108
Овқат ҳазм қилиш аъзолари пушт танасининг вентрал қисмида бошланади.
Бу ерда эндодерма бирламчи ичак найчасини ҳосил қилади. У иккиламчи тана
бўшлиғидан иборат жуфт целомик қопчалар кўринишидаги мезодерманинг қорин
бўлимлари билан ўралган. Ичак найчаси овқат ҳазм қилиш ва нафас олиш
аъзоларини ривожланиши учун асос бўлиб хизмат қилади. Ички аъзолар 4 та най
кўринишида бўлади: овқат ҳазм қилиш найи бутун тана бўйлаб ўтиб, 2 та
тешикка эга бўлади- кириш (оғиз) ва чиқиш (анус); нафас олиш найи битта кириш
тешигига (бурун), сийдик ва жинсий найлар тананинг пастки (орқа) қисмида
чиқиш тешикларига (эркакларда сийдик чиқариш канали, аёлларда сийдик
чиқариш канали ва бачадон) эга бўлади. Овқат ҳазм қилиш найчасидан пайдо
бўлган аъзолар тананинг барча бўшлиқларида – кўкрак, қорин ва тосда
жойлашади.
Овқат ҳазм қилиш найининг бўлимлари ўзининг турли қисмларини
ўсишдаги нотекислик туфайли шакллари мураккаблашади.
Ҳомила ривожланишининг 2-ойи охирида қизилўнгач, меъда ва ичаклар
ажралиб кўринади, меъдаости бези ва жигар шаклланиши бошланиши ўсимталар
кўринишида пайдо бўлади. Кейинчалик секретор аппарат шаклланади.
Шиллиқ парда овқат ҳазм қилиш аъзоларининг ички қисмини қоплайди,
бокалсимон ҳужайралар шилимшиқ ажратади. Эпителиал ҳужайралар мажмуидан
найсимон, альвеоляр ва аралаш овқат ҳазм қилиш безлари ҳосил қилинади.
Организмда ширалар ҳосил бўлиши бошланади. Овқат ҳазм қилиш канали
боланинг она қорнида ривожланиш давридаёқ фаолият кўрсата бошлайди.
Янги туғилган болаларнинг меъдаси думалоқ шаклга, бир ёшга келиб
чўзинчоқ шаклга, 7-11 ёшга келиб катталарникига хос шаклга эга бўлади.
Меъданинг ҳажми онтогенезда ўзгаради: янги туғилган болада 30-35 мл, бир ёшда
250-300 мл, катталарда -1,5-2 л бўлади.
Найсимон безлардан шира чиқариш йулларнинг сони янги туғилган болада
тахминан 200 мингта, 3 ойликда 700 минг, бир ёшда 1 млн ва катталарда 1,3 млн
та бўлади, яъни меъда безларининг сони ёш катталашган сари ортади.
Меъда ширасининг кислоталилиги бола 10 ёшга тўлгунга кадар аста-секин
ортиб боради ва бу ҳол иккала жинсга мансуб болаларда параллел равишда содир
бўлиб, кейинчалик эркакларда анча юқори бўлади. Бундай фарқ 40 ёшга қадар
сақланади ва сўнгра кислоталилик тенглашади.
Ингичка ичакнинг нисбий узунлиги бола она сутини эмадиган ёшида энг
катта бўлиб, тана узунлигидан тахминан 6 марта кўп, катталарда эса ингичка
ичак танага нисбатан 5 марта узундир. Йўғон ичакнинг узунлиги янги туғилган
болада ва катталарда тахминан тана узунлигига мос булади. Ичак бўшлиги 21
ёшга қадар катталашиб боради. Кўричак кичик тосга одатда фақатгина пубертат
даврида тушади.
Do'stlaringiz bilan baham: