МКМ - ўқитишнинг модулли дастури, мутахассис фаолиятининг таҳлили, унинг мазмуни ва таркибини ўрганиш асосида тузилади ва модулли блоклар ҳамда ўргатувчи модуллари йиғиндисидан иборат бўлади.
Мутахассиснинг ишлаб чиқариш фаолияти, қатор ишлаб чиқариш топшириқлар бажарилишини ўз ичига олади (4.5-расм). Улар ўз навбатида белгиланган кетма-кетликда бажариладиган ишлаб чиқариш амалларидан (ишлар қадами) иборат бўлади. Ишлаб чиқариш топшириғи таркибига кирувчи амалларни бажариш учун, мутахассис маълум даражадаги назарий билимлар ва амалий малакаларга эга бўлиши керак. Бунга ишлаб чиқилган ўргатувчи модулларни ўқувчилар томонидан ўзлаштирилиши орқали эришилади. МКМ дастурлар касб-ҳунар таълими тизимининг муайян ихтисослиги бўйича ишлаб чиқилади. Модулли ўқитишнинг мазкур концепцияси касб-ҳунар коллежларида, ихтисосликка ўргатиш учун жуда ҳам мос келади. Бу эса энг аввало «Касбий таълим» олаётган таҳсил олувчиларга тизимли фаолият ёндашуви асосидаги модулли ўқитиш технологиясини ўзлаштиришни тақозо этади.
Мазкур дастурларни, олий ўқув юртларининг «Касб таълими»» йўналишлари бўйича таълим олаётган таҳсил олувчиларни ихтисосликка ўргатишда ҳам қўллаш мумкин бўлади. Олий ўқув юртларда ихтисосликка ўргатиш учун «Касб маҳорати» фани ўқув режаларга киритилган. Демак, мазкур фанни тизимли фаолият ёндашуви асосидаги модулли ўқитиш технологияси бўйича таҳсил олувчилар томонидан ўзлаштиришини ташкил этилиши мақсадга мувофиқдир.
Юқорида ифода этилганларни ҳисобга олиб, тизимли фаолият асосидаги модулли ўқитиш технологиясининг қуйидаги асосий хусусиятларини қайд этиш мумкин:
ўқитиш мазмуни, мутахассис фаолиятининг тизимли таҳлили асосида, шакллантирилади;
модулли дастур таркиби мутахассис фаолияти таркибига мос шакллантирилади. Ўқитиш дастури алоҳида элементлардан, модуллардан, ўргатувчи модуллардан, модулли блоклардан иборат бўлади. Модулли ўқитиш дастурининг таркибий қисми бўлиб, мутахассис ҳаракатининг «бошланиши ва охири» аниқ кўрсатилган тугалланган иш бўлагидир.
ҳар қайси модулни ўрганиш «Ўргатувчи модул» деб аталувчи махсус ишланган услубий қўлланмалар бўйича амалга оширилади. Унда билим, кўникма ва малакаларни шакллантириш учун зарурий ахборотлар, назорат тестлари келтирилади.
зарурият туғилганида, ҳар қайси ўқувчи учун индивидуал ўқитиш дастурлари тузилади. Улар таълим буюртмаси талаблари ва бошланғич тайёргарлик даражаси асосида тайёрланади.
ўргатувчи модул ўқувчига, мустақил равишда ўқув материалини ўзлаштиришга имконият беради, Педагог ва ўқувчининг ўзаро муносабати тенг ҳуқуқлилик ва билвосита мулоқоти ва муносибатлари асосида кечади.
Тизимли фаолият асосидаги модулли ўқитиш - лойиҳалаш ва рўёбга чиқариш жараёнларини ўз ичига олади. Лойиҳалаш жараёни тўрт босқичдан иборат бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |