8 – маъруза .
Маъруза режаси
1. Электр тармоқнинг тўғри чизикли тенгламалари.
2. Электр тармоқнинг эгри чизиқли тенгламалари.
3. Электр тармоқнинг элементлари.
4.Тармоқнинг алмаштириш схемаси. Очиқ ва ёпиқ тармоқлар.
5. Электр тармоқнинг тугун кучланишлари тенгламалари.
6. Чизиқли тугун кучланишлари тенгламалари системасини оддий
ва Зейдел усуллари ёрдамида ҳисоблаш.
Таянч иборалар: алмаштириш схемаси; актив элемент; пассив элемент; очиқ тармоқ; ёпиқ тармоқ; турғун ҳолат; базис тугун; балансловчи тугун; тугун кучланишлари тенгламалари; итерация; оддий итерация; матрица; хусусий ўтказувчанлик; ўзаро ўтказувчанлик.
(Адабиётлар: 1, 2, 5, 6, 8).
Электр тармоқ ҳолатларини тугун тенгламалари асосида
ҳисоблаш
8.1. Электр тармоқ турғун ҳолатининг чизиқли ва эгри чизиқли
тенгламалари.
Электр системасини электр энергияни ишлаб чиқариши, узатиш ва тақсимлаш истеъмол қилувчи электр занжирлари сифатида қараш мумкин.
Алмаштириш схемаси (ёки схема) деб электр занжирларини ташкил этувчи қисмларнинг ўзаро туташиш кетма-кетлиги ва уларнинг хоссаларини ифодаловчи график тасвирига айтилади.
Очик тармоқларда ҳар бир тугун фақат бир томондан манбаланади. Ҳар қандай шахобча узилган ҳолатида у орқали қувват оқиб борувчи барча тугунлар манбадан узилади.
Камида битта контурга эга бўлган электр тармоғи ёпиқ тармоқ деб аталади. Ёпиқ электр тармоқда икки ёки ундан кўп томондан манбаланувчи камида битта тугун мавжуд бўлади.
Электр тармоқлар схемалари элементлари актив ва пассив элементларига бўлинади:
Алмаштириш схемаларининг пассив элементлари (қаршиликлар ва ўтказувчанликлар) электр токининг ўтиши учун йўл ҳосил қилади. Электр тармоқларининг пассив элементлари (шахобчалари) одатда бўйлама ва кўндаланг элементларга бўлинади.
Алмаштириш схемасининг актив элементи – бу ЭЮК ва ток ман-баларидир. Улар занжирнинг уланган нуқталарида кучланиш ва токнинг қийматларини бошқа элементларнинг параметрларига боғлиқ бўлмаган ҳолда аниқлайди.
Электр системаларнинг турғун ҳолатларини ҳисоблашда ЭЮК манбалари кам фойдаланилади. Улар асосан қисқа туташув токлари ва турғунликни ҳисоблашда кенг қўлланилади. Шу сабабли қуйида гап асосан ток манбалари ҳақида боради.
Шундай қилиб, юқорида кўриб ўтилган электр занжир пассив элементларининг асосий параметрлари бўлиб актив қаршилик r, индуктивлик L ва сиғим С ҳисобланади. Баён этишни осонлаштириш учун ўзаро индуктивликни ҳисобга олмаймиз. Занжир параметрлари ҳар доим у ёки бу даражада ток ва кучланишга боғликдир. қаршилик r токка боғлиқ равишда ўзгаради, чунки бунда ўтказгичнинг ҳарорати ўзгаради. Конденсатор сиғими кучланишга ва ғалтак индуктивлиги токка боғлиҳ ҳолда ўзгариши мумкин. Бироқ бу боғликликлар шунчалик даражада заифки уни ҳисобга олмаслик ва пассив элементлар параметрларини кучланиш ва токка боғликмас деб қараш мумкин. Бундай холатлаарда электр занжири элементларининг характеристикаларини (r қаршиликда кучланишни токка боғланишини, С сиғимли зарядни кучланишга боғланишини ва индуктивлиги L бўлган ғалтакда пайдо бўлувчи магнит оқимини токка боғланишини) туғри чизиқ кўринишда тасвирлаш мумкин. Занжирнинг бундай элементларини чизиқли деб юритилади. Чизиқли элементларда r,С, L доимий, яъни улар кучланиш ва токка боғлик эмас.
Кучланиш ва ток манбалари доимий (ўзгармас) бўлганда электр занжирларининг турғун ҳолати деб унинг шундай ҳолатига айтиладики, бунда ҳар кандай шохобчада ток ва ҳар қандай тугунда кучланиш узоқ давр мобайнида ўзгаришсиз қолади. Чизиқли пассив элементлар ва модули ҳамда фазаси ўзгармас ток манбаларига эга бўлган занжирларнинг турғун ҳолатлари чизиқли алгебрик тенгламалар – турғун ҳолатнинг чизиқли тенгламалари орқали ифодаланади. Бундай занжирлар чизиқли электр занжирлари деб аталади. Бу ҳолат электр системалари ҳолатларини барча тугунларда истемолчилар ва генераторларнинг модул ва фаза бўйича ўзгармас токлари берилганда ҳисоблашга мос келади.
Назарий электроникада камида битта эгри чизиқли пассив элементга (r, С ёки L) эга бўлган занжир эгри чизиқли занжир деб аталади.
Электр системаларининг турғун ҳолатларини ҳисоблашда пассив элементларнинг эгри чизиқлилиги одатда ҳисобга олинмайди. Шу билан бир қаторда электр системалари ҳолатларини ҳисоблашда ток манбаларининг характеристикалари ҳисобга олинади. Ток манбаларининг характеристикаларини эгри чизиқлилиги истемолчи ва генератор тугунларида доимий қувват ёки қувватнинг кучланишига боғликлигини ифодаловчи статик характеристикалар берилган холатига мос келади. Эгри чизиқли ток манбаларига эга бўлган электр системаларнинг алгебрик тенгламалар - турғун ҳолатининг эгри чизиқли тенгламалари орқали ифодаланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |