Лаборатория ташҳиси. Аралаш инфекцияга ташҳис қўйиш учун қонда гепатит В ва гепатит Д маркерларини топиш зарур (HBs Ag ва анти-НВс IgM, анти-НД IgM). Дельта-вирус антигени ИФА ва РИА усуллари ёрдамида аниқланади. Анти-дельта IgM ни топиш муҳим диагностик аҳамиятга эга. Иммунологик текширишлар билан бир қаторда биокимёвий текширишлар ҳам олиб борилади.
Махсус профилактикасида гепатит В га қарши эмланади.
Гепатит С вируси
1989 йили АҚШ да Coog ва Японияда Arimoлар ўз ҳамкасблари билан бемор қон зардобидан гепатит С вирусини ажратиб олишга муваффақ бўлдилар. Бу вирус кўпгина хусусиятларига кўра Flaviviridae оиласига киритилган. Гепатит С вирусининг ўлчами 30–80 нм, қобиғи бор, геноми бир ипли мусбат РНК дан иборат фрагментланмаган 9500-10 000 нуклеотит тўтади РНК таркибида 8 ген топилган. Булардан 3 ген структура оқсилларини синтез қилади С-капсид оқсили(13кД), қобиқ оқсили (21,4 кД.) ва мембрана оқсили (15 кД). Қолган генлар структурага таалуқли бўлмаган оқсилларни синтез қилади улар асосан вирус репродукциясини бошқаришда қатнашади. Вирус геноми жуда ўзгарувчан
Гепатит С бошқа ўткир гепатитлар орасида 6–48,5% ни, Ўзбекистонда бу кўрсаткич 5,1% ни ташкил қилади.
Гепатит С вируси парентерал йўл, йўлдош ва жинсий алоқа орқали юқади. Яширин даври бир неча ҳафтадан 5 ойгача. Касалликнинг клиник белгилари гепатит В га ўхшаш. Ўткир гепатит С 50% дан кўпроқ ҳолларда сурункали шаклга ўтади, шундан 20% беморларда жигар циррози ривожланади. Бу вирус жигарнинг бирламчи раки пайдо бўлишида муҳим роль ўйнайди.
Гепатит С га ташҳис қўйишда касалликнинг клиник белгиларига, биокимёвий текширишларга ҳамда қон зардобида гепатит С вирусига қарши антителоларни ИФА ва РИА усулларда аниқлашга асосланилади. Ҳозир, касалликни яширин даврида қондаги вирус РНК сини ПЦР усули ёрдамида 5–6 соат ичида аниқлаш мумкин.
Даволашда, асосан, интерферон қўлланилади. Махсус давоси ва профилактикаси ишлаб чиқилмаган.
Гепатит Е вируси
Гепатит Е вируси кўпгина хусусиятлари билан гепатит А вирусига ва калицивирусларга ўхшаса-да, аммо бу оилага киритилмаган. Вируснинг ўлчами 32–34 нм, геном бир ипли мусбат РНК дан иборат.
Инфекция манбаи бемор; касаллик сув орқали тарқалади. HEV нинг юқиши фекал-орал йўл бўлиб, кўпинча 15–30 ёшдаги одамлар касалланади. Ҳомиладор аёлларда оғир кечади. Гепатит Е эпидемия шаклида тарқалиб, ҳар 7–8 йилда қайталаниб туради. Марказий Осиё давлатларида гепатит Е кўпроқ учрайди. 1997 йили Ўзбекистонда бўлиб ўтган гепатит эпидемияси HBV билан боғлиқ бўлган, деган маълумотлар бор.
Касалликнинг яширин даври 14–50 кун. Гепатит Е нинг клиник белгилари, асосан, гепатит А га ўхшайди, лекин касаллик аста-секин ривожланади.
Гепатит Е эпидемиялари вақтида бу касаллик билан оғриган ҳомиладор аёллар ўлими 10–40% гача бўлиши мумкин. Касалликнинг оғир кечиши ҳомилага кескин салбий таъсир қилади, бунда ҳар икки боладан бири ўлик туғилади. Касалликдан сўнг кучли, бутун умр давом этадиган иммунитет ҳосил бўлади. Гепатит Е га лаборатория ташҳиси қўйиш учун беморнинг қон зардобида гепатит Е га қарши антителолар аниқланади.
Касалликнинг бошланғич даврида бемор нажасини иммуноэлектронмикроскопия билан текшириб гепатит Е вирусини топиш мумкин.
Умумий профилактикаси гепатит А га ўхшаш, махсус профилактикаси ҳали ишлаб чиқилмаган.
Гепатит вируслари бир нечта турларга булинади: А, В, С, Д, Е, F, G ва бошқалар. Бу вируслар бир-бирлари билан тузилиши, юқиш йуллари, антигенлари ва бошқа хусусиятлари бўйича фаркланади. Шу фаркланишлари асосида ҳар хил оилага киради. Гепатит вируслари асосан жигар гепатоцит хужайраларида репродукцияланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |