари бадиий асарларда ўз ифодасини топган бўлиб, оғзаки нутқдагидан фарқли ўлароқ тил бойликларига бевосита асосланади.
Мусиқий фаолият шаклларида ҳам мусиқа амалиётини самарали ташкил этиш, нота матнлари билан ишлаш, оркестр ёки хорда партитурани таҳлил қилиш ва уни ўрганишда нутқ воситасида зарурий натижаларга эришилади.
Демак, нутқ мусиқий педагогик жараёнда алоҳида аҳамият касб этиб, фанлар материалини янги педагогик технологиялар орқали ўзлаштиришни енгиллаштиради ва унинг самарадорлигини оширади.
Замонавий фан нутқнинг коммуникатив имкониятларига катта урғу беради, зеро, илм-фан тараққиёти аввало инсонлар ўртасидаги ахборот узатиш, яъни нутқий маълумот алмашиш орқалигина ҳозирги тараққиёт нуқтасига чиқа олди.
Ўқитувчи фан асосларини талабаларга сингдириш жараёнида нутқ имкониятларига таянади, у орқали фан мавзусининг мақсади, вазифалари ва якуний эришиши зарур бўлган натижани орлдиндан кўз олдида гавдалантиришга ҳаракат қилади.
Нутқ техникасига нафас олиш, овознинг баландлиги ва тонини аудитория ҳажми ва тингловчиларга мослаш, талаффуз тарзи, яъни, гапирганда ўз овози тонини турлича ўзгартириш, нутқ суръати, яъни тез, жадал ёки секин гапириш, мавзу мазмунини баён этганда қай даражада паузалардан фойдаланиши кабилар киради.
Таъкидлаш лозимки, энди иш бошлаган ёш ўқитувчилар педагогик фаолиятида баъзан қуйидаги жузъий камчиликлар учрайди:
Талаба билан сидқидилдан сўзлаша олмаслик;
Салбий педагогик вазиятларда ўзининг безовталигини яшира олмаслик ва шу аснода талаба билан муносиб мулоқот тарзини амалга ошира олмаслик;
Талабалар билан педагогик мулоқот жараёнида ўзида ишончсизликни энга олмаслик;
Нутқининг равон эмаслиги;
Айрим ҳолларда ортиқча қаттиққўлликка йўл қўйиш;
Мунтазам хушмуомала бўлишдан қўрқиб туриш;
Дарс жараёнида жуда тез, секин, ҳаддан ортиқ баланд ёки паст гапириш;
Машғулот пайтида ортиқча ҳаракат қилиш ёки бир жойда қотиб қолиш, баъзан қўлларини қаерга қўйишни билмаслик;
Ўз гавдасини тутишдаги камчиликлар (букчайиб, эрга қараб юриш, кераксиз жойда кулиш, ортиқча ҳаракатлар қилиш, турли жисмларни қўлида айлантириб юриш ва ҳ.к.).
Турли ижтимоий-психологик ҳолатлар шаклланаётган ўқитувчининг гуруҳда мусиқий фаолиятни амалга ошириши жараёнида ўз-ўзини англаш даражаси ҳамда ўсиб бораётган масъулият ҳисси орқали намоён бўлади. Ижрода юқори сифатни таъминлаш учун бўлажак ўқитувчи ҳамиша ўз ижросини гўёки “четдан” тинглаб бориши зарур.
Ижро жараёнидаги ўз-ўзини танқид ва ўз-ўзини назорат қилиш қобилияти бўлажак ўқитувчи-мусиқачида “Мен-контсептсия”нинг шаклланиши билан ҳам боғлиқдир. Талаба ўзига идрок обекти сифатида қараб, қай йўсинда ҳаракат қилиши лозимлигини олдиндан тасаввур қилмас экан, ўз ҳаракатларида аниқ натижаларга эришиши қийин. Шу боис, ўз ижросини тинглаб, назорат қила олиш қобилияти нафақат тинглай олиш имкониятлари билан, балки “Мен-контсептсия” шаклланиши орқали намоён бўладиган этуклик билан ҳам боғлиқдир.
Табиий хусусиятлар боланинг мусиқа бўйича эгаллайдиган ютуқлари даражасига таъсир қилиши мумкин. Масалан, мусиқий қобилият куртакларида туғма индивидуал хусусиятлар намоён бўлади. Шу сабабли баъзи болалар бошқа болалардан мусиқий фаолиятни амалга ошириш имконияти жиҳатидан устун туришади. Шу маънода олганда болалар ўз қобилиятларини баравар ривожлантириш имкониятига эга эмаслар. Гарчи табиий лаёқатлар (куртаклар) талабаларнинг мусиқий ривожланиши учун маълум аҳамиятга эга бўлса ҳам, улар ривожлантирилмаса ҳеч қандай изсиз йўқолиши мумкин.
У ёки бу психик хусусиятлар ва сифатларнинг ривожланиши учун қулай шароитларга эга бўлган ёш даврлари сензитив даврлар деб аталади (Л.С.Виготский, А.Н.Леонтьев).
Ўқитувчининг дарс жараёнида нутқ воситасида ҳар бир талабага таъсир кўрсатиш учун қулай имконияти бор. Талабаларнинг индивидуаллиги (ўзига хослиги) уларнинг мусиқий билиш жараёнида ҳам кўринади.
Ёшлар маънавиятини мусиқа орқали шакллантиришнинг ижтимоий-психологик омилларини аниқлашга қаратилган В.И.Петрушин методикасини қўллаш орқали талабаларда мусиқага нисбатан муносабат, қизиқиш ва установкаларнинг ифодаланиши даражаси ўрганиш мумкин. Бундан ташқари, В.Г.Касимов томонидан тақдим этилган “Ижрочилик фаолиятига муносабатни ўрганиш тести”дан изчил фойдаланиш мумкин.
Ўқитувчининг касбий етуклиги айниқса ўзлаштириши юқори бўлмаган талабаларнинг юқори натижалар кўрсатиши орқали намоён бўлади, яъни, мусиқага қизиқиши нисбатан паст талабалар қалбида мусиқага нисбатан қизиқиш ва меҳр уйғота олиш ўқитувчининг маҳоратидан дарак беради. Бунда ўқитувчи шахси муҳим рол ўйнайди, уларга:
педагоглик + ижрочилик = профессионализм;
компетентлик + касбий мослик;
сермаҳсуллик;
ижтимоий йўналганлик каби сифатлар киради.
Ўқитувчи дарс машғулотига тайёр билимлар билан киради, бунда у талабани ўзининг фаолиятига, иш маромига киритишга ҳаракат қилади.
Педагогик жараёнда талабалар фаолиятини бошқариш масаласи кўндаланг туради. Бунда ўқитувчи талабалар ҳатти-ҳаракатлариниг, хулқининг мавжуд намоён бўлиши сабабларини вазиятга талаба нуқтаи назаридан қараб кўриб, аниқлаши талаб этилади. Педагогик фаолият давомида баъзан педагогик низолар рўй бериб туриши мумкин. Уларни қандай эчиш мумкин, бунда ўқитувчиларга қандай маслаҳатлар ишлаб чиқилган, деган савол пайдо бўлади.
Мусиқа таълимида ёш хусусиятлари муҳим педагогик-психологик аҳамиятга эга бўлиб, ўзлаштириш, маълум билим захирасига эришиш айнан ёш хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилиши мумкин.
Демак, ўқитувчи дарсга кирар экан, аввало талабаларнинг индивидуал хусусиятларини инобатга олган ҳолда таълимни ташкил этса, унинг педагогик самараси юқори бўлади.
Мавзуни мустаҳкамлаш учун саволлар
Нутқ техникаси тушунчасини таърифланг.
Нотиқлик санъатига қайси педагогик сифат ва хусусиятлар киради?
Мусиқий-ижодий қобилиятларни ривожлантириш усулларига мисол келтиринг.
Мусиқий қобилиятлар диагностикаси методларини санаб беринг.
Дидактик қисм. Муаммоли вазиятлар
Мусиқийлик хусусияти ҳамма талабаларда ҳам мавжуд бўладими?
Тактил-кинестетик фаолият хусусиятлари вокал ижрода муҳимми ёки чолғу ижрода?
Товуш пайлари, нафас олиш механизмларининг мувофиқ ишлаши вокал ижрода муҳимми ёки чолғу ижрода?
Экстравертлар мулоқотманд, ташқи оламга қаратилган, ижтимоий муҳитга тез мослашувчан бўлишади. Интровертлар эса, ўз ички дунёсига қаратилган ёпиқлик, ёлғизликка мойилликни намоён этишади. Бу сифатларнинг мусиқий фаолиятга таъсири борми?
Мусиқий таълим ва тарбияда сензитив даврларнинг аҳамияти борми?
Мусиқа ва тасвирий санъатнинг бир-бирига ўхшаш томонлари борми, агар бор бўлса нималарда ифодаланади?
Ҳозирги кунда мусиқа таълимига мусиқий диагностика кириб келди, сизнингча, ушбу экспериментал усулнинг зарурати борми?
Мустақил иш топшириқлари
Нутқ техникасини ривожлантириш усуллари.
Нотиқлик санъатини эгаллаш.
Бўлажак ўқитувчиларда темперамент ва шахс тузилиши хусусиятларини аниқлаш учун қўлланиладиган тест ва саволномалар.
Мусиқий диагностика - замонавий умумий мусиқий таълимни ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан бири.
4-мавзу. Педагогик ижодкорлик ва педагогик рефлексия.
Таълим жараёни ўқитувчининг ижодий қобилиятлари намоён этилиши.
Педагогик ижодкорликнинг асосий босқичлари.
Педагогик рефлексия хусусиятлари.
Do'stlaringiz bilan baham: |