Жисмоний шахслар томонидан қанча миқдордаги нақд валюта маблағларини олиб кириш ва олиб чиқишда йўловчи божхона декларацияси тўлдирилиши талаб этилади?
Жисмоний шахслар томонидан олиб кирилаётган ва олиб чиқиб кетилаётган 70 000 000 (етмиш миллион) сўм эквивалентидан ортиқ миқдордаги Ўзбекистон Республикасининг нақд валютаси ва (ёки) нақд чет эл валютаси (кейинги ўринларда — нақд валюта маблағлари) йўловчи божхона декларациясини тўлдириш ва божхона органи ходимига тақдим этиш йўли билан божхона назоратидан ўтказилади.
Жисмоний шахснинг хоҳишига кўра эквиваленти 70 000 000 (етмиш миллион) сўмга тенг ёки ундан ошмайдиган миқдордаги нақд валюта маблағлари ҳам декларация қилиниши мумкин.
(Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси нақд валютаси ва нақд чет эл валютасини Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали олиб кириш ва олиб чиқиб кетиш қоидалари, ВМ 30.01.2018 й. №66 қарори) Очиқ валюта мавқеига тариф беринг.
Тижорат банкининг чет эл валютасидаги талаблари унинг чет эл валютасидаги мажбуриятлари суммасига мос (тенг) бўлмаган ҳолатдаги валюта мавқеи очиқ валюта мавқеини англатади.
Очиқ валюта мавқеи икки турда бўлади:
узун валюта мавқеи — тижорат банкининг чет эл валютасидаги талабларининг суммаси унинг чет эл валютасидаги мажбуриятлари суммасидан ортиқ бўлган ҳолдаги очиқ валюта мавқеи;
қисқа валюта мавқеи — тижорат банкининг чет эл валютасидаги мажбуриятларининг суммаси унинг чет эл валютасидаги талаблари суммасидан ортиқ бўлган ҳолдаги очиқ валюта мавқеи.
Очиқ валюта мавқеи ўзгаришига таъсир қилувчи операциялар қайсилар?
маблағларни дарҳол ўтказиш орқали чет эл валютасини харид қилиш ва сотишга доир операциялар (СПОТ) (битим тузилган санадан кейинги икки банк иш кунидан кечиктирмаган ҳолда) ҳамда маблағларни муайян муддат ичида (битим тузилган санадан кейинги икки банк иш кунидан ортиқ бўлган муддатда) ўтказишга доир операциялар, шунингдек нақд чет эл валютасидаги операциялар;
даромадларни чет эл валютасида ҳисоблаш ва олиш;
харажатларни чет эл валютасида ҳисоблаш ва тўлаш;
чет эл валютаси билан боғлиқ ҳосила молиявий воситалар (валюта деривативлари) бўйича, шунингдек чет эл валютасидаги бошқа операцияларда ҳисоб-китобларни амалга ошириш усули ва шаклидан қатъий назар чет эл валютасидаги талаб ва мажбуриятлар вужудга келадиган битимлар;
чет эл валютасида амалга ошириладиган бошқа операциялар (чет эл валютасида харид қилинган активлар, ўз акцияларини чет эл валютасига сотиш ва валюта қимматликлари билан боғлиқ бошқа битимлар, агар ушбу битимлар шартларига мувофиқ у ёки бу кўринишда чет эл валютасининг айирбошланиши (конверсияси) кўзда тутилган бўлса).