Ўзбек тилига ким эътибор қаратади? Ҳолбуки, қўшни ва қардош мамлакатларнинг Давлат тили қонунлари бизникидан кўра қатъийроқ ишлаб чиқилган
1404 10:00 15.10.2019
Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 30 йил тўлди. Шу ўтган давр ичида нима ўзгарди? Нимани ўзгартириш керак?
Рақамлар тилга кирганда...
Интернет маълумотларига назар соладиган бўлсак, сайёрамиз аҳолиси 7111 тилда сўзлашаркан. Ана шу тилларнинг атиги бир фоизида (70 та тилда) Ер шари аҳолиснинг 90 фоизи гаплашади. Қолганлари жуда кам миқдорда аҳоли гаплашадиган, йўқолиб кетиш арафасида турган тиллардир. Ҳар икки ҳафтада Ер юзида битта тил умуман йўқолиб кетмоқда.
Қувонарлиси шуки, бизнинг тилимиз ана шу барқарор 1 фоизга киради. Ўзбек тилида Ер юзида 40 миллионга яқин аҳоли гаплашади. Бу Ер юзида ҳар 200 нафар одамдан бири ўзбек тилида сўзлайди, деганидир. Бошқача айтганда, ўзбек тили сўзлашувчилар сонига кўра сайёрамизда энг кенг тарқалган 40 та тилдан биридир. (Бу тилларнинг ҳар бирида камида 30 миллион аҳоли гаплашади).
Кўриниб турибдики, ўзбек тилининг халқаро мақоми ҳавас қиладиган даражада. Бугун бу тил мамлакатимизнинг давлат тили бўлибгина қолмай, қўшни Афғонистоннинг расмий тилларидан бири ҳисобланади. Бу мамлакат шимолидаги саккизта вилоят аҳолисининг катта қисмини ўзбеклар ташкил қилади.
Расмий маълумотларга кўра, қўшни Тожикистон аҳолисининг 13, Қирғизистоннинг 15, Қозоғистоннинг 4, Туркманистоннинг 6 фоиз аҳолиси ўзбек тилида гаплашади. Бундан ташқари, Туркия, Хитой, Эрон, Россия, АҚШ, Швеция, Латвия, Украина, Мўғулистон сингари мамлакатларда ҳам ўн минглаб миллатдошларимиз яшайди.
“Ўзбегим бошида қалпоқ...”
Шу ўринда тилимиз тарихига ҳам бир қур кўз ташлайлик. Мутахассислар фикрича, ўзбек тилининг тарихи бир неча минг йилликларни ўз ичига олади. Унинг илк илдизлари Марказий Осиё ҳудудида яшаган қадимги туркий элатлар – сак, хунну, қанғли, чигил, яғмо, қарлуқ, қипчоқ сингари ўнлаб қабилаларга бориб тақалади.
VII-VIII асрларга мансуб Ўрхун-Энасой обидалари барча туркий халқлар қатори бизнинг ҳам қадимий бойлигимиз, меросимиз саналади. Буюк аждодимиз Билга Ҳоқон 711 йилда ўз битиктошида қадимги турк тилида “эй туркий элим. Сен ўзингни англа, ўзлигингга қайт, шунда юксаласан!” дея келгуси авлодларга васиятнома битган эди.
Ўрта асрларда Маҳмуд Кошғарий, Юсуф Хос Ҳожиб, Аҳмад Югнакий, Аҳмад Яссавий сингари алломалар ўз асарларини туркийда битиб, тилимизнинг ривожига ҳисса қўшишди. Буюк мутафаккир Ҳазрат Алишер Навоий эса чин маънода бугунги ўзбек адабий тилининг пойдеворини мустаҳкамлади. Унинг ташаббуси билан она тилимиз Хуросон мулкининг давлат тилига айланди. Навоий илк бор ўзбек тилида “Хамса” яратиб, буюк девонлар тузиб, унинг бошқа тиллардан кам эмаслигини исбот этди. Ўз байтларида нафақат ўзбек тилининг бойлиги ва нафосати, балки ўзбек элининг миллий қиёфаси, қадриятларини ҳам тараннум этди:
Шоҳ тожу хилқатиким, мен тамошо қилғали,
Ўзбегим бошида қалпоқ, эгнида ширдоғи бас.
Ўзбек тилидан темурийлардан ташқари, турли даврларда Олтин Ўрда, шайбонийлар, аштархонийлар, ўзбек хонликлари даврида ҳам асосий тил сифатида фойдаланилган. 1870 йилда ўзбек тилидаги илк газета “Туркистон вилоятининг газети” чоп этила бошлаган. ХХ аср бошларида ўзбек тили Бухоро ва Хоразм Республикалари (БХСР ва ХХСР)нинг, Туркистон Мухторияти ва Туркистон АССРнинг, кейинчалик Ўзбекистон ССРнинг расмий тили бўлган. Фақат 1989 йилнинг 21 октябрь куни ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган.
ЮНЕСКО ташкилоти экспертларининг қайд этишича, давлат тили – сиёсий, ижтимоий ва маданий соҳаларда маълум бир давлатда интеграция (бирлаштирувчи) вазифасини амалга оширадиган, шунингдек, ушбу давлатнинг рамзи саналадиган тилдир.
Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонунига (янги таҳрир) мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир. Ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши республика ҳудудида яшовчи миллат ва элатларнинг ўз она тилини қўллашдан иборат конституциявий ҳуқуқларига монелик қилмайди. Фуқаролар миллатлараро муомала тилини ўз хоҳишларига кўра танлаш ҳуқуқига эгадирлар.
Шу билан бирга, Ўзбекистонда истиқомат қилувчи барча миллат ва элат тилларига ҳурмат кўрсатилади ва уларнинг ривожи учун шароитлар яратилади. Оммавий ахборот воситалари Ўзбекистонда истиқомат қилувчи миллат ва элатларнинг бир неча тилларида эфирга узатилади ва чоп этилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |