Хромопластлар - сариқ, тўқ сариқ, қизил пигментлар сақлаб, уларнинг ранги ксантофилл (С40 Н56 О2), каротин (С40 Н56) ва бошқа каротиноидлар груҳидаги кимёвий таркиби жиҳатидан каротинга яқин 50 дан ортиқ пигментларга боғлиқ бўлади. Хромопластларнинг шакли келиб чиқишига ўсимликларнинг турига ва пигментларнинг ҳолатига қараб шарсимон, таёқчасимон, учбурчак ва бошқа шаклларда бўлади.
Хромопластлар ўсимликларнинг гултожбаргларида, пишган меваларда, илдиз меваларида ва кузги баргларда учрайди. Бу органларнинг очиқ рангда бўлиши улар таркибидаги турли пигментларнинг бўлишидандир. Хлоропластлардан хромопластлар ўлчамининг кичиклиги ва шакли билан фарқ қилади. Хромопластлар асосан меваларнинг етилган вақтида, баргларнинг кузда сарғайишида хлоропластларнинг деградация (инқирози) ва хлорофиллнинг бузилиши натижасида пайдо бўлади. Хромопластларда турли пигментлар синтезланади, фотосинтез жараёнида хлоропласт учун светофильтр сифатида ва яна озуқа моддаларнинг тўпланишида қатнашади. Хромопластларнинг яна қисман биологик аҳамияти гулларга ва меваларга очиқ (оч) ранг бериб, гулларнинг чангланиши учун хашоротларни жалб қилишда ва меваларни ҳайвонлар орқали тарқалишидадир.
Лейкопластлар - бошқа пластидлардан майдароқ бўлиб, пигментлар сақламайди. Улар ёруғлик тушмайдиган ўсимлик органларининг ҳужайраларида – илдиз, илдизпоя, тугунак ва уруғларда учрайди. Лекин жуда оз миқдорда ажратувчи ҳужайраларда ва элаксимон найларда бўлади. лейкопластларнинг шакли шарсимон, эллипсоидаль, гантелсимон, амёбасимон ва бошқалар бўлади. Бу пластидларнинг асосий хусусиятларидан бири битта ҳужайрада шаклини ўзгартира олишдир. Лейкопластларнинг бошқа хусусиятлари (хлоропластларга нисбатан) ички мембрана системасининг суст ривожланганлигидадир. Ҳужайрада лейкопластлар мағиз атрофида тўпланади. Лейкопластларнинг асосий вазифаси синтез қилиш ва жамғарма озуқа моддаларни, крахмал ва бир хилда оқсилларни тўплашдир. Крахмал тўпловчи лейкопластларни – амилопластлар, жамғарма оқсилларни (протеин) синтезловчи лейкопластларга – протеопластлар, ёғ тўпловчи пластидларни олеопластлар дейилади.
Органик олам эволюцияси жараёнида энг аввал пайдо бўлган пластид хлоропласт бўлиб, ўсимликларнинг органларини шаклланиши билан бошқа 2 тур (хромопласт ва лейкопласт) пластидлар пайдо бўлган. Ўсимликлар онтогенези давомида барча типдаги пластидлар бири иккинчисига айланиш мумкин.
Ядро
Ядро йирик органоид бўлиб, эукариот организмлар тирик ҳужайраларининг муҳим таркибий қисмидир. У асосан икки муҳим вазифани бажаради: 1) қандай оқсил қачон ситезланиши кераклигини аниқлаш билан ҳужайранинг ҳаётий жараёнларини текшириб туради; 2) ҳужайрада ирсий белгиларни сақлаб, ҳужайра бўлинганда ёш ҳужайраларга ўтказади, булардан ташқари моддалар алмашиниш, ўсиш, ривожланиш ва бошқа барча жараёнларни бошқариб туради. Эукариот организмларнинг ҳужайраларида фақат битта йирик, 2 та ёки бир неча ядро бўлиши мумкин. Ядронинг ўлчами ўсимлик турларига, ҳужайраларнинг типларига ва ёшига қараб 10-25 мкм, жинсий ҳужайраларда эса ядро каттароқ бўлиб 5000 мкм гача етади. Ҳужайра бўлиниш вақтида ядро катталашиб, ўлчами жиҳатидан ҳужайранинг ярмига тенг бўлиб қолади. Вояга етган ҳужайраларда ядро ҳужайранинг бошқа таркибий қисмининг ўсиши ҳисобига, кичиклашади. Ёш ҳужайраларда ядро ҳужайра марказида жойлашади, кейинчалик ҳужайра ўсиши билан вакуол катталашиб ядрони бир чеккага, ҳужайра пўстига яқин жойга суради. Барча эукариот ҳужайраларнинг ядро тузилиши асосан бир хилда бўлади. Ядро – ядро қобиғи, хроматин, ядро шираси ва бир ёки бир нечта ядрочалардан ташкил топган (1-расм).
Ядро қобиғи жуда юпқа бўлиб иккита (ташқи ва ички) мембранадан иборат. Мембраналар оралиғида ядро атрофи бўшлиғи жойлашган. Ядронинг цитоплазма билан алоқани боғлаб турувчи ташқи мембранасида поралар ва эндоплазматик тўр билан туташган ўсимталар ва ёпишган рибосомалар бўлади. Ядро кимёвий таркиби жиҳатидан, ирсий белгиларни сақловчи ДНКнинг кўплиги билан бошқа органеллалардан фарқланади. Ядроча ядронинг асосий қисмларидан бўлиб мембрана билан ўралмаган ва нуклеоплазмада эркин ҳолда ётади. Ядрочанинг асосий вазифаси рРНКнинг турли шаклларини синтез қилиш ва рибосомалар ҳосил бўлишида қатнашишдир. Ядроча ҳужайранинг бўлиниш вақтида эриб, янги қиз ҳужайра ҳосил бўлганда янгидан шаклланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |