3.3.2. LTE/SAE тизими архитектурасининг асосий ташкил этувчилари
Юқорида такидлаб ўтилганидек, структура жиҳатдан LTE/SAE тизими архитектурасини олдинги авлод мобил алоқа тизимларидаги каби икки сатҳга бўлиш мумкин: радиоуланиш тармоғи - RAN ҳамда таянч тармоғи - CN.
LTE/SAE тизими архитектурасини соддалаштириш мақсадида ҳозирги кунда уни 3.3-расмда келтирилган каби вариантда қабул қилишган. Бу расмда LTE тизимининг асосий тармоқ тугунлари ва интерфейслари биргаликда келтирилган.
3.3-расм. LTE/SAE тизими архитектураси
3.3.2.1. E-UTRAN - такомиллаштирилган радиоуланиш тармоғи
LTE/SAE тизимида “такомиллаштирилган” E-UTRAN тармоғи номини олган радиоуланиш тармоғи «пастга» йўналишдаги уланиш, маълумотларни кодлаш, пакетларни йўналтириш ва қайта юбориш каби вазифаларга жавоб беради. E-UTRAN тармоғи “такомиллаштирилган B тугуни” яъни eNB номини олган ягона тугун даражасидан ташкил топган бўлиб, у абонент ускуналари (АУ) билан LTE-Ub интерфейси ёрдамида уланади. eNB тугуни ОТЎ (ISO/OSI) моделининг физик (РНY), муҳитга уланишни бошқариш (МАС), радиоканалларни бошқариш (RLC) ҳамда пакетли маълумотларни бошқариш (PDCP) даражаларини қўллаб қувватлайди. eNB тугуни радиоресурсларни бошқариш (RRC), уланишни бошқариш, тармоқни режалаштириш, «юқорига» йўналишда QoS нинг келишилган даражасини таъминлаб бериш, кенг қамровли статус хабарларни жўнатиш, абонент ва бошқарув сатхларида маълумотларни кодлаш/декодлаш, шунингдек, абонент сатхида «пастга» ва «юқорига» йўналишларда пакетлар сарлавҳаларини компрессия/декомпрессия қилиш каби функцияларни бажаради.
3.3.2.2. EPC- такомиллаштирилган пакетли таянч тармоғи
LTE/SAE тизимининг таянч тармоғи – EPC функционаллик жиҳатдан уч асосий таркибий қисмдан иборат:
Мобилликни бошқариш модули – MME (ингл. Mobility Management Entity)
Хизмат кўрсатиш шлюзи – S-GW (ингл. Serving Gateway). Айрим манбаларда S-GW шлюзи 3GPP Anchor (3GPP Лангар) деб ҳам юритилган.
Пакетли маълумотлар тармоғи шлюзи – PDN GW (ингл. Packet Data Network Gateway, қисқартирилганда P-GW). Шунингдек, адабиётларда ушбу шлюз SAE Anchor (SAE Лангар) кўринишида ҳам келиши мумкин.
ЕРС тармоғининг сўнгги икки ташкил этувчилари мобил алоқа таянч тармоқ архитектурасининг бутунлай янги элементлари ҳисобланиб, уларни пайдо бўлишининг асосий сабаби юқорида айтиб ўтилган абонентнинг турли типдаги тармоқлар орасида кўчиб юриши жараёнида мобилликни таъминлаш талабидир. S-GW ва P-GW шлюзларини ягона шлюз сифатида номланганда, IASA (ингл. Inter Access System Anchor) номи ишлатилади, агарда улар ягона тармоқ элементи сифтида ишлатилган бўлса, бундай элемент – уланиш шлюзи aGW (ингл. access GW) деб номланади.
EPC тармоғининг функционал элементларини қурилма жиҳатдан бирлашштириш ёки тармоқ бўйича тақсимлаш мумкин, бу эса қўлланиладиган қурилмалар ва тармоқнинг хусусиятларига боғлиқ. Масалан, MME ҳамда S-GW модуллари ўзаро аралаш бўлиши ёки тармоқнинг турли тугунларида жойлашган бўлиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |