Масала математик ифодаланиб бўлгандан кейин уни ечиш усули танланиши керак. Бу усул изланаётган натижаларнинг бошланғич маълумотларга боғлиқлигини аниқлайди ва ҳисоблаш жараёнини ЭҲМ-да бажариладиган элементар арифметик ва мантиқий кетма-кетликларга ажратиш йўли амалга оширилади. Замонавий ҳисоблаш математикаси фан ва техникага доир турли масалаларни ечиш учун ишлатилиши мумкин бўлган кўплаб сонли математик усулларга ва алгоритмларга эга. Хар бир турдаги математик моделни ечиш учун турли хил усулларни қўллаш мумкинки, улар хилма хил шарт шароитларга боғлиқ равишда масала ечилишининг турли хилдаги самарадорлигини таъминлаб беради. Шунинг учун хам бундай усуллар ичидан масалани энг тез, аниқ ва кам вақт сарф қилган холда ечиб берадиган усулни танлаб олиш катта ахамиятга эга бўлади.
Бу босқичда асосан қуйидагиларга ахамият бериш мақсадга мувофиқ:
Масаланинг энг самарали усулда компьютерда ечилиши учун қандай турдаги усулларни қўллаган мақсадга мувофиқ;
Бу усуллар ичида қайси бири энг қулай ва бошқаларига қараганда тезроқ ечимни топишга имкон беради;
Танланган усул қандай турдаги бошланғич маълумотларни талаб қилади;
Усулнинг аниқлиги ва модел кўрсатгичларини хисоблаш тезлиги қўйилган талабларга жавоб берадими;
Сиздан олдин бирор бир кимса ушбу усулни ишлатганми ва у қандай натижаларга эришган.
Масалани ечишнинг алгоритмини ишлабчиқиш.
Ушбу босқичда амалга оширилиши лозим бўлган ҳисоблаш жараёнини етарлича тўла, аниқ ва бир маъноли тавсифлаш зарурати туғилади. Ушбу тавсиф ҳисоблашларни бажариш учун зарур бўлган формулаларни ўз ичига олиши, уларни қўллаш кетма-кетлигини, у ёки бу формула фойдаланиладиган шароитларни аниқлаши, шунингдек ҳисоблаш жараёнининг бир қисмидан бошқа қисмига ўтиш қоидаларини кўрсатиши керак. Машинага ҳисоблаш жараёнида пайдо бўлиши мумкин бўлган ҳолатлар ҳақида зарур кўрсатмалар ҳам берилиши керак. Ана шу барча ишлар масалани ечиш алгоритми билан амалга оширилади. Масалани ечиш алгоритмини излаш, ишлаб чиқиш ва тавсифлаш алгоритмлаш деб аталади. Масалани ечиш алгоритми компьютернинг имкониятларини, ечиш аниқлигини хамда масалани ечиш вақтини хисобга олган холда яратилиши мақсадга мувофиқдир. Алгоритмни яратишда оралиқ маълумотларни иложи борича камайтириш, ташқи қурилмалар билан алоқаларни камайтириш яхши натижаларга олиб келади. Кейинчалик тузиладиган дастурнинг самарадорлиги ва унумдорлиги масалани ечиш алгоритмининг қанчалик
пухта тузилганлигига боғлиқ бўлади. Масаланинг ечиш усули қандай танланганига боғлиқ равишда бир масаланинг бир неча ечилиш алгоритми мавжуд бўлиши мумкин.
Алгоритмлаш, яъни масаланинг алгоритмини тузиш жараёнида олдин тузиб қўйилган тайёр алгоритм бўлакларидан ёки қисмларидан фойдаланиш, модулли принциплардан фойдаланиш яхши натижаларга олиб келиши мумкин. Кўпинча алгоритмлар блок тасвирлар кўринишида ифодаланади, чунки бу иш уларни кейинчалик дастурлаштиришда анча енгилликлар туғдиради.
Шуни айтиш керакки, одатда мураккаб алгоритм учта асосий структура: чизиқли, тармоқланувчи ва циклик алгоритмлар комбинациясидан тузилади.
Алгоритмлаштириш жараёнида қуйидагиларни хисобга олиш мақсадга мувофиқ:
Алгоритм иложи борича оддий, содда ва кўпчилик учун тушунарли бўлиши керак;
Алгоритмнинг дастурлаш тилига кўчирилиши иложи борича осон бўлиши лозим, яъни алгоритмнинг маъносига тушунмайдиган дастурчилар хам уни дастурлаш тили операторлари орқали ифодалай олишлари керак;
Самарадор дастурлари мавжуд бўлган алгоритмларни кенг миқёсда қўллаш дастурлашда катта енгилликлар яратади;
Алгоритмнинг хар бўлагига ва асосий қисмларига сўзлар (комментарийлар) орқали тушунтиришлар бериб кетиш уни дастурлашда ва мохиятига тушунишда катта қулайлик яратади.