Физиологик эҳтиёж меъёрлари ва овқат статуси биомаркерлари. Оддий шароитда яшовчи катта ёшли соғлом одам учун С витаминига бўлган кунлик эҳтиёж қувват сарфланишига боғлиқ ҳолда 70 ... 100 мг бўлиши ва индивидуал ҳолда рациондаги 1000 ккал. га 25 мг ҳисобланиши мумкин. Ҳомиладорлик, болани она сути билан боқиш даврида, совуқ иқлим шароитида яшаганда, шунингдек, яшаш муҳитининг ноқулай шарт-шароитлари туфайли келиб чиққан қўшимча бегона юкламада (экология омили) ва зарарли одатларда, масалан, чекишда (ҳатти-ҳаракат омили) аскорбат кислотанинг қўшимча миқдори талаб қилинади. Чекишда С витаминига бўлган қўшимча эҳтиёж физиологик меъёрнинг 50 ... 100 % ини ташкил этиши мумкин.
Организм аскорбат кислота билан таъминланганлигининг биомаркерлари витаминнинг қон ва пешобдаги концентрацияси ҳисобланади. Ҳар куни пешоб билан 20 ... 30 мг аскорбат кислота ажратилиши, бунда унинг қон зардобидаги концентрацияси 17 мкмоль/л. дан кам бўлмаслиги лозим. Пешобдаги аскорбат кислотани рангли визуал калориметрия услуби – тайёрланган пешоб намунасини Тильманс реактиви билан синаш ёрдамида аниқланади.
Шунингдек, организмнинг С витамини билан таъминланганлигининг ташқи кўринишларини ифодаловчи кўплаб баҳоловчи намуналар: жгут намунаси, узиш, Нестеров намунаси мавжуд. Уларнинг моҳияти теридаги майда томирларнинг дозаланган ташқи таъсирга нисбатан чидамлилик даражасини аниқлашга қаратилгандир. Тери капиллярлари резистентлигини баҳолашнинг исталган усулини таҳлил қилиш организмнинг нафақат С витамини, балки синергик таъсир қилувчи биофлавоноидлар билан таъминланганлигини ифодалашга имкон беради.
Етишмаслиги ва ортиқчалигининг намоён бўлиши. Овқатда С витаминининг тўлиқ бўлмаслиги С авитаминози – цинга (скорбут) ривожланишига олиб келади. Бу ҳолат кўплаб асрлар муқаддам тасвирланган (ривожланган давлатларда камдан-кам учрайди) бўлиб, фақат ҳайвон маҳсулотлари ва донларга қайта ишлов берилгандаги маҳсулотларнинг ўзигина билан овқатланиб, рациондан бошқа ҳар қандай ўсимлик озуқалари чиқариб ташланганда, масалан, узоқ саёҳат қилганда (ўрта асрларда) ёки фақат биргина овқатдан иборат парҳез тутганда учрайди. Даволанмаганда (ҳар куни аскорбат кислотаси қабул қилинмаганда) цинга ўлимга олиб боради. Цинганинг касаллик белгилари: кучдан қолиш, теридаги (жуда сезиларли) ва бўшлиқларда (қорин ва плевра бўшлиқларида, бўғинларда)ги қон қуйилишлари ва қон кетишлари (бурундан, оғиздан), сочлар ва тишлар тўқилиб кетиши, бўғинлар оғриши ва шишишидан иборатдир.
Цингани профилактика қилиш учун ҳар куни камида 10 мг аскорбат кислотаси қабул қилиш лозим. Бу миқдор, мавжудлиги инсонни текшириш ва сўров ўтказилганда ҳамда С витамини билан алиментар таъминланганликнинг биомаркерларини баҳолаш ёрдамида аниқланган гиповитаминоз ҳолатларини бартараф этиш учун етарли эмас.
Тиш тозалаганда милкларнинг қонаши аскорбат кислотаси ва биофлавоноидларнинг танқислигидан далолатдир. Бунда ушбу касаллик белгисига туртки берадиган бошқа эҳтимолий сабаблар, тиш чўткаси нотўғри танланганлиги (юмшоқ ўрнига қаттиқ) эҳтимолларини бартараф этишга тўғри келади.
Кўрик пайтида гиповитаминознинг касаллик белгилари қуйидагича бўлади: милклар бўртган ва шишган (баъзан, кўкимтир тус олади), юз себореяси, думбалар, болдирлар, бўксалар, қўлнинг букиладиган сатҳида фолликуляр гиперкератоз (“товуқ териси”) кузатилади (соч фолликулалари чуқурчалари ҳудудида эпителийнинг тезкор шохланиши юз беради ва тери сатҳи узра ғуддачалар ҳосил бўлади). Фолликуляр гиперкератоз соч фолликулалари капиллярларининг ўтказувчанлиги бузилишининг натижаси ҳисобланади ва яққол ифодаланган ҳолатларда унча катта бўлмаган нуқтасимон қон қуйилишлари (геморрагиялар) ҳамроҳлик қиладики, улар ғуддачаларга кўкимтир-қўнғир тус беради. Бунда соч фолликулалари атрофидаги эпителий енгил қирилади ва унинг остидан унча катта бўлмаган қизил рангдаги папулалар кўринади.
Биомаркерларнинг қуйидаги кўрсаткичлари С гиповитаминозининг белгилари ҳисобланади: аскорбат кислотанинг қон зардобида камида 17 мкмоль/л бўлиши; кундалик пешобда 20 мг. дан кам бўлиши (10 мг.дан кам бўлиши – чуқур танқисликдир).
С гипервитаминози тасвирланмаган. Бунда аскорбат кислотани қўшимча қабул қилиш, миқдори жиҳатидан физиологик эҳтиёждан кўплаб марта (физиологик эҳтиёжнинг 10 та меъёридан кўпроқ) бўлса, қуйидаги белгилар ва ёндош самаралар ривожланишига олиб келади: аллергик реакциялар; инсуляр аппарат функциясининг бузилиши; оксалатурия, “одатдаги” ажралмалар даражаси шаклланиши билан боғлиқ метаболик бузилишлар. Сўнгги муаммо С витамининг катта дозаларини қабул қилиш бекор қилинганидан сўнг яна 10 ... 14 кун ўтгач, аскорбат кислотанинг пешоб билан катта миқдорда ажралиши мунтазам давом этиши билан боғлиқ бўлиб, клиник жиҳатдан тескари цинга (rebouhd scurvy) сифатида таърифланади. Бу ҳолатда витаминнинг пешоб билан катта йўқотилиши оқибатида С витамини чуқур танқислигининг клиник манзараси жуда тез шаклланиши мумкин.
Соғлом одамда озиқ-овқат маҳсулотлари ҳисобига С витамини миқдори ошиб кетиши мумкин эмас.
Do'stlaringiz bilan baham: |