2.3. ТАЛАБАЛАР ОВҚАТЛАНИШИНИ ГИГИЕНИК БАҲОЛАШ
Ижтимоий-иқтисодий усулларга бюжетли ва балансли усуллар мансуб бўлиб, улар озиқ-овқат билан таъминлаш ва истеъмол қилиш давлат, вилоят, шаҳарлар миқёсида таҳлил қилинганда ва режалаштирилганда қўлланилади. Бюжетли усул озиқ-овқат сотиб олиш учун сарфланадиган пул маблағларининг аҳоли жон бошига ҳисобланишидан иборатдир. Балансли усул асосий озиқ-овқат маҳсулотларини уларнинг ўлчов бирликларида (килограмм, литр) аҳоли жон бошига ҳисобланишига имкон беради.
Текширишнинг ижтимоий-гигиеник усуллари индивидуал ва гуруҳли даражадаги муайян таҳлилий ишларда қўлланилади. Барча қўлланиладиган усуллар ўз афзалликлари ва камчиликларига эга ва чекланган ёки аралаш ҳолда қўлланилади.
Ташкиллаштирилган овқатланишни баҳолашнинг асосий усули статистик усул, яъни озиқ-овқат маҳсулотларининг кимёвий таркиби ва қувватий қиймати жадваллари асосида ишлаб чиқилган компьютер дастурларидан фойдаланган ҳолда овқатланишни ёйма-таомномалар асосида ўрганишдан иборатдир. Овқатланиш ташкиллаштирилган жамоалар (болалар мактабгача муассасалари, интернатлари, санаторийлар)даги ҳақиқий овқатланишни ўрганишда натижаларни индивидуаллаштириш учун ёйма-таомномалар (ойлик, мавсумий, йиллик), шунингдек, сўровнома (анкета)ларни таҳлил қилиш мақсадга мувофиқдир.
Режалаштирилувчи тадқиқотларнинг мақсади ва спецификасидан келиб чиққан ҳолда ҳақиқий овқатланишни ўрганиш учун сўровномалар тузиш (анкеталаштириш усули) билан шифокор шуғулланади. Сўровнома (анкета), одатда, паспорт маълумотларидан ташқари, яна овқатланиш тартиби ва шароитлари, касб-кор, фаолиятнинг асосий турлари, антропометрик маълумотларни ҳам қамраб олади.
Овқатланиш рационлари, алоҳида овқат танаввул қилиш ва таомларнинг ҳақиқий озуқавий қиймати ҳақида нисбатан аниқроқ маълумотлар олиш учун ёйма-таомномаларга статистик ишлов бериш билан бир қаторда таомларнинг лабораториявий текшируви ўтказилади.
Лабораториявий услуб ҳақиқий овқатланиш чуқур ўрганилганда қўлланилади. Бунда ҳар бир мавсумнинг 7 ... 10 куни давомида ҳар кунги суткалик рационнинг лаборатория текширувлари ўтказилади. Бу услуб тайёр овқатнинг кимёвий таркиби ва қувватий қийматининг бевосита таҳлилий аниқланишидан иборатдир.
Кўпинча лабораториявий усул ташкиллаштирилган овқатланиш статистик усул билан текширилганда назорат қилувчи сифатида қўлланилади. Лабораториявий кимёвий таҳлил озиқ-овқат маҳсулотлари кимёвий таркибининг табиий тебранишлари, уларни сақлаганда, совуқ ва иссиқ ишлов берилганда, шунингдек, таом тайёрлаш технологиялари бузилганда уларнинг озуқавий ва биологик қиймати пасайишига олиб келадиган ўзгаришлар, таомларнинг рецептураси (солиниш меъёри) бузилиши билан боғлиқ бўлган ўзгаришлар каби маълумотларни аниқлашга имкон беради. Бу эса ёйма-таомномалар бўйича ҳақиқий овқатланиш ҳисоб-китобларининг ноаниқликларини коррекциялашга имкон беради.
Ташкиллаштирилмаган танланмалар (масалан, талабалар гуруҳи)нинг ҳақиқий овқатланиши кўпинча ёзиб олиш ёки тасвирлаш усулларига анкеталаштиришнинг бир қатор усуллари киритилган ҳолда ўрганилади, зарур ҳолларда эса лаборатория текширувларидан фойдаланилади.
Ёзиб олиш усулидан фойдаланилганда, ҳар бир текширилувчи овқатланиш кундалигини тутади, унга барча истеъмол қилинган маҳсулотлар ва таомлар ҳақидаги маълумотларни бевосита ҳар бир таом танаввулидан сўнг ёзиб боради. Материалларни йиғиш муддати тугаганидан сўнг кундаликка шифокор томонидан компьютер дастурларидан фойдаланилган ҳолда малакали ишлов берилади.
Тасвирлаш усуллари текширилувчиларни фаол сўроққа тутувчи мутахассисларнинг иштирокини талаб этади. Шу билан бирга, ўтган сутка (24 соат) ичида истеъмол қилинган маҳсулотлар тўплами ёки ҳафта давомида фойдаланилувчи турли озиқ-овқат маҳсулотлари турлари ёддан қайта тиклаб, тасвирланади. Олинган маълумотларга ишлов берилади ва таҳлил қилинади. Тасвирлаш усуллари ТТА нинг ҳақиқий овқатланиш бўйича илмий-тадқиқот институтлари ва олий ўқув юртларининг дастурларида нисбатан кўпроқ қўлланилади.
24 соатли тасвирлаш усули аҳолининг ташкиллаштирилмаган ҳақиқий овқатланишини индивидуал, шунингдек, гуруҳли даражада ўрганишда фойдаланилади. Ушбу усулнинг афзаллиги шундаки, у нисбатан осон ва нархи баланд бўлмагани ҳолда, олинадиган натижаларнинг аниқлиги ва ишончлилиги билан ажралиб туради. Усулнинг моҳияти шундан иборатки, шифокорлар текширилувчилардан уларнинг сўнгги 24 соат ичидаги овқатланиши ҳақида сўровга тутишади ва олинган маълумотларни мос равишдаги хужжатлаштирадилар. Тасодифий танлаш усули билан олинган сўров куни байрам ёки фавқулодда ажралиб турувчи кунларга тўғри келмаслиги лозим. Бир марталик сўровга тутиш етарли ҳисобланади, агар нисбатан ўртачалаштирилган маълумотларни олиш керак бўлса, бир неча кунлик оралиқни (айтайлик, сешанба ва жумани) қамраб олувчи қайта сўров ўтказилиши ва таҳлил қилинувчи характеристикалар бўйича ўртача математик кўрсаткичлар ҳисобланиши мумкин.
Суткалик овқатланиш бўйича якуний маълумотлар йиғиб бўлинганидан сўнг, ҳар бир таомнинг нутриентли таркибининг компьютердаги ҳисоб-китоби амалга оширилади ёки сутка давомида ейилган маҳсулотларнинг ягона рўйхати тузилиб, унинг ҳисоб-китоби амалга оширилади. Сўнгги ҳолатда барча қайтарилувчи маҳсулотлар жамланади. Олинган ҳисоб-китоб натижаларини пазандалик ишлови берилган парчаланадиган бир қатор нутриентлар (С, В1, В2, В6, РР, А витаминлари ва в–каротин, шунингдек, ПТЁК)лар катталиклари бўйича қўшимча равишда коррекциялаш (агар бу компьютер дастури ёрдамида автомат равишда амалга оширилмаса) лозим бўлади.
Ҳақиқий овқатланишни танлаш усули режалаштирилувчи тадқиқотнинг мақсади ва вазифалари ҳамда ташкилий-молиявий имкониятларига таянган бўлиши керак. Бунда қуйидаги кўрсаткичлар таҳлил қилиниши керак:
1) овқатланишни тақдим этиш тури:
● ташкиллаштирилган (статистик, анкетали усуллар);
● ташкиллаштирилмаган (лабораториявий, ёзиб олиш ва тасвирлаш усуллари);
2) текширилувчилар сони:
● кичик танлов (лабораториявий, ёзиб олиш ва тасвирлаш усуллари);
● катта танлов (анкетали усул, тасвирлаш усуллари);
3) олинган натижаларнинг аниқлиги (камайиб бориш бўйича усуллар – лабораториявий, ёзиб олиш, тасвирлаш, анкетали усуллар);
4) ишни олиб бориш вақти (кўпайиб бориш бўйича усуллар – анкетали, тасвирлаш, лабораториявий, ёзиб олиш усуллари);
5) куч миқдори (ишга жалб этилган ходимлар) ва маблағ (нарх) миқдори:
● кичик захиралар (анкетали, ёзиб олиш, тасвирлаш усуллари – ишлатилувчи озиқ-овқат маҳсулотлари частотаси);
● катта захиралар (24 соатли тасвирлаш усули, лаборатория усули).
Do'stlaringiz bilan baham: |