XX.7. Ceлекцион жараён. Селекция ишлари схемалари.
Турли қишлоқ хўжалик экинларининг селекция ишлари асосан икки метод бўйича олиб борилади. Биринчиси, маҳаллий ва чет эл селекциясига оид нав ва популяцияларидан оммавий ёки индивидуал танлашга асосланган аналитик метод.
Иккинчиси, ҳар хил формаларни дурагайлаш ва кейинги авлодларда керакли белги - хусусиятларга эга бўлган ўсимликларни йўналтирилган танлашга асосланган синтетик метод.
Ҳар бир қишлоқ хўжалик экиннинг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда унинг селекция ишларининг методлари турлича бўлади. Масалан, беданинг янги навларини яратишда асосан табиий популяция ва маҳаллий навлардан танлаш, яъни аналитик метод қўлланилади. Тариқнинг кўпчилик навлари ҳам аналитик селекция натижасида яратилган. Буғдой селекцияси эса асосан тур ичида дурагайлаш йўли билан амалга оширилади. Маккажўхори бўйича навларга нисбатан гетерозис дурагайлардан фойдаланиш устунлик қилади. Бунда селекция ишлари самарадорлиги экиннинг чангланиш типига, яъни кўпайиш услубига боғлиқ. Маълумки, ўсимликларда чангланишнинг асосий икки типи мавжуд: ўз-ўзидан чангланиш ва четдан чангланиш. Ўз-ўзини чанглантирадиган асосий қишлоқ хўжалик экинлари қаторига буғдой, арпа, сули, шоли, тариқ, жўхори*, зиғир, ғўза*, нўхат, соя, арахис, помидор, бақлажон, шафтоли, ўрик, цитрус ўсимликлар ва бошқалар киради.
Четдан чангланадиган қишлоқ хўжалик экинларига жавдар, кунгабоқар, беда, қанд лавлаги**, картошка**, тамаки**, олма**, нок**, маккажўхори, тарвуз, қовун, қовоқ, ёнғоқ ва бошқалар киради.
Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида асосий техник экинлардан бири бўл-
ган ғўза селекцияси жараёнларида бажариладиган ишлар устида батафсил тўхталиб ўтамиз.
Ғўза селекциясида асосан аналитик ва синтетик методлар мавжуддир.
Аналитик методнинг моҳияти бошланғич материал сифатида ғўзанинг турли шакллари, линия ва навларини экиш, уларнинг авлодлари орасидан селекционер-олим ўз олдига қўйган мақсадларга мувофиқ бўлган белги-хусусиятларга эга ўсимликлар ва оилаларни танлаб, линия ва нав даражасига етиштиришдан иборатдир. Ушбу метод жараёнида чатиштириш ишлари ўтказилмайди.
_____________________________________________________
* ғўзада четдан чангланиш даражаси 3-8%, жўхори (сорго) да10% гача бўлиши мумкин; ** бу ўсимликлар ўз-ўзидан чангланиши ҳам мумкин.
Аналитик метод билан ғўзанинг янги навини 4-5 йилда яратиш мумкин (1-схема).
Синтетик селекция ўз навбатида туричи (навлараро ва географик узоқ формаларни дурагайлаш) ва турлараро (генетик жиҳатдан узоқ ёки ҳар-хил
бўлган формаларни дурагайлаш) дурагайлаш методларига бўлинади. Синтетик селекциянинг навлараро дурагайлаш услубида селекция ишларининг схемаси 8-10 йил (2-схема), тур ичидаги ёввойи формалар билан дурагайлашда 10-12 йил (3-схема) ва ёввойи турлар билан турлараро дурагайлашда эса 12-15 йил ва ундан кўпроқ вақт талаб этилади.
Ҳозирги вақтда Ўзбекистон ғўза селекциясида асосан тур ичидаги географик узоқ формаларни дурагайлаш ва кейинчалик изчил равишда
қайта-қайта якка танлаш ҳамда уларни авлоди бўйича синаш усули қўлланилади (3-схема). Бунда чатиштириш ишларидан сўнг селекция материаллари турли кўчатзорларда ўрганилади, баҳоланади ва селек-ционер мақсадларига мувофиқ энг яхши дурагай ўсимликлар ва оилалар танланиб кўпайтирилади.
Ушбу усулда селекция ишларини олиб бориш учун қуйидаги кўчат-зорлар ташкил этилади:
Барча кўчатзорларда ўсимликларнинг ўсиши, ривожланиши, ҳосили, ка-саллик ва зараркунандаларга чалиниши, ноқулай шароитлар таъсири, тола-сининг технологик сифат белгилари ўрганилади. Янги навларга агротехник тадбирларининг таъсири, ҳосилни машинада теришга мослиги ва бошқа-ларни ўрганиш учун махсус тажрибалар ўтказилади. Қайд қилиш лозимки, янги навларнинг вилт (оқ палак) касаллигига чидамлилиги муҳим аҳамиятга эга бўлганлиги сабабли селекция жараёни тупроғи вилт билан зарарланган (инфекцион) кўчатзорларда олиб борилади ва янги навлар кўрсаткичлари бўйича андоза (мазкур туманда кенг майдонларда туман-лаштирилган) нав билан қиёсланади.
Бошланғич материал ва ота-она кўчатзорларида асосан ғўза намуналари ҳар томонлама ўрганилиб, улардан ота-она формалари танлан-гач дурагайлаш схемаси бўйича керакли миқдордаги чатиштириш ишлари бажарилади. Биринчи авлод дурагайлари кўчатзорида ҳар битта дурагай уруғдан ўсимлик олишни таъминлаш зарур. Бу кўчатзорда бошланғич формаларнинг комбинацион қобилиятини ўрганиш имконияти мавжуд. Тола чиқиши ва узунлиги, ҳамда бир кўсакдаги пахта вазнини аниқлаш учун намунавий теримлар олиниб, заиф ривожланган, касалланган ўсимликлар, ҳамда талабга жавоб бермайдиган комбинациялар чиқитга чиқарилади. Миқдор ва сифат белгилари бўйича F1 авлодида танлаш ишлари олиб борилмайди.
Иккинчи ва учинчи авлод дурагайлари кўчатзорларида ўсимликлар асосан морфобиологик, миқдор ва сифат белгилари бўйича ўсув даври мобайнида 3 марта ўтказиладиган дала кўриклари натижасида олинган далил ва кузатувлар асосида таҳлил қилиниб танлаш ишлари амалга оширилади. Бунда қайд қилиш керакки, F2 кўчатзорида имкон қадар кўпроқ ўсимлик сонини таъминлаш ва чиқитга чиқариш ишлари кескин бўлмаслиги зарур. Чунки ғўзанинг кўпгина қимматли-хўжалик белгилари рецессив генлар назоратида бўлиб, уларнинг потенциал кўрсаткичлари тўртинчи ва бешинчи авлодларда юзага чиқади. Вилт касаллигига чидамлилик бўйича танлаш ишлари бажарилади. Таҳлил қилингач, яхши дурагай комбинация оилалари кейинги йилга-селекция кўчатзорларига ўтказилади. Инобатга олиш керакки, тур ичида ёки турлараро дурагай-лашда дурагай ўсимликларнинг биологик кўчатзорларда ўрганилиш вақти анча чўзилиши мумкин ва селекцион материали текисланиш меъёрига боғлиқ ҳолда селекция кўчатзорларида тайёрланади.
Биринчи ва иккинчи йилги селекция кўчатзорларида танлаш ишлари намунавий якка танловлар ҳамда оилавий танлаш орқали амалга оширилиб, белгиланган комбинация оилалари меъёрига етказилади ва кўпайтирилади. Кейинги селекция ишлари асосан яратилган линияларни керакли белги-хусусиятлари бўйича меъёрига етказиш, уларнинг уруғлигини кўпайтириш ва селекцион ташкилотнинг ўзида кичик ва катта нав синаш ишларидан иборат. Ушбу синовларда ўзининг устунлигини кўрсатган янги навларнинг софлиги қишлоқ хўжалик экинлари навларини синаш Давлат комиссиясида текширилиб кейинги уч йил мобайнида республикамизнинг турли ҳудудларида жойлашган Давлат нав синаш тармоқларида текширилади. Янги нав Давлат нав синовига қабул қилиниши билан бир вақтда унинг уруғлиги янги навларни дастлабки кўпайтириш билан шуғулланадиган элита уруғчилик хўжаликларида кўпайтирилади ва уруғчилик ишлари олиб борилади. Давлат нав синовига топширилгандан то туманлаштирилиб ва ундан чиқарилгунга қадар навлар муаллиф назоратида бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |