Машғулотнинг мақсади: Талабаларга антибиотиклар ва сульфаниламид препаратларининг турлари, таъсир механизмлари ва қўллаш тўғрисида тушунча бериш. Рецептлар ёзиш ва амалда қўллаш, юқори самарали антибиотиклар тўғрисида куникмалар ҳосил қилиш.
Керакли асбоб-ускуна ва жихозлар: антибиотик ва сульфаниламид препаратларидан наъмуналар, антибиотикларни қўллаш бўйича жадваллар, стерил игна ва щприцлар.
Машғулотнинг бориши: Фармокотерапиядаги энг асосий ўринларни антибиотик ва сульфаниламидлар билан даволаш ташкил этади.
Нафас тизими касалликларини даволашда антибиотикотерапия асосий ўринда туради.
Антибиотиклар - деб баъзи замбуруғлар ва бактериялар ҳамда уларнинг маҳсулотларидан олинадиган биологик фаол моддаларга айтилади. Антибиотиклар бошқа химиявий препаратлардан фарқ қилиб, улар кам заҳарлиликка эга, кумулятив хусусияти йўқ ва таъсир доираси кенг бўлиб, грамм мусбат, грамм манфий микроорганизмларга таъсир кўрсатади ва даволаш жуда яхши натижа беради.
Антибиотикларнинг микроорганизмларга таъсир механизмлари турлича. Масалан, пенициллинлар микробларнинг энзим системаси фаолиятини сусайтириб, протоплазмада биоморфологик ўзгаришларни келтириб чиқаради. Тетрациклинлар эса нуклеин кислоталарнинг синтезини бузади.
Антибиотиклар оғиз орқали ва кўпинча эритмалар ҳолида парэнтерал йўллар билан организмга юборилади. Чунки, кўпчилик антибиотиклар ҳазм каналининг кислоталик муҳитида тез парчаланади, катта ёшдаги ковшавчилар ошқозон олди бўлимларидаги фойдали микрофлораларга ҳам ўлдирувчи таъсир этиши мумкин.
Антибиотикларни қўллашда қуйидагиларга эътибор берилади:
1. Лаборатория шароитида микробларнинг антибиотикларга сезувчанликлари аниқланади.
2. Даволашни мумкин қадар эртароқ бошлаш ва барвақт тўхтатиб қўймаслик керак, акс ҳолда рецедив кузатилиши мумкин.
3. Дорининг миқдори касал ҳайвоннинг тана вазнини ҳисобга олган ҳолда аниқланади. Масалан, пенициллин кичик дозада ҳар бир кг тана вазни учун 2-5 минг ТБ, ўртача дозада 6-10, юқори дозада 11-20 минг ТБ да тавсия этилади.
4. Бир сутка давомидаги инъекциялар сони эритувчининг турига қараб белгиланади. Агар антибиотик дистилланган сувда эритилса, суткасига 8-10 мартагача (ҳар икки соатда), 0,5%ли новокаин эритмасида эритилса - ҳар 4 соатда, бир фоизли новокаинда ҳар 10-12 соатда, 2% ли новокаинда эритилса - 24 соатда бир марта инъекция қилинади.
5. Антибиотикотерапия курси касалликнинг ўткир ва ярим ўткир тарзда кечишида ўртача 3 – 5 кун, сурункали кечишида - 7 кундан кам бўлмаслиги лозим (бициллинлар бундан мустасно), антибиотиклар узоқ муддат қўлланилганда эса кандидамикоз ва дисбактериоз келиб чиқиши мумкин.
6. Оғир ҳолларда бир неча антибиотиклар биргаликда қўлланилади. Бунда синергизм ва антогонизм эътиборга олинади.
7. Антибиотикларни мураккаб эритмалар таркибига қўшишда уларнинг қайси модда ёки эритма билан мос келиши ёки мос келмаслиги эътиборга олинади.
Этиотроп даволашнинг асосини антибиотикотерапия ташкил этиб, антибиотиклар даволовчи дозада, касаллик оғир кечганда эса максимал дозада тавсия этилиши керак.
Антибиотикларнинг қондаги терапевтик концентрациясини бир хил даражада сақлаб туриш мақсадида секинлик билан сўриладиган антибиотиклар ҳам тавсия этилади. Антибиотиклар ва бошқа антибактериал препаратларни танлашда микроорганизмларнинг уларга нисбатан сезувчанлиги, ёки уларнинг даволашдаги самарадорлиги эътиборга олинади. Пенициллинлар қаторига мансуб антибиотикларга нисбатан микрорганизмларнинг сезувчанлиги пасайганлиги туфайли бугунги кунда яхши самара бермаяпди. Шунинг учун пенциллин ва стрептoмицин гуруҳларига мансуб антибиoтикларни юқори дозаларда (15000-20000 ТБ/кг) ва биргаликда қўллаш яxши самара бериши мумкин. Секин сўриладиган ва ўзоқ таъсирга эга бўлган антибиотиклар сифатида бициллин 1, 3, 5 ёки бимоксил қўлланилади. Пневмонияларни, шу жумладан бронхопневмонияни даволашда ярим синтетик антибиотиклардан ампициллин, амоксациллин, оксациллин, ампиокс ва бошқалар яхши самара беради (И.П. Кондрахин, В.И. Левченко, 2005).
Гентамицин, канамицин, неомицин, мономицин каби аминогликозидлар гуруҳига мансуб антибиотикларнинг пневмонияларни даволашдаги самарадорлиги унчалик юқори эмас. Тетрациклинларнинг самарадорлиги эса юқори бўлиб, уларнинг бошқа антибиотикларга чидамли ҳисобланган хужайра ичидаги қўзғатувчилар ва граммусбат бактерияларга ҳам таъсир этши аниқланган. Шунинг учун уларни заҳирада сақлаб туриш ва бошқа антибиотикларнинг самараси бўлмаганда қўллаш лозим.
Тетрациклин гидрохлорид ҳайвонларга 5-7 кун давомида ўртача 15-20 мг/кг дозада мускул орасига кунига 2 марта инъекция қилинади.
Макролидлар гуруҳига мансуб антибиотиклардан тилозин, фрадизин, доксициллин ва бошқалар тавсия этилади. Тилозин – 50 (1 мл.да 50 мг тилозин сақлайди) 3-5 кун давомида кунига 1 марта 4-10 мг.кг дозада мускул орасига инъекция қилинади.
Do'stlaringiz bilan baham: |