Техника эстетикаси
Кўриб ўтганимиз – табиат эстетикаси бизни ҳозир аввалгига қараганда олисдан ўраб турган биологик муҳитнинг ҳаётимизни гўзаллаштиришдаги, умуман, эстетиклаштиришдаги аҳамиятини тадқиқ эса, уни инсонни “табиийлаштириш” воситаси сифатида олиб қараса, техника эстетикаси, аксинча, бугунги кунда бизга энг яқин бўлган ноосферани – техникавий муҳитни мунтазам “инсонийлаштириб” бориш муаммоларини ўрганади.
Инсон доимий равишда равнақ топиб борадиган мавжудот, узоқ давом этган инсоний тараққиётнинг маҳсули, яъни тош асридаги ва ҳозирги одам, гарчанд иккаласи ҳам одам деб атасакда, бир-биридан фарқ қилади. Замонавий одам ақлан, ахлоқан нисбатан юксак даражага кўтарилган, жисмонан эса – гўзаллашган. Техникани ана шу гўзаллашган инсон яратган. Шу ўринда имом Ғаззолийнинг инсон ва унинг ижодига нисбатан айтган: “Яратилган яратганига ўхшайди”, деган сўзларини яна бир бор эслайлик. Аллоҳ инсонни яратиб, уни ўзига ўхшашини истаса, инсон ҳам ўз ижоди маҳсулининг ўзига ўхшаш бўлишини хоҳлайди. Техника инсон ижодининг маҳсули сифатида инсон қанчалик нозик, қанчалик ақлли, қанчалик гўзал бўлса, шунга қараб ўзгариб боради.
Дизайннинг заруриятга айланиши на фақат замонавий илмий-техникавий равнаққа, балки оммавий ишлаб чиқариш ва оммавий маданият даражасининг юксаклигига ҳам боғлиқ. Бундай шароитда харидор ўзининг эркин танлов имконияти билан ишлаб чиқариш таклиф қилган маҳсулотни рад этиши ва ўз эҳтиёжига жавоб берадиган товарни юқори баҳолаши мумкин. Яъни, харидор ўз дидига мос нарсани танлайди; харид жараёни “борига барака ” тарзидаги таваккалчилик ҳолатига эмас, балки товарга фаол муносабат шаклига айланади. Ана шундай муносабатга лойиқ бўлиши учун товарнинг шакли муҳим аҳамиятга молик. Табиийки, биринчи навбатда гўзал ва улуғвор кўринишга эга нарсаларгина жамиятнинг эътиборини қозонади. Шунда товарнинг умуммезонга жавоб берадиган эстетик қадрият сифатида қабул қилиниши рўй беради ва у ишлаб чиқаришнинг харидорга, харидорнинг эса ишлаб чиқаришга эстетик таъсирини таъминлайди.
Меҳнат эстетикаси
Меҳнат ¬– инсоннинг ақлий ёки жисмоний кучи билан амалга ошириладиган мақсад фаолияти. У кундалик маънавий ва моддий жиҳатдан одамзот ҳаётини фаровонлаштириш, маънавий ҳамда моддий қадриятларни яратиш воситаси. Меҳнатда инсон айни пайтда ҳам ақлий ҳам жисмоний томондан тарбияланиб, маънавий юксалиб боради. Бироқ меҳнат оғир мажбуриятга айланган жойда унинг бу хусусиятлари йўқолади. Шу сабабли меҳнат ҳар жиҳатдан юксак самара бориши учун эркин бўлиши, меҳнат жараёни ижодий ва қизиқарли кечиши лозим. Зотан ўзига ёққан, эркин меҳнат турини бажараётган кишиларнинг “Бу ишни мен ўйнаб қилиб қўяман” қабилидаги гаплари, эркин меҳнатни ўйинга қиёслашлари бежиз эмас. Ўйин – санъатнинг асоси эканини назарда тутсак, бу билан ўз касбини, ишини севган одамлар уни ижод даражасига кўтаришга ҳаракат қилади. Зотан севмоқ – эркинлик, ижод эса эркинлик меваси. Меҳнат эркинлигини, унга эркин муносабатни шакллантириш ҳамма замонларда ҳам муҳим масала бўлиб келган. Оғир меҳнатни энгиллаштириш, эркинлаштириш мақсадида инсон қадимдан уни бадиийлаштиришга, эстетиклаштиришга интилган. Бунга ҳалқ оғзаки ижодидаги меҳнат турларига бағишланган қўшиқлар яхши мисолдир. Улар меҳнат жараёнининг қизиқарли, “ичдан” бўлмаса ҳам, унга “ташдан” гўзаллик, мусиқийлик, бадиийлик кўришига хизмат қилган.
Ҳозирги пайтда меҳнат жараёнининг ҳам “ичдан”, ҳам “ташдан” гўзал бўлишини таъминлашни уйғун тарзда амалга ошириш долзарб аҳамият касб этган. Бунда яна дизайннинг ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини таъкидлаш лозим.
Меҳнат эстетикасида дизайнга бўлган талаб кўпйқламалик табиатига эга. Унда фақат техникавий гўзаллик эмас, ботунисича технологик жараён ва ишлаб чиқариш жойи – макон гўзаллиги ҳам дизайн қонун-қоидаларига бўйсуниши: инсон – техника – макон тизимининг эстетиклашиши рўй беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |