Қувватий мувозанат. Қувватий мувозанат деганда овқат билан тушаётган қувват ва унинг оптимал гомеостазни ушлаб туриш жараёнидаги сарфланиши ўртасидаги мувозанатли ҳолатни тушуниш лозим. Қувватий мувозанатнинг намоён бўлишида болалардаги ўсиш ва ривожланишнинг кўрсаткичлари оптимал бўлса, катталарда – тана вазни муқим (стабил) бўлиши кузатилади.
Асосий қувват ташувчи нутриентлар – оқсиллар, ёғлар ва углеводлардир. 1 г оқсилнинг диссимиляциясида организм 4 ккал қувват тўплайди (1 ккал = 4,18 кЖ). 1 г углеводнинг диссимиляциясида эса 4 ккал қувват чиқади. Ёғлар нисбатан кўпроқ қувват потенциалига эга – 1 г ёғнинг парчаланиши 9 ккал қувват беради. Шунингдек, органик кислота (сирка, олма, сут, лимон) лар ҳам қувватга эга – 1 грамми 3 ккал атрофида қувват беради, алкоголь – 1 г этил спиртидан организм 7 ккал олади. Бунда органик кислоталар кундалик овқатланиш рационида кам миқдорда бўлганлиги туфайли қарийб амалий аҳамиятга эга эмас, алкоголга эса у физиологик жиҳатдан тўлиқ фойдаланилмаслиги туфайли қувватнинг овқатдаги манбаига ўхшаш сифатда қаралмайди (тўғри, унинг ҳаддан ортиқ суистеъмол қилиниши организмнинг қувват мувозанатини баҳолашда назарга олиниши керак).
Қувват мақсадида организм энг кўп углеводлар ва ёғлардан фойдаланади. Ушбу иккита макронутриентларнинг сезиларли танқислигида қувват манбаи сифатида овқат оқсили қисқа вақтга фойдаланилиши мумкин. Инсон организмида қувват асосан ёғ (турли тўпланмалар) ва оқсил (биринчи навбатда мушаклар массаси) сифатида захирада тўпланади. Инсонда углевод захиралари қарийб йўқ (унча кўп бўлмаган миқдордаги гликогенни истисно қилганда) – уларнинг бари тезкорлик билан метаболик жараёнларда парчаланиб кетади, ортиқчалари эса ёғга айланади.
Гигиена нуқтаи назаридан озиқ-овқат маҳсулотларининг ҳар хил турлари турлича характерланади. Овқатланишда макроэргик жараёнларнинг асосий тузилмавий ва регулятор таркибий қисмлари – таркибида алмаштирилмас аминокислоталар ва микронутриентлар салмоқли миқдорда бўладиган (шу жумладан, юқори қувватли) маҳсулотлардан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир. Бу ҳолда организмда физиологик жиҳатдан тўлақонли модда алмашинуви юз беради.
Маҳсулот таркибида организм учун қувват бермайдиган моддалар (сувлар, овқат толалари) қанчалик кўп бўлса, у шунчалик кам калорияли бўлади. Асосан ёғлар, моно- ва дисахаридлар (шу жумладан, “яширин” деб аталувчилар)дан ташкил топадиган маҳсулотлар, шунингдек, алкоголь ҳам юқори калорияли ҳисобланади ва организмда ёғлар синтезланиши ва тўпланишига (ёғ ва углевод алмашинуви бузилиши билан бирга), параллел равишда қувват алмашинувида иштирок этадиган танқис микронутриентлар сарфланиши ва ассимиляция учун жавобгар бўлган гормон механизмларининг зўриқишига олиб келади.
Do'stlaringiz bilan baham: |