Ташхиси. Анамнез, клиник белгилар ва лаборатор текшириш натижаларига асосланади. Гепатитни жигар циррози, гепатоз, холецистит ва холангитлардан фарқлаш лозим.
Ҳар қандай ҳолатда ҳам этиологик омиллар ҳисобга олинади. Жигар циррозида тана ҳарорати кўтарилмайди, жигарнинг консистенцияси қаттиқлашади, талоқ катталашади ва цистит ривожланиши мумкин.
Ўткир гепатит гепатоздан этиологик омилларига, касалликнинг кечиш даражасига ва тана ҳароратининг ўзгаришига кўра фарқланади. Сурункали гепатитни гепатоздан фарқлаш қийин. Ёғли гепатоз пайтида талоқ катталашмайди.
Даволаш. Касалликнинг сабаблари бартараф этилади. Жигарнинг яллиғланишига сабаб бўладиган юқумли ва паразитар касалликлар этиотроп усул ёрдамида даволанади. Сифатсиз озиқалар рациондан чиқариб ташланади, ёғли озиқалар бериш камайтиралади. Юқори сифатли ва витаминларга бой пичан, силос, сенаж, донлар ёрмасидан тайёрланган атала, илдизмевалилар, сабзи, картошка каби озиқалар тавсия этилади. Итларга қайнатилган гушт, балиқ, творог, картошкали ва сули бўтқаси, мевалар шарбатидан иборат диета тавсия этилади. Қандга бой озиқаларни берилиши чегараланади, чунки улар жигарда липогенезни кучайтириши мумкин.
Медикаментоз даволаш жигар хужайраларида модда алмашинувларини яхшиловчи воситаларни (гепатопротекторлар), яллиғланишга қарши ва иммуно-деприссив таъсирга эга бўлган препаратларни қўллашдан иборат бўлиши керак.
Гепатопротекторлар сифатида – Лив–52 (оғиз орқали: қорамолларга 10-12 таблетка, италар ва мушукларга – 1-2 таблеткадан бир кунда 3 марта), эссенциал (оғиз орқали: ит ва мушукларга – 1 таблеткадан кунига 3 марта), липоевая кислота (липомид) (оғиз орқали: ката ҳайвонларга – 0,5-0,7 мг/кг, чўчқа, қўй ва эчкиларга – 0,80,9 мг/кг, итларга – 1,0-1,5 мг/кг), карсил (оғиз орқали – 0,5 мг/кг бир кунда 3 марта) А, Е, С, К, В1, В6, В12 витаминлари, кокарбоксилаза кабилар талаб этилган дозаларда қўлланилади. Даволаш курси 15-30 кун.
Токаферол антиоксидант таъсирга эга бўлиб, жигарда ёғли дистрофия ривожланишининг олдини олади. Бу мақсадда антиоксидантлардан: дилудин ва сантохин препаратларидан 2,5 мг/кг дозада ишлатиш мумкин.
Аскорбин кислотаси таъсирида жигардаги ретикулогистиоцитар ҳужайра-ларнинг фагоцитоз қобилияти, викасол таъсирида эса жигарда синтезланадиган ва қоннинг ивиши учун зарур бўлган протромбин ва проконвертинлар миқдори ошади. Тиамин таъсирида сут ва пироузум кислоталаридан углеводлар синтезланиши ва глюкозанинг фруктозага ўтиши тезлашади ва қондаги қанд миқдори бошқарилади.
Пиридоксин жигарда аминокислоталарнинг декарбоксилланиш ва дезаминланиш жараёнларида қатнашади.
Цианкобаламиннинг оғиз орқали ёки мускул орасига юборилиши қон ишлаб чиқарилишини яхшилаш билан бир қаторда, жигарнинг детоксикацияловчи функциясини оширади. Витаминотерапия 15-30 кунга белгиланади.
Аммиакни нейтраллаш мақсадида 0,5-1 г/100 кг дозада глютамин кислотаси тавсия этилади. Сурункали гепатитни даволашда ўт ҳайдовчи дорилардан оксафенамид, аллахол, магний сульфат қўлланилади.
33. Отга.
Rp.: Sal. Carolini factitii 600,0
D.S. Оқиз орқали. 50 граммдан кунига 2 марта 6 кун давомида сув
билан ичириш учун.
34. Қўйга.
Rp.: Natrii sulfatis 30,0
M.f. pulvis
D.t.d.N 6
S. Оғиз орқали. Кунига 1 ўрамдан 2 марта 3 кун давомида.
35. Сигирга.
Rp.: Magnesii sulfatis 50,0
M.f. pulvis
D.t.d.N 12
S. Оғиз орқали. Кунига 1 ўрамдан 2 марта 6 кун давомида.
36. Итга.
Rp.: Carsili 0,5
D.t.d.N 24
S. Оғиз орқали. Кунига 1 таблеткадан 2 марта 12 кун давомида.
Do'stlaringiz bilan baham: |