106. Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бошқармаси ва жойлардаги бўлимларнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланган:
янги ташкил этилаётган ва фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектлари фаолиятини тартибга солиш ҳамда уларни қўллаб-қувватлаш бўйича барча қонун ҳужжатларига ва меъёрий ҳужжатларга қатъий риоя қилиниши устидан назоратни таъминлаш;
тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, корхоналарни ташкил этиш ва уларнинг самарали фаолият кўрсатиши учун қулай ҳуқуқий ва ташкилий шарт-шароитлар яратиш бўйича амалдаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритиш;
назорат органлари ўтказаётган текширишларнинг қонунийлиги устидан назоратни таъминлаш;
тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳақ-ҳуқуқларини тиклаш чора-тадбирларини кўриш;
корхоналар, хусусий тадбиркорлар фаолиятига ноқонуний аралашиш, давлат тузилмалари ва амалдорлар, маҳаллий ҳокимият ва бошқарув органлари томонидан зимдан қаршилик кўрсатишнинг барча ҳоллари устидан мониторингни амалга ошириш. Ҳар бир ҳолат бўйича айбдор шахсларни жиноий жавобгарликкача бўлган жавобгарликка тортиш юзасидан таклифлар киритиш.
Ушбу вазифаларни самарали амалга ошириш учун Адлия органларига:
барча вазирликлар, идоралар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат органлари, маҳаллий ҳокимият ва бошқарув органлари, муассасалар, мансабдор шахслар томонидан тадбиркорлар ҳуқуқларига риоя қилиш бўйича Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари оғишмай бажарилишини текшириш;
кўрсатиб ўтилган органлар раҳбарларига қонун ҳужжатларининг аниқланган бузилишларини, бузилиш сабабларини, сабаб бўлган шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида белгиланган муддатларда бажарилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш;
ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат органларининг, маҳаллий ҳокимият ва бошқарув органларининг тадбиркорлик субъектлари ҳақ-ҳуқуқларини бузувчи ҳаракатларини ёки қарорларини тўхтатиб қўйиш;
тадбиркорлар ва хусусий мулк эгаларининг ҳуқуқларига риоя қилиш бўйича қонун ҳужжатларининг бузилиши мумкин эмаслиги тўғрисида мансабдор шахсларни ёзма равишда огоҳлантириш;
тадбиркорлар ва хусусий мулк эгалари ҳуқуқларини, уларнинг қонун билан муҳофаза қилинадиган манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисида судларга, шу жумладан, иктисодий судига ариза билан мурожаат қилиш каби ҳуқуқлар берилган.
107. Адлия вазирлигига хорижий инвесторларни ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарни ҳуқуқий ҳимоя қилишни таъминлаш вазифаси юкланди ва ушбу вазифани амалга ошириш учун унга қуйидаги ҳуқуқлар берилди:
хорижий инвесторларни ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарни жавобгарликка тортишнинг асослилигини зарур ҳужжатлар, шу жумладан жиноий, фуқаролик, иктисодий ва маъмурий ишлар материаллари билан танишиш йўли билан ўрганиб чиқиш;
вазирликлар, идоралар ва назорат органлари, шунингдек, маҳаллий ҳокимият ва бошқарув органлари раҳбарларига қонун ҳужжатларининг аниқланган бузилишлари, қонун бузилишини ва унга олиб келувчи шарт-шароитларнинг сабабларини бартараф қилиш тўғрисида белгиланган муддатларда бажарилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш;
мансабдор шахслар томонидан хорижий инвесторлар ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилиши ҳолатлари аниқланган ҳолларда, шунингдек, адлия органларининг қонуний талаблари мансабдор шахслар томонидан бажарилмаган тақдирда айбдор мансабдор шахсларни жавобгарликка тортиш тўғрисидаги масалаларни тегишли органлар олдига қўйиш;
хорижий инвесторлар ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг ҳуқуқларини бузаётган назорат қилувчи ҳамда маҳаллий ҳокимият ва бошқарув органларининг ҳаракати ёки қарорларини тўхтатиб қўйиш;
жиноий, фуқаролик, иктисодий ва маъмурий ишлар бўйича хорижий инвесторлар ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузувчи суд ҳужжатларини давлат божи тўламасдан қайта кўриб чиқиш тўғрисида суд инстанцияларига таклифлар билан мурожаат қилиш;
хорижий инвесторлар ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисидаги мурожаатларини текшириш учун тегишли мутахассисларни жалб этиш.
Do'stlaringiz bilan baham: |