Пўлат Бекмуратович Усманов
П.Б. Усманов 1946 йил Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманида зиёли оиласида туғилган. П.Б. Усманов биология соҳасидаги йирик олим, биология фанлари доктори, профессор, ЎзР ФА Физиология ва биофизика институти директори, ҳужайра биофизикаси лабораториясининг мудири лавозимида ишлайди. П.Б. Усманов биофизика соҳасидаги турли хил ион каналлари ва нейрорецепторлар фаолиятига физиологик фаол бирикмалар, жумладан, янги нейротоксинларнинг таъсир қилиш механизмларини ўрганди. Натижада фанга номаълум бўлган аксонал, пресинаптик ва постсинаптик таъсирга эга янги токсинлар аниқланди ва токсикология бўйича жаҳон коллекцияси бойишига катта ҳисса қўшилди. Бу кашфиётлар нафақат токсикология, шу билан бирга биофизика, нейрофармакология ва нейрокимё фанларининг ҳам катта ютуғи ҳисобланади. Бугунги кунда П.Б. Усманов хориждаги йирик илмий марказлар билан ҳамкорликда табиий ва фармакологик бирикмалар асосида янги доривор воситалар ва экологик ҳавфсиз пестицидлар яратиш бўйича илмий тадқиқотлар олиб бормоқда. П.Б. Усманов биофизика соҳасида 130 дан ортиқ илмий мақола нашр эттирган ва 3 та патент соҳиби ҳисобланади. Унинг раҳбарлигида 8 та номзодлик диссертацияси, 3 та докторлик диссертацияси тайёрланган. П.Б. Усманов Ҳалқаро нейрокимё жамияти (Англия) координацион қўмитасининг Ўзбекистондаги вакили, Нью-Йорк академияси аъзоси ҳисобланади. П.Б. Усманов 2003 йилда «Шуҳрат» медали билан мукофотланган.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда олиб борилган биофизика соҳасидаги илмий тадқиқотларнинг асосий йўналишлари: биологик мембраналарнинг тузилиши ва функцияларини физик-кимёвий асосларини ўрганиш (Б.О.Тошмуҳамедов, З.У.Бекмухаметова, М.М.Рахимов, М.У.Тўйчибаев, Э.М.Махмудова), ионлар транспортининг молекуляр механизмлари ва ион каналлари хусусиятларини ўрганиш (О.В.Красильников, Р.З.Собиров, М.В.Замараева), қўзғалувчан мембраналарнинг ион каналлари ва нейрорецепторларини (П.Б.Усманов, Ж.Каликулов), биологик фаол моддаларнинг тузилиши ва таъсир қилиш механизмларини ўрганиш (Т.Ф.Арипов, У.З.Мирхўжаев, Б.Х.Салохутдинов, Б.Т.Ибрагимов) биоэнергетика ва боғловчи мембраналар функциясини ўрганиш (А.И.Гагельганс, М.Х.Гайнутдинов, М.И.Асраров), фотобиологик жараёнлар (Е.Е.Гуссаковский, И.Ғ.Ахмаджонов) ва ўсимлик мембраналари орқали ионлар ташилишини ўрганиш (А.Қ.Қосимов, К.С.Сафаров) кабилардан иборат бўлди.
Ҳужайра физиологияси ва нейрофизиология, биологик мембраналар орқали ионлар ташилишининг молекуляр механизмлари, ҳужайра фаолиятини бошқарилиши ва биологик фаол бирикмалар таъсир қилиш механизмлари каби соҳаларда тадқиқотларнинг ривожланишига ЎзР ФА ФБИ жамоаси томонидан катта ҳисса қўшилди. Институт ходимлари томонидан аксонал, пресинаптик ва постсинаптик таъсирга эга, турли хил ион каналларига ва рецепторларга таъсир қилувчи янги нейротоксинлар ажратиб олинди ва тузилиши ўрганилди.
Ушбу нейротоксинлар ёрдамида баъзи бир ион каналлари ва нейрорецептор типларининг структураси, функцияси ва бошқарилиш механизмлари ўрганилди.
Do'stlaringiz bilan baham: |