XX.8. Уруғчилик
Қишлоқ хўжалиги экин навларининг ҳосилдорлиги ва самараси юқори сифатли, сара уруғ билан экилгандагина тўлиқ намоён бўлади. Шундай уруғларни тайёрлаш ва энг яхши навларни ишлаб чиқаришга жорий қилиш билан уруғчилик соҳаси шуғулланади. Селекция каби уруғчиликнинг ҳам назарий асоси генетика бўлиб ундаги ирсият ва ўзгарувчанлик қонуниятлари уруғчилик ишларининг заминини ташкил қилади.
Уруғчилик – қишлоқ хўжалигининг маҳсус тармоғи бўлиб, унинг мақсади навдорлиги, биологик ва ҳосилдорлик сифатлари сақланган ҳолдаги нав уруғлигини керакли миқдорда оммавий кўпайтиришдан иборат.
Уруғчилик ўзаро боғлиқ бўлган иккита вазифани бажаради. Улардан биринчиси - ишлаб чиқаришга жорий қилинаётган янги навларнинг юқори сифатли навдор уруғлигини талабга мос ҳолда оммавий кўпайтириш. Лекин оммавий кўпайтириш ва узоқ вақт етиштириш жараёнида нав заифлашиб унинг ҳосилдорлик сифати пасайиши мумкин. Шунинг учун уруғчиликнинг иккинчи вазифаси туманлаштирилган экин навлари уруғлигининг навдорлигини ва ҳосилдорлик сифатини сақлашдан иборат. Мазкур вазифаларга мувофиқ равишда уруғчилик ишларида иккита асосий бўлган нав алмашиш ва нав янгилаш жараёнлари амалга оширилади.
Нав алмашиш – бу маълум минтақалар ишлаб чиқаришидаги эски навларни янги, районлаштирилган, ҳосилдорлиги ва маҳсулот сифати эски навларга нисбатан юқори бўлган навлар билан алмаштириш.
Нав алмашиш қишлоқ хўжалик экинларнинг ҳосилдорлиги ва сифатини юксалтиришнинг самарали воситасидир. Бу жараённинг асосий шартлари уни жадал суръатларда ўтказиш ва навларни оқилона жойлаштиришдир.
Нав янгилаш – навдорлиги ва биологик сифатлари заифлашган уруғларни мазкур навга хос бўлган навдор ва сифатли уруғлар билан алмаштириш.
Ишлаб чиқаришда кўпайтириш учун селекция - уруғчилик муассаса-ларида етиштириладиган бошланғич уруғлик - элита уруғлари дейилади. Мазкур навнинг энг яхши элита уруғлари навнинг ҳосилдорлик хоссаларини, юқори бўлган нав тозалиги ва ўхшашлиги, касаллик ва зараркунандаларга чидамлилиги, экишга тайёргарлик сифати каби белгиларни тўлиғича мужассамлаган энг яхши танланган ўсимликларнинг авлодларидан тайёрланади. Элита уруғларининг кейинги авлоди репродукция дейилади. Элитадан олинган биринчи йил уруғлари - биринчи репродукция (R1), ўз навбатида биринчи репродукциядан олинган уруғ - иккинчи репродукция (R2), ва шу тартибда учинчи (R3),, тўртинчи (R4), ва ҳоказо репродукциялар уруғлиги дейилади. Нав янгилашда ишлаб чиқаришда фойдаланилаётган бешинчи, олтинчи ва ундан паст репродукция уруғларини элита ва биринчи репродукция уруғлари билан алмаштирилади.
Уруғ сифати ҳақида тушунча. Навдор уруғлик юқори сифатга эга бўлгандагина ўзининг афзалликларини намоён эта олади. Уруғнинг экиш ва навдорлик сифатлари ажратилади.
Уруғнинг экиш сифатларига унинг тозалиги (ифлосланиш даражаси), униб чиқиш қуввати, унувчанлиги, намлиги, 1000 дона уруғ вазни, ҳамда касаллик ва зараркунандаларга чалинганлик даражаси каби белгилар киради.
Уруғ навдорлиги дейилганда унинг нав тозалиги ва бир хиллилиги тушунилади. Нав тозалиги юқори бўлган уруғларда навнинг барча хусусият ва белгилари тўлиқ ирсийланади. Юқори сифатли навдор уруғлик юқори нав тозалиги билан бир қаторда юқори даражали экиш сифатларига ҳам эга бўлиши керак. Масалан, ҳар қандай экин элита уруғларининг нав тозалиги 100 % (бошқа нав ёки шакллар уруғларининг аралашмаси 0,2 фоиздан ошмаслиги лозим), 1000 дона уруғ вазни юқори, касаллик ва зараркунандаларга чалинмаган, унувчанлиги 85 - 95% дан кам бўлмаган ва ифлосланмаган бўлиши лозим.
Экин ҳосилдорлиги ва маҳсулот сифати юқори бўлишида юқори сифатли уруғликнинг аҳамияти ўғитлаш ва ерга ишлов бериш каби муҳим агротадбирлар аҳамиятидан қолишмайди.
Уруғ сифатини белгиловчи кўрсаткичлардан мумкин бўлган фарқ-ланиш меъёрлари Давлат стандартларида белгиланган. Бунда уруғлар турли қийматдаги сифат гуруҳларига, яъни унувчанлик бўйича синфларга, навдорлик сифатлари бўйича категорияларга бўлинган. Масалан, арпа уруғлари экиш сифатлари бўйича камида қуйидаги кўрсаткичларга эга бўлиши керак: 1-синф - тозалиги 99%, унувчанлиги 95%; 2-синф - 98,5% ва 92%; 3-синф – 97% ва 90% мувофиқ равишда; навдорлик бўйича эса: I категория-нав тозалиги – 99,5%, II категория – 98%, III категория – 95%. Экиш сифатлари бўйича Давлат стандарти (1, 2, 3-синфлар) талабларига жавоб берувчи уруғ – кондицион уруғлик дейилади. Яна бир мисол, ғўза уруғлари унувчанлик кўрсаткичлари (камида): 1-синф унувчанлиги – 95%, 2-синф – 90%, 3-синф – 85%; нав тозалиги бўйича (камида): элита уруғлари – 100%, Р1 – 99%, Р2 – 98%, Р3 – 96%. Ушбу асосий кўрсаткичлардан ташқари Давлат стандартларида яна бир қатор белгилар бўйича талаб меъёрлари белгиланган. Масалан, ғўза уруғлигига унувчанлик ва навдор-лиги белгиларидан ташқари намлиги 8 – 10%, чигитдаги тола қолдиғи 0,4 – 0,8%, шикастланган чигит миқдори 5 – 7% дан ошмаслиги лозим.
Навдор уруғлик сифати пасайишининг сабаблари. Амалиёт тажрибаси кўрсатадики, узоқ вақт ишлаб чиқаришда етиштирилган ва уруғчилик меъёрлари бузилганда навларнинг сифати пасайиб, ҳосилдор-лиги камаяди. Бу ҳол уруғликнинг механик ифлосланиши билан ташқи муҳит таъсирида ажралиш ва мутацион ўзгаришлар натижасида содир бўладиган биологик ўзгаришлар билан белгиланади. Нав заифлашишининг сабаблари қуйидагилардан иборат:
а) Механик ифлосланиш. Бу энг хавфли ва асосий сабаблардан бири бўлиб, бунда бошқа нав (навли) ва бошқа экин (турли) уруғлари экиш, терим, транспортировка ва сақлаш пайтида аралашиб кетади;
б) Биологик ифлосланиш. Бу ҳол навларни муфассал муҳофаза қилиш меъёрлари сақланмаганда экилган нав бошқа нав ва шакллар билан чангланиш натижасида вужудга келади. Бу нарса четдан чангланувчи экинлар учун жуда хавфли, лекин ўз-ўзини чанглантирувчи экинлар ҳам маълум миқдорда четдан чангланиб биологик ифлосланиши мумкин. Четдан чангланиш натижасида кейинги йил экинларида хўжалик ва биологик белгилар бўйича фарқ қилувчи кўп миқдордаги дурагай ўсимликлар пайдо бўлади;
в) Ажралиш ва мутацияларнинг пайдо бўлиши. Дурагайлашдан келиб чиққан навлар кўпайтирилганда ажралиш ёки ҳар қандай нав популяцияларида мутация натижасида янги шакллар пайдо бўлиши мумкин. Бунинг ҳаммаси нав популяциясида ўхшаш бўлмаган ва бегона шаклдаги ўсимликлар миқдори кўпайишига олиб келади;
г) Уруғликка экилган далаларда касаллик ва зараркунандаларга чалинган ўсимликлар миқдорининг аста секин кўпайиб бориши.
Уруғнинг ҳосилдорлигига уни ўстириш шароитлари, яъни агрофон кучли таъсир қилади. Юқори агрофон тушунчаси сифатли, навдор уруғликнинг юқори ҳосилини таъминловчи ўсимликларнинг ўсиш ва ривожланиши учун агротехник тадбирлар мажмуаси ёрдамида оптимал шароитларнинг яратилишидан иборат. Уруғчилик экин майдонлари учун алоҳида агротехника ишлаб чиқилиши лозим, негаки ҳар доим ҳам, маълум бир экин маҳсулоти учун экилган далалардаги агротехника уруғликка экилган дала учун тўғри келавермайди. Агрофон қанчалик юқори бўлса шунчалик сифат ҳам яхши бўлади. Шунинг учун уруғликка экилган далалардаги ўсимликларни юқори экиш ва физикавий сифатларни таъминлаб берувчи юқори агрофонда етиштириш лозим.
Уруғлик сифатини пасайтирувчи сабабларни ишлаб чиқариш шароитида тўлиғича йўқ қилиш деярли мумкин эмас. Унинг секин ёки тез суръатларда кечиши деҳқончилик маданиятига ва уруғчилик ишларининг сифатига боғлиқдир.
Қишлоқ хўжалигида ҳар бир экин гуруҳлари бўйича хусусий уруғ-чилик тизими ишлаб чиқилган бўлиб, такомиллаштириш ишлари олиб борилади. Масалан, донли, дон – дуккакли, полиз, йигирилувчи, яъни тола берувчи ва бошқа экинлар бўйича алоҳида, ўзига хос бўлган хусусий уруғчилик тизими асосида уруғлик етиштирилади ва тегишли хўжаликлар кондицион уруғлик билан таъминланади.
Мамлакатимиз иқтисодиётида алоҳида аҳамиятга эга бўлган ғўза уруғчилиги вазифаларини амалга оширишда уруғчилик ишлари қуйидаги тизимда олиб борилади:
а) Янги навлар Давлат нав синаш тизимининг грунтконтроль (ўсим-ликларнинг бирхиллилигини текшириш) ва 1 – йил, 2 – йил ва 3 – йил синовларида текширилади, ҳамда шу вақтнинг ўзида навни меъёрига етказиш ва уруғлигини кўпайтириш мақсадида махсус ихтисослашган дастлабки элита хўжаликларида уруғчилик ишлари олиб борилади;
б) Мамлакатимизнинг турли тупроқ – иқлим шароитларида жойлашган Давлат нав синаш шаҳобчаларида янги навлар ҳар томонлама ўрганилиб умумқабул қилинган стандарт навлар билан атрофлича таққосланади. Афзалликларини намоён қилган янги навлар тегишли минтақаларга туманлаштирилади, яъни Ўзбекистон ҳудудида экишга тавсия этиладиган “Қишлоқ хўжалиги экинлари реестри”га киритилгач, белгиланган минтақаларга кенг жорий этилади.
Туманлаштирилган ғўза навларининг уруғлиги эса, ўз навбатида, қуйидаги тизимда етиштирилади:
В) Элита ва биринчи репродукция (R1) уруғлиги нав туманлашти-рилган вилоят, туманларда мавжуд бўлган фермер хўжаликлари таркиби-даги махсус элита уруғчилик ҳўжаликларида етиштирилади;
Г) Иккинчи (R2) ва учинчи (R3) репродукциялар уруғлиги уруғчилик хўжаликларида етиштирилади. Ўзбекистон пахтачилигида қабул қилинган нав янгилашнинг беш йиллик схемасига асосан тўртинчи (R4) репродукция уруғлари ишлаб чиқаришда экилмайди.
Ғўза уруғчилиги тизимида бирламчи уруғчилик, яъни элита уруғлигини етиштириш ишларининг аҳамияти жуда катта. Бунда ўзига хос услуб, етиштириш ва навларни янгилаш схемалари ишлаб чиқилган.
Ўзбекистон халқ хўжалиги жаҳон бозор иқтисодиётига интеграция-лашиш мураккаб жараёнида уруғчилик тизимини такомиллаштирилишига қаратилган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 25 ноябрида чиқарган қарори қабул қилинди. Қарорда – селекция, уруғчилик, навларни янгилаш, тола сифати юқори бўлган янги тезпишар ғўза навларини жорий этиш ва уларни мамлакатнинг турли тупроқ-иқлим шароитларида оқилона жойлаштириш соҳасидаги ишларни ҳар томонлама такомиллаштириш ва жадаллаштириш устувор давлат вазифаси ҳисоблансин деб кўрсатилган. Ушбу қарор барча қишлоқ хўжалик экинлар уруғчилигини янги поғонага кўтариб жаҳон миқёсидаги меъёр – талабларга мос равишда амалга оширилиши учун кучли заминдир.
Шундай қилиб:
. селекциянинг генетик асосларини ўрганиш ўсимлик, ҳайвон ва микроорганизмлар селекциясининг амалий усулларига, яъни танлаш ва чатиштиришларнинг турли анъанавий методларининг аҳамиятини тушунишга илмий асос яратиб беради;
. генетика селекцияда янги формаларни яратиш суръатларини жадаллаштирувчи тубдан янги бўлган методларни ишлаб чиқади;
. ўсимлик ва ҳайвонларда гетерозис ҳодисасидан амалиётда фойдаланиш учун линиялараро дурагайларни яратиш;
. четдан чангланувчи (маккажўхори, жўхори) ва ўз-ўзини чангла-тувчи (буғдой) экинларининг линиялараро дурагай уруғларини олиш учун йўл очиб берган цитоплазматик эркаклик пуштсизлиги ҳодисасидан фойдаланиш;
.селекция генетик метод ва қонуниятлар ҳамда олинган натижаларнинг амалиётда тўлиқ тадбиқ қилинадиган майдонидир;
. охирги пайтларда ривожланаётган ген ва ҳужайра инженерияси, биотехнология яқин орада селекциянинг генетик асосларини янги кашфиётлар билан бойитиш борасида бўлиб, уларнинг асосий моҳияти селекция учун бошланғич материални яратиш муддатларини қисқартириш,
ҳамда ген ва хромосомалардаги ўзгаришларни йўналтиришдан иборат бўлади;
1. ҳайвонларнинг ҳар хил турлари орасида генларни кўчириш (трансгеноз) ишларида биринчи ижобий натижалар мавжуд;
2. ўсимликлардаги қимматли хўжалик оқсилларни белгилайдиган генларни турлар ва туркумлараро кўчиришлар амалга оширилмоқда. In vitro плазмидалари таркибидаги генларни йўналтирилган ўзгартириш соҳасидаги тадқиқотлар билан катта умид боғланмоқда. Бу метод асосидаги оқсилли инженерия ишлари жараёнида ўзгартирилиши мумкин бўлган маълум генлар билан белгиланган ферментларни керак бўлган йўналишда ривожлантириш мумкин;
3. қимматли моддалар, масалан, женьшень алкалоидларини ишлаб чиқариш учун юқори ўсимликлар ҳужайравий массасини кўпайтириш усуллари кенг тарқалмоқда. Юқори ўсимликлар ҳужайра селекцияси методлари ишлаб чиқилмоқда. Катта эътиборни ҳозирча сирли бўлган ўсимликлар сомаклонал ўзгарувчанлик ҳодисаси ўзига тортмоқда. Бунда, ўсимликлар соматик ҳужайралардан регенерация ёрдамида кўпайганда юқори даражадаги ирсий ўзгарувчанлик юзага келади. Ушбу методлар яқин орада селекцияни бойитиши шубҳасиздир. Бунда доим ёдда тутиш керакки, селекция, ўсимликшунослик, чорвачиликдаги муваффақият-ларнинг асосий манбаи эволюция жараёни механизмларини билишдадир. Фақат шундагина одамзот томонидан яратилган янги нав ва зотлар кўп сонли табиий душманларига бардош бера оладилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |