Вояга етмаганлар ҳамда ёшлар жиноятчилигининг олдини олиш чоралари ва субъектлар
Вояга етмаганлар ўртасидаги ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларнинг олдини олишнинг криминологик муаммоларини ўрганиш вояга етмаганлар ижтимоий категориясининг мазмуни, унинг шаклланиши, ривожланиши ва жамиятдаги ўрни, вояга етмаганларнинг идеаллари, қадриятлари, мўлжаллари ва фаол ҳаётий позициясининг шаклланишига таъсир кўрсатувчи ижтимоий омиллар, ёш хусусиятлари ва ҳоказоларни таҳлил қилиш билан боғлиқ айрим умумий методологик қоидаларни кўриб чиқишни тақозо этади.
Криминологияда жиноятларнинг олдини олиш деганда жиноят ва бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этилишига имконият яратувчи сабаблар ва омилларни бартараф этиш ёки уларни нейтраллаштиришга қаратилган давлат ва жамият чора-тадбирлари мажмуини тушуниш одат тусини олган.
Шулардан келиб чиқиб, вояга етмаганлар ва ёшлар жиноятларнинг олдини олиш деганда улар томонидн содир этилаётган жиноят ва бошқа ҳуқуқбузарликлар имконият яратувчи сабаблар ва омилларни бартараф этиш ёки уларни нейтраллаштиришга қаратилган давлат ва жамият чора-тадбирлари мажмуидир.
Вояга етмаганлар ва ёшлар жиноятларнинг олдини олиш умумий, махсус ва якка тартибдаги чоралари мавжуд.
Умумий профилактика чоралари асосан беқарор оилаларнинг салбий таъсирини нейтраллаштириш, муҳтож ўсмирларга давлат ва жамоат ёрдамини кўрсатиш (васийлик ва ҳомийлик ўрнатиш, меҳрибонлик уйи, мактаб-интернатга юбориш, ўқишга ёки ишга жойлаштириш), вояга етмаганларга таълим-тарбия бериш билан шуғулланувчи муассасалар фаолиятидаги камчиликларни бартараф этиш, ўсмирларнинг дам олишини оқилона ташкил этиш, вояга етмаганлар қонун ҳужжатларига риоя этиши устидан назорат олиб бориш ва ҳоказоларни назарда тутади.
Якка тартибдаги олдини олиш – ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган вояга етмаганлар ва оилаларни ўз вақтида аниқлаш, шунингдек уларни ижтимоий-педагогик реабилитация қилиш ҳамда вояга етмаганларнинг ҳуқуқбузарликлар ёки бошқа ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар содир этишининг олдини олишга доир фаолиятдир.
Вояга етмаганлар жиноий хулқ-атворининг этнологиясини ўрганиш ҳозирги шароитда вояга етмаганлар жиноятчилигига қарши курашда жиноятлар профилактикаси асосий ўринни эгаллаши лозимлигини кўрсатади.
Вояга етмаганлар жиноятчилигини профилактика қилиш – бу хулқ-атвори ахлоқий ва ҳуқуқий нормалар чегарасидан четга чиқаётган, лекин ҳали жиноий тус олмаган вояга етмаганлар шахсини ахлоқан тузатиш ва қайта тарбиялаш борасидаги махсус фаолиятдир.
Бу ерда ғайриижтимоий хулқ-атворнинг уч тури (ахлоққа зид, ғайриҳуқуқий ва жиноий хулқ-атвор)дан дастлабки иккитаси профилактика объекти сифатида амал қилади. Шундай қилиб, профилактика ўз мазмунига кўра барча вояга етмаганларга қаратилган умумий тарбиявий чоралар билан жиноят содир этган шахсларга нисбатан қўлланиладиган жиноят-ҳуқуқий чоралар ўртасида оралиқ бўғин ҳисобланади.
Вояга етмаганлар жиноятчилигининг олдини олиш билан боғлиқ барча чоралар унинг бош вазифасини амалга ошириш – бошланган шахс бузилишини тўхтатишга, унинг айрим салбий хусусиятларига барҳам беришга, шунингдек микромуҳит криминоген омилларининг таъсирига чек қўйишга қаратилиши лозим. Профилактика чора-тадбирлари тарбияси оғир ўсмирлар ғайриижтимоий хулқ-атворнинг янада хавфлироқ шаклларига ўтишини тўхтатишлари, улар келажакда тўғри йўлга кириб, фаол ҳаётий позицияни эгаллашларини таъминлаши лозим.
Ўтказилган тадқиқотлар аксарият вояга етмаган жиноятчилар шахсининг шаклланиши йўлидаги биринчи босқич шахс тарбиясининг оғирлиги ҳисобланишини кўрсатади. Криминологик жиҳатдан бу тушунча ғайриижтимоий шахснинг ахлоқсиз шахс ҳамда қисман ҳуқуқбузар шахси каби типларига мос келади.
Тарбияси оғир ўсмир – бу ахлоқан тузатиш ва қайта тарбиялашга муҳтож бўлган вояга етмаган шахс. Уни ахлоқан тузатиш ва тарбиялаш мазкур шахс жиноятчига айланишининг олдини олиш, шунингдек унинг жамият билан нормал алоқаларини тиклаш, унда фаол ҳаётий позицияни шакллантириш мақсадида амалга оширилади.
Ҳар бир вояга етмаган тарбияси оғир шахснинг хулқ-атвори ўзига хосдир; у ўсмир шахси шаклланишининг объектив ва субъектив омиллари билан белгиланади. Бу тарбия ва профилактика ишларида индивидуал ёндашув етакчилик қилиши лозимлигини англатади.
Афсуски, амалда тарбияси оғир ўсмирларга нисбатан асосан оғзаки таъсир кўрсатиш воситалари (танбеҳ, ҳайфсан ва ш.к.) қўлланилади.
Тарбияси оғир ўсмирга жуда тўғри, хайрихоҳ муносабатда бўлиш, унинг потенциал имкониятларига ишонч билдириш муҳимдир.
Бунда субъектлаар фаолияти муҳим бўлиб, мактаб болалар ва ўсмирлар ҳаёти ва хулқ-атвори учун масъул педагогик марказга айланиши лозим.
Агар жиноятларни профилактика қилишнинг ихтисослашмаган субъектлари зарарли таъсир манбаларини бартараф этишга қаратилган тарбия ва профилактика чораларини ўз вақтида кўрмасалар, тарбияси оғир ўсмир педагогик ва ижтимоий беқарорликнинг навбатдаги босқичига ўтишига сабабчи бўладилар. Бу босқич ўсмирнинг оиладаги, мактабдаги, ишдаги муносабатлари янада ёмонлашуви, у ижтимоий жиҳатдан ижобий муҳитдан узоқлашиши билан тавсифланади.
Оиладаги назоратсизлик, ўқув ёки меҳнат жамоаси таъсиридан четда қолиш ўсмирда масъулиятсизлик ва бошбошдоқлик туйғусини мустаҳкамлайди.
Дастлабки ҳуқуқбузарликларнинг жазосизлиги қонун талабларига беписандлик, атрофдагилар фикри билан ҳисоблашмаслик одатини ривожлантиради.
Агар жиноий хулқ-атвор генезисининг биринчи босқичида жиноятларни профилатика қилишининг ихтисослашган субъектлари (вояга етмаганлар билан ишловчи комиссиялар, махсус мактаблар ва ҳ.к.) тегишли чораларни кўрмасалар, бу ўсмирнинг ғайриижтимоий мойилликларини янада чуқурлаштиради.
Жиддий камчилик шундан иборатки, вояга етмаганлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва жамоат ташкилотларининг профилактик таъсири доирасига асосан ҳуқуқбузарликлар содир этганларидан кейин тушадилар.
Ўсмирларнинг ғайриижтимоий мойилликларини дастлабки босқичда профилактика қилиш чораларини қўллашга нисбатан юзаки ёндашиш ҳоллари мавжудлигини ҳам қайд этиб ўтиш лозим. Масалан, вояга етмаганлар билан ишлаш инспекциялари ва комиссиялар асосан тарбияси оғир ўсмирларнинг ўзига таъсир ўтказади. Уларнинг беқарор ота-оналарига нисбатан эса, нари борса маъмурий чоралар кўриш билан кифояланади. Ваҳоланки, бу чоралар ўз ҳолича ўсмирнинг микромуҳитини соғломлаштира олмайди. Кўпинча бу ўсмир билан ўтказилган тарбия ишларининг барча натижаларини чиппакка чиқаради.
Бу соҳада қонунийликка риоя этилиши устидан прокурор назорати чоралари ҳам муҳим аҳамиятга эга. Назоратни ташкил этишга нисбатан юзаки ёндашув шунга олиб келмоқдаки, айрим қарорлар бажарилмаяпти ёки ўз вақтида ва тўлиқ бажарилмаяпти. Ўзбекистон Республикасининг “Прокуратура тўғрисида”ги қонуни прокуратура органлари зиммасига ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг жиноятчиликка ва бошқа ҳуқуқбузарликларга, шу жумладан вояга етмаганлар жиноятчилиги ва ҳуқуқбузарлигига қарши кураш фаолиятини мувофиқлаштириш вазифасини юклайди. Бу профилактика ишининг барча иштирокчилари куч-ғайратини бирлаштиришни назарда тутади ва айни вақтда прокурорларнинг назорат функцияларини бажариш мажбуриятини соқит этади. Прокуратуранинг вазифаси – жиноятларнинг олдини олиш, вояга етмаганларни тарбиялаш учун масъул ходимлар ўзларига юкланган қонуний ваколатларни қандай амалга ошираётгани устидан назоратни кучайтириш.
Вояга етмаганлар билан ишловчи комиссиялар шуғулланадиган муҳим масала – вояга етмаганларни ишга жойлаштириш масаласи ҳам эътибордан четда қолмаслиги керак.
Маъруза доирасида биз вояга етмаганлар жиноятчилигининг энг муҳим масалаларинигина ёритишга ҳаракат қилдик. Бироқ юқорида айтилганларнинг ўзидан кўриниб турибдики, профилактика фаолиятини янада такомиллаштириш – ҳуқуқий жамият ривожланаётган шароитда вояга етмаганлар жиноятчилигига қарши курашнинг самарадорлигини оширишнинг муҳим воситасидир.
Do'stlaringiz bilan baham: |