Кўзми ўша? Ёки қоп-қора чарос?
Ой нурида якка шудринг донами?
У қайрилган қошми, ёки қуш қанот?
Боқишларинг баҳор, ё нишонами? (“Биринчи хат”)
Тадқиқотнинг учинчи боби “Усмон Носир шеъриятида тасвирий воситалар лингвопоэтикаси” деб номланади. Бобнинг биринчи фасли ўхшатишларга бағишланиб, “Ўхшатишлар ўзига хос образли тафаккур маҳсули бўлиб, улар нутқда ҳамиша бадиий-эстетик қимматга молик бўлади, нутқнинг эмоционал-экспрессивлиги, ифодалилиги, таъсирчанлигини таъминлашга хизмат қилади”60, дея таъкидланади.
Усмон Носир шеърларига ўхшатиш воситаси сифатида -дай,-дек,-симон, -она, -намо,-омуз, -ча, -ларча, -часига, -дан аффикслари ва каби, гўё, мисоли ёрдамчи сўзлари ҳамда айрим морфологик-лексик воситаларни танлайди. Масалан:
Кийди тос тўн
Гумбази осмон.
Оловланди олмача юзлар. (“Қуёш билан суҳбат”)
Ёки:
...Тўлин ойдай роса тўлибсан,
Кошки, умринг билса вафони! (“Қизлар”)
Айни ўхшатишда тўлин ойнинг ўхшатиш эталони сифатида қўлланиши Усмон Носирнинг теран ва фавқулодда нигоҳи маҳсулидир.
...Боқсам: хом сут каби
Кўкимтир саҳар.(“Нахшон”)
Юқоридаги каби шоирнинг ўзига хос ўхшатиши ҳеч бир ижодкор асарларида учрамайди.
Тилшунос олим Н.Маҳмудов “Монолог” шеърини таҳлил қилар экан, уфққа бош қўяётган қуёшни шарт кесилган бошга ўхшатиш, куйган шафақларни тирқираган қонга менгзаш фожианинг нақадар мудҳиш эканлигининг қабариқ ифода топишига кўмак берганлигини кўриш мумкинлигини алоҳида эътироф этади61.
Ижодкор шеърларида баъзан шундай ўхшатишлар учрайдики, улар ҳеч қандай ўхшатиш воситаларисиз ҳам юзага келади. Буларга “Салом, кундуз!” шеъридаги Малак – ёруғлик, Уфқ – эрка қиз, “Нахшон” достонидаги Чиройли қиз – тун, Хаёл – дафтарим каби намуналарини келтириш мумкин.
Ўзбек тилида сифатлаш ҳам деб юритиладиган62 эпитетлар бобнинг иккинчи фасли саналади. Усмон Носирнинг она–Ватан ва табиат гўзаллигини, севги ва садоқатни мадҳ этувчи мавзуларни ҳар томонлама ёритиш мақсадида ишлатилган эпитетлари орасида ширин, оқ, пок,оч, қора, совуқ, юмшоқ, олтин, кумуш каби сўзлар қўлланиш ва маъно англатиш кўлами билан ажралиб туради.
Шоир ижодида қўлланган қора эпитети ижобий (Чу, қора тойчиғим! Чу, қора йўрғам!) ва салбий (Қора кунларнинг азобини) маънода келганлиги кузатилади. Усмон Носирнинг ёшлик ҳақидаги шеърларидан бири бўлган “Исроил” шеъридан олинган парчада оч қўйнингга мисрасида оч сифати меҳр, муҳаббатга ташна ҳаётни билдирган. “Нил ва Рим” достонида эса гладиаторга ташланаётган йўлбарснинг ҳолатини беришда оч сифатидан фойдаланиб, унинг ниҳоятда раҳмсиз ва даҳшатли эканлигини англатмоқда. “Қуёш билан суҳбат” достонида эпитетларни кетма-кет (ифлос, кирли, аламли, доғли, тарқоқ, қўрқоқ, қават-қават, тош) жойлаштириб, предмет ва воқеа-ҳодиса хусусиятларини атрофлича ёритишга ҳаракат қилган.
Усмон Носир шеърларида таҳлилга тортилган эпитетлардан ташқари ғоз шаҳар,олтин кўл, тилла капалак, мунчоқ кўзлар, зумрад чаманзор, темир қадамлар, тилла бошоқ, ёқут томчилар каби от+от таркибли эпитетли бирикмалар; ўтли қўл, манфур кўланка, кардевор, шўх шалола, ўгай даврон, оч қулоч, жинни театр, чиркин хаёл, совуқ мурда каби сифат+от таркибли оригинал эпитетли бирикмалар учрайди.
Бобнинг учинчи фасли саналган перифразалар нутқни бойитадиган, унга улуғворлик, кўтаринкилик, таъсирчанлик берадиган муҳим лингвопоэтик воситалардан биридир. Шоир Усмон Носир “Пахтакор” ҳамда “Иқомхон” шеърларида деҳқонларни қора ернинг усталари, даланинг эгалари, каби перифразалари орқали ифодалаб, тасвирни образли, таъсирчан ва ўқувчига тушунарли қилиб бериш мақсадида фойдаланади ҳамда ўз даврида минглаб гектар ерларни ўзлаштираётган оддий одамлар меҳнатини улуғлаган, уларга кўтаринки кайфият бағишлаган. “Бодом гуллаган кечаси” шеърида эса ўз даврида янгилик саналган техника–тракторни англатадиган сўз ўрнида баъзида унинг перифразаси (пўлат от, темир от) дан фойдаланади. “Атлас” драмасида ҳам шоир ҳеч қайси ижодкорда учрамайдиган носирона перифразани қўллаб, Тўлди ишқи билан дил пиёласи дея кўнгилга ишора қилади.
Бобнинг тўртинчи фасли метафоралар хусусида. Маълумки, бир буюмнинг номини бирор нарса-буюмга бирор томондан ўхшашлигини эътиборга олиб кўчириш ва сўзнинг янги маънолари ҳосил бўлишида қатнашадиган омиллардан бири метафора саналади63. Метафорик қўллашнинг ўзига хос ва ҳайратланарли кўринишларидан бирини Усмон Носирнинг “Тожихон” шеърида кузатиш мумкин. Шеърда пахта сўзи ўрнида оқ гул, Тожихон ўрнида чечак метафорик кўчимидан фойдаланилган. Пахта гул эмас, лекин Тожихон этагида у гулга айланган. Тожихоннинг ўзи эса – очилган чечак:
Зум ўтмасдан оқ гулларга тўлдириб этак,
Қуёш каби очилди у — яшнаган чечак.
Усмон Носирнинг “Қуёш билан суҳбат” шеърида қуёш сўзи ўрнида – ернинг онаси метафора-предметлаштиришдан фойдаланилади.
Шоирнинг “Тракторобод” тўпламининг кириш қисмида келтирилган сатрларда лирикани покиза найга, сайроқ булбулга ўхшатиш асосида маъно кўчирилган. Бу эса бадиий метафоранинг гўзал намунасини ҳосил қилган.
Ижодкорнинг “Юр, тоғларга чиқайлик” шеъридаги дил оқар бирикмаси ҳаракат ўхшашлиги асосида маъноси кўчирилиб, метафора ҳосил қилинган: Нега мунча дил оқар,Қалтирар?
Бешинчи фасл саналган метонимияда предмет ёки воқеа-ҳодиса ўртасидаги ўхшатиш эмас, балки улар ўртасидаги боғлиқлик, алоқадорлик, бир-бирини тақозо этиши асос қилиб олинади. Усмон Носир ижодида, асосан, отларнинг метонимик ҳолатда ишлатилишига дуч келамиз, баъзи ўринларда сонлар ва сифатлар ҳам метонимик характерга эга бўлади: а) от–метонимия: Дунё икки кўз-ла Тинмай боқади. (“Мен ҳам бораман”); б) сон–метонимия: Йигирманчи баҳорига даст Берган, узатган умрим менинг; в) сифат–метонимия: Ёш Мария яқиндагина Ўзга диёр кўкини кўрди (“Боғчасарой фонтани”).
Кузатишлар асосида Усмон Носир ижодидаги метонимияларнинг қуйидаги маънолари ажратилади: а) миллат номи, мамлакат маъносида: Мен Шарқдан, Ўзбекдан келдим, зиёрат. (“Доҳий сағанасида”); б) асар муаллифи орқали асар: Петраркани ўқиганим бор; г) предмет ўрнида унинг материали: Сўз қиладир... эҳ... жуда ўткир. (“Қуёш билан суҳбат”); д) тур тушунчаси жинс тушунчаси ўрнида: Оз-моз ёзар “лотинча”. (“Иқомхон”); е) жой номи унда яшайдиган одамлар маъносида: Чапак чалди “Эй, аҳмоқ Рим, севинма қонга! (“Нил ва Рим”)
Do'stlaringiz bilan baham: |