Хромосомлар – генетик ахборотни сақлайдиган ва уларни авлоддан авлодга ўтказишда фаол иштирок этадиган ҳужайра ядросининг асосий қисмидир. Хромосомлар ҳужайра бўлинган вақтида яхши кўриниб, ҳужайранинг интерфаза даврида деярлик кўринмайди. У 2 та мураккаб спирал ҳолатда жойлашган хроматин ипларидан ташкил топган бўлиб, ўзаро бирламчи белбоғ центромера орқали боғланади. Ўсимликларнинг соматик (тана) ҳужайраларида диплоид тўпламда хромосомлар бўлиб, жинсий ҳужайраларда эса соматик ҳужайраларга нисбатан хромосомлар сони икки ҳисса кам яъни гаплоид (ток) тўпламда бўлади. Хромосомларнинг сони турли организмларда турлича бўлади: пиёзда – 16 та, карамда 20, юмшоқ буғдойда – 42 та, кунгабоқарда – 34 та.
Ҳар бир ўсимлик тури ҳужайрасига эволюция давомида мустаҳкамланган доимий хоромосомлар сонига хосдир. Битта турга хос бўлган (хромосомлар сони, шакли, ўлчами ва бошқалар) йиғиндиси шу турнинг кариотипини ташкил этади.
Ҳар бир тирик организмнинг ўсиши ва кўпайиши ҳужайраларнинг бўлиниши туфайли вужудга келади. Эукариот организмларнинг ҳужайралари асосан икки хил усулда бўлинади: 1 - митоз – соматик ҳужайраларнинг бўлиниш, 2 - мейоз – жинсий ҳужайраларнинг бўлиниши. Митоз - бўлиниш 4 та фазадан: профаза, метафаза, анафаза, телофазадан иборат. Икки метоз оралиғидаги давр интерфаза дейилади (6-расм).
Профазада хромосомлар йўғонлаша бошлайди, ядро пўсти ва ядроча йўқолади. Ядрода икки қутб пайдо бўлади.
Метафазада хромосомлар қутблар орасида жойлашиб, ҳар бир хромосом 2 та хроматидга бўлинади. Ҳар бир хромотид хроматинлар йиғиндисидан ташкил топган.
Хромосомларнинг экваторга йиғилиши хромотидларнинг бир-бирларидан ажрала бошлаши билан метафаза жараёни тугайди.
Анафазада ҳар бир хромосом иккита хроматитга ажралади ва қиз хромосомлар деб номланган алоҳида хромосомларга айланади ва хромосомлар урчуқ иплари қисқарган сари икки қутбга тортила бошлайди.
Телофазада қутбларда бир-бирларига ўхшаган иккита хромосомлар гуруҳи шаклланади, урчуқ иплари йўқолади, ядро қобиғи пайдо бўлади, ядроча қайтадан шаклланади. Телофазанинг охирида цитоплазманинг иккига бўлиниши – цитокинез жараёни кузатилади, яъни экваторда икки ёш ҳужайра пўсти ва ҳужайра аро модда ҳосил бўлади. Телофаза вақтида хромосомаларнинг аниқлиги йўқолади ва яна интерфазадаги каби ингичка ип ҳолига ўтиб қолади. Бу вақтда ядро батамом шаклланади, митоз жараёни тугайди.
Митознинг асосий хусусияти шундаки, қиз ҳужайраларда хромосомаларнинг сони, ўлчами ва шакли, ДНК нинг миқдори, ирсий ахборотни сақлаш, она ҳужайрага ўхшашлигидадир. Митоз жараёни 1 соатдан 5 соатгача давом этиб, митознинг бориши, тўқималар типига, ҳужайранинг ёшига, ташқи муҳит таъсирига кўп жиҳатдан боғлиқ бўлади.
Шундай қилиб ҳужайралар митоз усулида бўлинганда икки хил жараён кузатилади: 1) Ядронинг бўлиниш – кариокинез, 2) цитоплазманинг иккига ажралиши – цитокинез.
Мейоз – (юнон. «Мейозис» - камайиш), жинсий усулда кўпаядиган организмлардаги ҳужайранинг кўпайиш усули бўлиб, ҳужайра бўлиниш вақтида хромосомалар сони камаяди ва ҳужайра диплоид ҳолатидан, гаплоид ҳолатига ўтади. Мейоз жараёни ядроларнинг узлуксиз икки маротаба бўлиниши, яъни биринчи ва иккинчи мейоз бўлинишдан иборат. Мейоз жараёнида ДНК нинг икки ҳисса ортиши натижасида хромосомлар сони икки ҳисса кўпаяди. Биринчи мейоз бўлиниши иккинчисига қараганда анча узоқроқ давом этади. Иккала мейоз бўлинишида ҳам 4 та фазани қуриш мумкин (7-расм). Мазкур бўлинишда ва ундан кейин келадиган цитокинезда 4 та гаплоидли (тетрада) қиз ҳужайра ҳосил бўлади. Бу вақтда биринчи ва иккинчи мейоз орасида интерфаза бўлмайди ва ДНК молекуласининг икки ҳисса ошиши кузатилмайди. Уруғланиш жараёнида хромосомларнинг диплоид тўплами янада тикланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |