11.2. Турбиналарнинг айланиш давртезлигини ростлаш.
Электр системада давртезликни ростлаш учун генераторнинг тармоққа узатаётган қувватини ўзгартириш керак бўлади. Ўрналган иш ҳолатида генераторлар қуввати ва унинг ўзгариши шу генераторларни ҳаракатга келтирувчи турбиналарнинг қувватига боғлиқ. 8.1,а - расмда тезлиги ростланмайдиган турбинанинг тавсифи тасвирланган. Унинг қуввати ўзгармас (Рт1=const) бўлиб, тавсифи вертикал ўққа параллел тўғри чизиқдан иборат. Рюз< Рю1< Рю2 юкламаларга мос келувчи 3,1,2 эгри чизиқлар - юкламанинг давртезлик бўйича статик тавсифи дейилади. Бу тавсифдан кўриниб турибдики, системада Рю1 юклама бўлганда унинг ҳолати турбина ва 1 юклама тавсифларининг кесишган нуқтаси билан аниқланади, бунда частота ўзининг номинал қийматига тенг. Системада юкламанинг қиймати ўзгарса, частота номинал қийматидан фарқ қилувчи янги қийматга эга бўлади, яъни системада юкламанинг ошиши частотанинг камайишига олиб келади ва аксинча юкламанинг камайиши частотанинг ошишига олиб келади. Агар турбинада тезликни автоматик ростлагич (ТАР) бўлса, у турбинага келувчи буғ ёки сувнинг ҳажмини юкламага боғлиқ ҳолда ўзгартиради. Турбина тезлигини ростлагичлар системада частотани бир хил тутиб туришга ёрдам беради, шунинг учун ҳам уларни бирламчи частота ростлагичлар дейилади. Бу ростлагичлар таъсири остида частотанинг ўзгариши эса бирламчи частота ростлаш дейилади.
Турбинанинг тезликни ростлагичлари астатик ёки статик тавсифга эга бўлиши мумкин (8.1,б,в- расмлар). Юклама ўзгартирилганда тезликни ростлагич таъсири остида номинал частота ўрнатилади, ёки шунга яқинроқ бўлган янги частота ўрнатилиши мумкин.
Биринчи ҳолда, яъни юклама ўзгартирилиб, ўтиш жараёни тугагач ростлагич номинал частотани тикласа, бу ростлаш астатик ростлаш дейилади (8.1,б- расм ).Агар, юклама ўзгартирилиб, ўтиш жараёни тугагандан кейин номинал частотадан фарқ қилувчи янги частота ўрнатилса, бундай ростлаш статик ростлаш дейилади (8.1,в-расм).
8.1- расм. Турбина тезлигини ростлагичлар тавсифлари:
а - ростланмайдиган турбина; б - астатик тавсиф; в - статик тавсиф; г - частотани иккиламчи ростлаш.
Мавжуд тезликни ростлагичлар статик тавсифга эга. Тезликни ростлагичларда астатик тавсифга эришиш амалда жуда мушкулдир.
Астатик ростлаш учун, яъни системадаги статик ростлашдан кейин частотани қўшимча ростлаш учун иккиламчи ростлаш қўлланилади.
Иккиламчи ростлаш жараёнида ўзгарувчан ток давртезлигига боғлиқ ҳолда турбина қуввати ўзгаради. Иккиламчи ростлаш частотани автоматик ростлагичлар ёрдамида ёки частотани назорат қилиб турувчи хизматчи ходимлар томонидан қўлда амалга оширилиши мумкин. Иккиламчи ростлаш натижасида турбинанинг статик тавсифи ўзига параллел ҳолда номинал частота тиклангунча силжийди (8.1,г- расм ) Натижада статик тавсифнинг янги ҳолатида система номинал частотака эга бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |