125. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тадбиркорлик фаолияти субъектларини ихтиёрийлик асосида бирлаштирувчи нодавлат нотижорат ташкилоти бўлиб ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси томонидан хўжалик юритувчи субъектларга юридик ёрдам кўрсатишнинг ҳуқуқий асослари Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги Қонуни 2018 йил 9 июл, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 09 июлдаги “Ўзбекистон Савдо-саноат палатасини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармони, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 22 сентябрдаги “Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси фаолиятини ташкил этишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорида ўз ифодасини топган.
126. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишларидан бири тадбиркорлик фаолияти субъектларига кенг турда хизмат кўрсатиш, жумладан, ахборот таъминоти ва маслаҳат ёрдами бериш, тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини, жумладан, рўйхатга олиш, маҳсулотни сертификатлаш ва лицензия бериш, шунингдек, ишларини судларда кўриб чиқиш масалаларида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари билан муносабатларда уларнинг манфаатларини ифода этиш ва ҳимоя қилишдир.
127. Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг 2004 йил 21 сентябрда бўлиб ўтган таъсис Конференциясида тасдиқланган уставига мувофиқ у хўжалик юритувчи субъектларга юридик ёрдам кўрсатиш бўйича қуйидаги ҳуқуқларга эга:
тадбиркорлик субъектлари манфаатларига дахлдор қонун лойиҳалари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда ва муҳокама қилишда қатнашиш;
Палата аъзолари-тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини, шу жумладан, давлат ва хўжалик бошқарув органларида ифода этиш ва ҳимоя қилиш;
ўз аъзоларининг манфаатини Халқаро савдо палатасида, шунингдек, тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бошқа халқаро ташкилотларда ифода этиш;
ўз ваколати доирасида давлат ҳокимияти органлари томонидан тузилган тадбиркорлик субъектларининг манфаатларига дахлдор масалалар бўйича идоралар, идоралараро ва бошқа комиссиялар, эксперт кенгашлари ва бошқа орган ва ташкилотларнинг ишларида иштирок этиш;
тадбиркорлик фаолияти субъектларига ахборот таъминоти, юридик ва консультатив ёрдам бериш ҳамда бошқа турли хилдаги масалаларда ёрдам ва кўмак бериш;
Палатага юклатилган вазифа ва функцияларни бажариш зарурати юзасидан давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, давлат ҳокимияти органларидан ахборотлар олиш;
замонавий талаб ва стандартлардан келиб чиқиб тадбиркорларни ўқитиш ва малакасини оширишни ташкил қилиш.
128. Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги Қонунининг 13-моддасида Палатанинг ҳуқуқлари белгилаб берилган бўлиб, улардан қуйидагилари бевосита хўжалик юритувчи субъектларга юридик ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ:
тадбиркорлик фаолияти субъектларига ҳуқуқий ва бошқа хил ёрдам кўрсатиш;
тадбиркорлик фаолияти субъектларига ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналарини патентлашда, товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ҳамда товар келиб чиққан жой номларини рўйхатдан ўтказишда кўмаклашиш;
халқаро ва чет эл ташкилотларида тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ соҳада Палата аъзоларининг манфаатларини ифода этиш;
тадбиркорлик субъектларининг фаолияти масалаларига тааллуқли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва муҳокама қилишда иштирок этиш;
иқтисодий низоларни ҳал қилиш учун қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳакамлик судларини, шу жумладан, халқаро тижорат арбитраж судини ташкил этиш;
палата аъзоси бўлмиш тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишларда иштирок этиш;
Do'stlaringiz bilan baham: |