102. ТФҚ нинг 257 бандига мувофиқ, кам фаолиятли участкаларда ва шахобча йўлларда поездлар харакатида алоқа воситалари сифатида электр-жезл тизими ва телефондан фойдаланишга йўл қўйилади. Электр жезл тизимида машинистга тақдим этиладиган перегоннинг жезли перегонни эгаллаш учун рухсат бўлиб хизмат қилади.
103. Электр жезл тизими қурилмалари бир пайтнинг ўзида жезл аппаратларидан биттадан ортиқ жезлни олишга имкон бермаслиги керак. Стрелкали пост хоналарида ўрнатиладиган жезл аппаратлари ушбу станция навбатчисининг рухсатисиз аппаратдан жезлни олишга имкон бермаслиги лозим.
104. Ҳар бир жезлда тартиб номери, серияси ва перегонни чегараловчи станцияларнинг номи бўлиши лозим. Ҳар бир перегонга ўзининг жезллар серияси тўғри келиши керак. Бир сериядаги жезл аппаратларини камида уч, узелларга яқин келишда эса, камида икки перегондан сўнг ўрнатишга рухсат берилади. Перегонни чегараловчи иккала станциянинг жезл аппаратларида перегонда поездлар бўлмаса, қўшиб ҳисоблаганда жуфт сонда жезллар бўлиши лозим.
105. Перегондан станцияга қайтадиган сурувчи локомотивли поездлар жўнатиладиган станцияларнинг жезл аппаратлари жезл-калит асбоблари билан тўлдирилиши керак.
Жезл-калит асбоби биркитилган жезл аппаратининг тузилиши жезл-калит олингунга қадар асосий жезлни олиш ёки жезл-калит олинган ҳолатда асосий жезлни олиш имконини бермаслиги лозим.
106. Қўшни станциягача борадиган сурувчи локомотивли поездлар жўнатиладиган станцияларнинг жезл аппаратларида бураб очиладиган жезллар бўлиши керак. Ҳар бир бураб очиладиган жезл икки қисмдан: "жезл" ва "билет" дан иборат бўлиши лозим. Поездлар ҳаракати вақтни тақсимлаш шароитида ташкил этилганида ҳам бураб очиладиган жезлларга эга жезл аппаратлари қўлланади.
107. Станция навбатчиси перегондан келган поезддан олинган жезлни жезл аппаратдан ўтказмасдан туриб шу перегонга жўнатилаётган поездга бериши мумкин; бундай ҳолатда аввал поезд йўл олаётган қўшни станция навбатчисининг розилигини олиш зарур. Жезл аппаратлари жезл-калитларга эга станцияларда жезлларни жезл аппаратдан ўтказмасдан топшириш тақиқланади.
108. Жезллар механик жезл алмаштиргичлар ёки қўлда, қоида бўйича станция навбатчисининг хонаси олдида алмаштирилади. Қўлда алмаштирганда жезллар жезл узатгичларга солинган бўлиши керак. Поездлар тўхтамасдан ўтказилганда чиқиш бўғизларида жезлларни алмаштириш тақиқланади.
109. Қуйидагилар тақиқланади:
а) поезд жўнашга тайёр бўлмасдан илгари жезлни чиқаришга рухсат сўраш, аммо поездларни тўхтатмасдан ўтказиш ёки жадвал бўйича 5 минутдан кўп тўхтамаган ҳолатлар бундан мустасно;
б) ишлатилаётган жезлларни аппаратга солмасдан сақлаш;
в) жезлларни қўшни перегонга олиб ўтиш.