Фазовий ажратиш режими
Умуман олганда, ажратиш принципи сигналнинг захираларини (нусхаларини) тақсимланган холда узатишга асосланган. Бундай захиралаш исталган вақт оралиғида, ёки исталган антенна орқали, ё исталган каналда, ё исталган қутбланиш асосида (буниси ҳозирча MIMO технологияларида қўлланилмайди) узатилиши мумкин.
Фазовий ажратишнинг икки тури мавжуд:
Tx-ажратиш (яъни узатиш бўйича ажратиш) да сигналнинг нусхаси бир неча антенналар бўйича узатилади (масалан, 2*1 схемаси);
Rx-ажратиш (яъни қабул қилиш бўйича ажратиш) да сигналнинг нусхаси бир неча антенналар томонидан қабул қилинади (масалан, 1*2 схемаси).
Биринчи турдаги ажратишни моно ва стерео товушлар билан таққослаш мумкин. Маълумки, инсон стерео режимидаги товуш тонини фарқлироқ қабул қила олади. Иккинчи турдаги ажратишни эса бир қулоққа қараганда икки қулоқ билан яхшироқ эшитиш холатига ўхшатиш мумкин.
Tx-ажратишнинг қўлланилиши учун STC кодлаш усулидан фойдаланилади (кўпроқ Аламоути кодлари ишлатилади). Бунда тўла фазовий ажратишга эришилади, тизим эса битта қабул қилувчи антенна билан ҳам ишлаши мумкин. Rx-ажратишдан фойдаланиш учун кўп сонли қабул қилиш антенналари (узатиш антенналаридан кўпроқ) ва мос демультиплекслаш алгоритмлари ишлатилади. Бундай алгоритмлар мисоли сифатида канал матрицаси - Н маълум бўлган холларда ажратиш туридан қатъий назар ишлай оладиган “максимал қийматлар” ва “сигналларни қўшиш” усулларини келтириш мумкин (3.26-расм).
3.26-расм. Фазовий Rx-ажратиш учун қабул қилиш алгоритмлари (бу ерда А ва В сигналлар бир хил)
Фазовий мультиплекслаш режими
Битта антеннадан ортиқ антенналар бўйича бир неча маълумотлар оқимини узатиш фазовий мультиплекслаш дейилади. Фазовий мультиплекслаш икки турга бўлинади. Уларнинг биринчи тури деб АҚШ нинг Bell корпорацияси лабораторияси ишлаб чиққан, V-BLAST (ингл. Vertical Bell Labaratories Layered Space-Time) номига эга, вертикал фазовий-вақтли ажратиш ҳисобланади. V-BLAST мультиплекслаш ишлатилганда кодланмаган фазовий маълумотлар оқими қабул қилгичдаги сигнални мувозанатлаштириш (эквалайзинг қилиш) заруратини ҳеч қандай ҳисобга олмаган холда узатилади (3.27-расм).
3.27-расм. V-BLAST асосидаги фазовий мультиплекслаш
Иккинчи тур мультиплекслашда фазовий-вақтли кодлаш - STC дан фойдаланилади. V-BLAST туридан фарқли равишда STC ли мультиплекслашда маълумотларнинг ортогонал (яъни ўзаро ҳалақитларсиз) оқимлари узатилади.
Маълумки, V-BLAST усули билан узатишда оқимларни бир-биридан ажратишда оқимлараро интерференция (ингл. Multi-Stream Interferences, MSI) вужудга келишини олдини олиб бўлмайди. Бу, ўз навбатида, узатишни нобарқарор қилади ва ҳатто хатоликларни тўғридан-тўғри тузатиш усули ишлатилсаҳам бу муаммо ҳар доимхам ечилавермайди. Сигнални STC билан декодлаш усули эса, оддий чизиқ боғлиқли ўзгартиришга асосланган бўлиб, яхши натижаларни беради. Шундай қилиб, фазовий мультиплекслашнинг афзаллиги бу канал сиғимининг фойдаланилган антенналар сони билан чизиқли боғлиқлиги туфайли алоқа канали сиғимини ошириш имкониятидадир.
Do'stlaringiz bilan baham: |