КРЕДИТЛАШ, ИНВЕСТИЦИЯ ФАОЛИЯТИНИ МУВОФИҚЛАШТИРИШ ВА ЛОЙИҲАЛАРНИ БОШКАРИШ МАРКАЗИ
Банкнинг кредит сиёсати нима ва у ким томонидан тасдиқланади?
Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг “Тижорат банклари кредит сиёсатига нисбатан қўйиладиган талаблар тўғрисида Низом”га асосан: Банкнинг кредит сиёсати - кредитлаш жараёнида юзага келувчи таваккалчиликни бошқаришда банк раҳбарияти томонидан қабул қилинадиган чоралар ва услубларни белгиловчи ҳамда банк раҳбарияти ва ходимларини кредитлар портфелини самарали бошқаришга доир кўрсатмалар билан таъминловчи ҳужжат. Кредит сиёсати ҳар йили Банк Кенгаши томонидан тасдиқланади.
Бир қарздор ёки ўзаро дахлдор қарздорлар гуруҳига тўғри келувчи таваккалчиликнинг энг юқори даражаси тўғрисида гапириб беринг?
Ишончли кредитлар учун таваккалчиликнинг энг юқори даражаси 1-босқичли банк капиталининг 5 фоизидан ошмаслиги зарур;
Банкнинг барча йирик кредитларининг умумий ҳажми 1-босқичли банк капиталидан 8 мартадан ортиқ ошиб кетиши мумкин эмас.
Бир қарз олувчи ёки ўзаро боғлик қарз олувчилар гуруҳига ажратилган кредитларнинг умумий миқдори (балансдан ташқаридаги мажбуриятлари билан биргаликда) 1 даражали банк капиталининг 10 фоиздан ошган тақдирда ушбу кредитлар суммаси йирик кредит деб ҳисобланади.
Тижорат банклари томонидан аҳолига молиявий истеъмол кредитлари қайси шартлар асосида ва қандай тартибда берилади?
Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмол кредити тўғрисида”ги Қонунига асосан истеъмол кредити жисмоний шахсга (истеъмолчига) унинг истеъмол эҳтиёжларини қондириш мақсадида товарлар (ишлар, хизматлар) сотиб олиш учун бериладиган кредитдир. Молиявий истеъмол кредити ва товар истеъмол кредити истеъмол кредитининг шаклларидир.
Молиявий истеъмол кредити сотиб олинган товарлар (хизматлар) ҳақини тўлаш учун пул маблағлари тарзида истеъмолчига бериладиган кредитдир.
Банклар ёки бошқа кредит ташкилотлари молиявий истеъмол кредити берувчи ташкилотлардир. Истеъмол кредити истеъмол кредити бериш қоидаларига мувофиқ истеъмол кредити шартномаси (бундан буён матнда шартнома деб юритилади) бўйича тўловлилик, муддатлилик ва таъминланганлик шартлари билан берилади.
Истеъмол кредити ўз фаолияти натижасида олинган даромадларга, пенсия ва бошқа даромадларга (бундан буён матнда даромадлар деб юритилади) эга бўлган жисмоний шахсларга берилади. Истеъмол кредитини бериш қоидалари ушбу Қонунга мувофиқ ишлаб чиқилган тижорат банкларининг ички меъёрий ҳужжатлари асосида белгиланади.
Молиявий истеъмол кредити бериш Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган истеъмол товарларини (хизматларни) ишлаб чиқарувчи корхона ёки реализация қилувчи ташкилотнинг банкдаги ҳисобварағига банк ёхуд бошқа кредит ташкилоти томонидан пул маблағлари ўтказиш йўли билан амалга оширилади. Молиявий истеъмол кредитининг нақд пулда берилишига йўл қўйилмайди.